Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:14

Тегажоқ президент


Исроилнинг турли жиноятларда айбланаётган президенти Моше Кацав мамлакат парламенти кузги мажлисининг анъанавий очилиш маросимини бошлаб беришдан бош тортди.

Кнессетнинг бир гуруҳ депутатлари агар М.Кацав мажлисда иштирок этса, парламент йиғилишини бойкот қилажакларини айтгандан сўнг президент шундай қарорга келишга мажбур бўлди.

Бундан олдин Исроил тергов идоралари президент ўз ходималарига тегажоқлик қилгани ва ҳатто уларни зўрлаб, номусини поймол этгани борасида етарли маълумотлар борлигини билдирди.

Полиция М.Кацавнинг жинсий тажовузлари ҳақидаги исбот ва далилларни Исроил Бош прокурори Манекм Масусга топширди. Президентнинг ўз котибаларига тегажоғлик қилгани ва уларни ҳамтўшак бўлишга зўрлагани борасидаги айбловлар Исроил тарихида мисли кўрилмагани айтилмоқда.

Беш фарзанднинг отаси бўлган М.Кацавга қарши бирданига унинг ўн ходимаси гувоҳлик бермоқда. Улар президент девонида ишлаган чоғларида ва М.Кацавнинг туризм вазири бўлиб ишлаган вақтида жинсий тазйиқларга учраганини айтмоқда Бунга қўшимча тарзда полиция бошқа маълумотларни ҳам тақдим қилаётир. Бу маълумотларга кўра, М.Кацав ноқонуний тарзда ходимларининг сўзлашувларини эшитиб борган.

Президентнинг ўзи эса қўйилаётган айбловларни рад этиб, “нотоза шахслар ови” қурбонига айланганини таъкидлаётир.

Исроил қонунларига кўра, М.Кацав 2007 йилнинг июль ойигача дахлсизлик ҳуқуқидан фойдалана олади. Айни пайтда мамлакат парламенти – Кнессет унга импичмент эълон қилиши ва лавозимидан олиб ташлаши ҳам мумкин. Агар айблов ўз исботини топса, президент ўн олти йилга қамалиши мумкин.

Исроил президенти амалда мамлакатни бошқаришда деярли иштирок этмаса-да, бу лавозим кўпроқ рамзий ҳисобланса-да, бу вазифадаги кишининг ўз ходималарига тегажоқлик қилишда айбланиши халқнинг ҳукуматга ишончини камайтириши айтилмоқда.

“Қуддус почтаси” газетаси мухбири Ден Изенберг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу воқеа давлат арбоблари орасида кузатилаётган энг жиддий жанжал экани, шунга қарамай, мамлакатда бошқа эътиборли воқеалар ҳам борлигини таъкидлади.

“Айни пайтда бош вазир Эҳуд Олмертга қарши ҳам тергов олиб борилмоқда. Аввалги бош вазир Ариэл Шаронга қарши ҳам иш очилган эди. Ҳозир собиқ адлия вазири Рамон устидан суд кетмоқда. Бунга коррупция ва нолойиқ хатти-ҳаракатларда айбланган мулозимларнинг узун рўйхатини қўшсак, ҳаммаси аëн бўлади-қўяди”, - дейди журналист.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда мавжуд демократия ўз кучини кўрсатиб, сиëсий бошқарувни ислоҳ қилишга тиришмоқда.

“Ҳозир ниҳоят ҳукумат тизимларини ўзгартириш ҳақида жиддий баҳслар бошланди. Кўп ғоялар ҳавода муаллақ қолаëтган ва мукаммалликдан узоқ эса-да, улар кун тартибига қўйилишининг ўзи янгилик”, - деди Д.Изенберг.
XS
SM
MD
LG