Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:47

Аҳоли нима қилади?


Ўзбекистон 2007 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижга, жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилинадиган табиий газнинг ҳар минг куб метрини 100 АҚШ долларидан сотадиган бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” ширкати раҳбарияти ўзининг бу қароридан қўшни давлатлардаги ҳамкорларини, хусусан, “Қирғизгаз” акциядорлик жамиятини хабардор қилди.

Шундай қилиб, табиий газнинг ҳар минг куб метрини 55 доллардан сотиб олаётган қўшнилар янги йилдан бошлаб Ўзбекистонга газ учун қарийб икки баравар кўп ҳақ тўлайди.

Газ нархининг ошиши муносабати билан ўтин-кўмирнинг ҳисоб-китобини қилиб кўриш мантиқли кўринади.

Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш депутати, газ таъминоти бўйича тажрибали мутахассис Давронбек Собиров Қирғизистон бир йилда 700 миллион куб метр табиий газ ишлатишини билдирди.

“Газ нархининг оширилиши тўғрисидаги хабарни мутлақо кутилмаган гап, деб бўлмайди, лекин Қирғизистон ҳукумати бу масалани яна муҳокама қилиб, нархнинг бироз пасайтирилишига эришиши мумкин, чунки бунинг учун баъзи воситалар мавжуд”, - дер экан депутат сув ва электр энергияси ана ўша воситалар сирасига киришини қўшимча қилди.

Газ нархининг оширилиши тўғрисидаги хабар муносабати билан “Озодлик”нинг жойлардаги мухбирлари ўз юртдошларига микрофон тутди. Улар, албатта, газ нархининг ошишига қандай муносабат билдирасиз, деган бемаъни савол билан одамларнинг ғашини келтиришдан ўзини тийди. Қирғизистондаги мухбиримиз қишни одатда қандай чиқарасиз, уйни қандай иситасиз, деб сўради. Мана баъзи жавоблар:

- Уч фарзандим, ота-онам бор. Қишда учта хонани иситамиз. Биттасини газ билан, қолганини кўмир билан. Тўрт тонна кўмир кетади.

- Отам, онам, хотиним ва бир фарзандим бор. Тўртта хонани иситамиз. Асосан кўмир ишлатамиз. Ўтин-кўмирга тахминан 10 минг сом сарфлаймиз.

- Уч хонани иситамиз. Биттаси ўчоқбоши, иккинчиси ошхона, учинчиси ётоқхона. Табиий газ ёқамиз. Қиш ичи 4 – 5 минг сомлик газ ишлатамиз.

- Уйни, асосан, электр токи билан иситамиз. Камига тезак ёқамиз. Мол-қўйимиз бор. Шунинг учун тезак ўзимиздан.

- Исмоилжон Юнусовман. Оилада 6 кишимиз. 2 та хонада яшаймиз. Ошхонамиз ҳам бор. Асосан кўмир, тезак билан қиш чиқарамиз. 7 – 8 минг сом кетади.


Қирғизистонликларнинг уй иситиш учун қиладиган харажатлари ҳақида тўлиқроқ тасаввур бўлиши учун айни пайтда Қирғизистонда ўртача иш ҳақи, расмий маълумотларга кўра, 2827 сомга тенглигини айтиш жоиз. Бу пул тахминан 70 доллар бўлади.

Айни пайтда электр қувватининг 100 киловатти тахминан 15 доллар, кўмирнинг бир тоннаси 50 доллардан 120 долларгача, бир литр солярка ярим доллар, бир машина ўтин 75 доллардан 150 долларгача туради.

“Озодлик”нинг Душанбедаги мухбири ўтин-кўмирнинг нархи Тожикистонда ҳам деярли Қирғизистондагидай эканини билдирди.

У билан суҳбатда бўлган душанбеликлардан бири қиш ичи 4 тонна кўмир ёқишини маълум қилди. Агар бир тонна кўмир ўртача 85 доллар деб олинса, 4 тоннаси 340 доллар бўлади. Хуллас, Тожикистонда ҳам ўртача иш ҳақи шартли равишда Қирғизистондагидек деб ҳисобланса, унда аҳолининг топган пули ўтин-кўмирдан ортмаслиги маълум бўлади.

Қўшни давлатлар Ўзбекистондан олинадиган табиий газнинг ҳар минг куб метрига 55 доллар тўлаётган бир пайтда шундай манзара намоён бўлмоқда. Янги йилдан бошлаб газ 100 долларга чиқар бўлса, кўмирнинг ҳам, ўтиннинг ҳам, электр қувватию солярканинг ҳам нархи кескин кўтарилиб кетади.

Ана унда одамлар нима қилади?
XS
SM
MD
LG