Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:16

Ҳужжатлар кучга кирди, амалда қандай бўлади?


Ўтган шанба куни Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисидаги шартномаларга қўшилди ва бу ҳужжатлар кучга кирди.

Тошкентнинг айтилаётган шартномаларни қабул қилиши шу йилнинг бошида ҳамжамиятга қўшилганидан кейин бажариши керак бўлган мажбуриятларидан бири эди. Бундан бир неча ой аввал ташкилотнинг навбатдаги саммитига отланган Ўзбекистон раҳбари бу шартномаларга қўшилиш ниятида эмаслигига ишора қилгани боис, 14 октябрь кунги қарор кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни ошириш сари қўйган бу қадами ижобий эканини айтмоқда сиёсатшунослар.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ бўйича эски қўшнилари билан яқинлашуви ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий нуқтаи назардан ижобий қадам эканини эътироф этаркан, сўнгги йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, иккала шартнома амалда кучга эга бўлишига шубҳа билдирди.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилгандан бери Тошкентнинг Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ҳақидаги шартномаларни қабул қилишини оддий ўзбекистонликлар ҳам интиқлик билан кутаётган эди. Чунки шартнома унга қўшилган давлатлар фуқаролари ўзаро бемалол борди-келди қилишига имкон беради. Ҳар қалай бунга умидларни пайдо қилади.

Сиёсий таҳлилчи Шарофиддин Тўлаганов Тошкент ҳукуматининг мазкур икки келишувга қўшилиши ҳам Ўзбекистон, ҳам Евроосий иқтисодий ҳамжамиятининг бошқа аъзолари учун ижобий қадам бўлганини айтади.
У бу ҳужжатлар имзоланиши билан ўзбекистонликларнинг умидлари ушалишига шароитлар пайдо бўлганини таъкидлади.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин эса ўзбекистонликларнинг бу умидлари яқин келажакда ушалишига шубҳа билан қарайди. Унинг айтишича, ҳамжамият аъзоларининг бир-бири билан интеграциялашув жараёни учун муҳим бўлган ҳужжатларнинг Тошкент томонидан кучга киритилиши ижобий қадам, албатта. Бироқ, Ўзбекистон қонунчилигидаги мураккабликлар шароитида Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ҳақидаги шартномалар қандай амал қилиши савол остида қолади.

“Агар Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам нафақат ҳужжатни имзолаш, балки ўз қонунчилигини бу ҳужжатларга мувофиқ равишда, жумладан, қўшнилари билан божхона алмашинувига алоқадор қонунларини ўзгартиришни ният қилган бўлса, шубҳасиз, бу ҳужжатлар умумминтақавий вазият учун муҳим аҳамият касб этади. Яқин қўшнилар ва ташкилотдаги ҳамкорлар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мамлакат иқтисодига ижобий таъсир қилиши кундек равшан, албатта. Лекин, менимча, Ўзбекистонда бугун амал қилаётган қонунлар, афсуски, Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ҳақидаги шартномаларда қатнашаётган томонларнинг тенг ҳуқуқли муносабатда бўлишига имкон бермайди”, - дейди А.Грозин.

Бир неча ой аввал президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳам Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг навбатдаги саммитига отланар чоғи Ўзбекистон ташкилот доирасидаги Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ҳақидаги шартномага қўшилишга ҳозирча тайёр эмаслигига ишора қилувчи фикрларни айтган эди.

Бироқ давлат раҳбарининг бу фикрларни изҳор этганидан кўп ўтмай, айтилаётган шартномалар ими-жимида қабул қилинди. Айнан шунинг учун бўлса керак, Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ҳақидаги шуртномалар Ўзбекистонда кучга киргани мамлакат матбуотида деярли ёритилгани йўқ.

Лекин нима бўлганда ҳам, Андрей Грозиннинг фикрича, бу икки ҳужжатнинг қабул қилиниши Тошкент ўзининг шу пайтгача юритиб келган иқтисодий сиёсати самарасизлигини тушуниб етганидан далолат беради.

“Менимча, Тошкент шу пайтгача амал қилиб келган иқтисодий сиёсатини сақлаб қолиш ҳалокатли бўлишини англаб етган. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати турли қарорлар, жумладан, ўрта бизнесни ривожлантириш ёки яқин қўшнилар билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қонун ва қарорларни қабул қилишга мажбур бўляпти. Ислом Каримов ва унинг атрофидагилар, яъни иқтисодий сиёсатни юритаётган мулозимлар Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни яхшилаш учун ҳокимиятнинг иқтисодга бўлган ёндашувини ўзгартириш кераклигини тушуниб етган кўринади”, - дейди А.Грозин.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса мавжуд вазиятда иқтисодий сиёсатни ўзгаритиш лозимлигини тушуниб етишнинг ўзи етарли эмаслиги, қандайдир натижалар бўлиши учун бу сиёсатни амалда ўзгартиришга сиёсий ирода бўлиши кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG