Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ўтган ҳафтада Тошкентда бўлиб қайтган Германия парламенти делегацияси вакиллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти сўнгги бир йилда янада ёмонлашган, деган хулосага келди


Бундестаг вакилларининг Тошкентга сафаридан 10 кун аввал Германия Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси ҳам Ўзбекистонга келиб кетган эди. Берлин дипломатлари ўз диққатини, асосан, Тошкент билан мулоқотни тиклаш масалаларига қаратган бўлса, Бундестаг делегацияси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганишни мақсад қилди.

Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакилларидан иборат гуруҳ мамлакатдаги бугунги вазият Германия, қолаверса, Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида мулоқотни қайта тиклаш имкониятларини берадими, деган саволга жавоб излашга ҳаракат қилди.

Куни-кеча Тошкентдан қайтган Бундестаг делегацияси аъзоси Фолькер Бекк “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият жуда мушкул”, - деган таассурот билан қайтганини билдирди.

“Ҳукумат ҳузурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қанча ташкилот бўлишига қарамай, Тошкент режимининг ўзи инсон ҳуқуқларини ё назарига илмайди ёки қўпол равишда поймол этади. Ўзбекистон ҳукумати билан бу масалада мулоқот қилиш жуда қийин, чунки улар барча саволарга Ўзбекистоннинг ёш давлат экани, мустақиллик эълон қилинганига эндигина 15 йил бўлгани ва демократияга эришиш даврини бошдан кечираётгани ҳақидаги баҳона билан жавоб беради. Лекин мустақиллик жиҳатидан ёши Ўзбекистон билан тенг бўлган бошқа давлатлардан инсон ҳуқуқлари вазияти бир чандон яхшилигини Тошкент эшитишни хоҳламайди”, - дейди Ф.Бекк.

Германия парламенти вакиллари Тошкентга сафари чоғида Ўзбекистон расмийларидан ташқари маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ҳам учрашди. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари сўнгги бир йил ичида мамлакатдаги вазият жуда кескинлашганини ва кундан-кунга ёмонлашиб бораётганини гапириб берган.

Бундестаг вакилларининг Тошкентга ташрифи расмий Берлин учун бироз ноқулай пайтга тўғри келди.

Келаси ойда Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкентга нисбатан ЕИ томонидан жорий этилган жазо санкциялари муддати тугайди. Ноябрнинг ўрталарида Европа комиссияси бу санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал этади. Брюссел ва Берлиндаги манбаларнинг айтишича, Германия Еврокомиссиянинг бошқа аъзолари орасида Тошкентга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ғоясини илгари сурмоқда.

Фолькер Бекк эса Ўзбекистон сафаридан кейин Тошкентга нисбатан жорий этилган санкциялар кучда қолиши керак, деган хулосага келганини айтади.

“Делегациямиз Тошкент сафаридан кейин ёзаётган ҳисоботида бу масалани кўтариш ниятида. Шахсий фикримча, инсон ҳуқуқлари вазияти аянчлилигича қолаётгани боис, санкцияларни бекор қилишга етарли асослар йўқ. Германия ҳукумати Ўзбекистон билан мулоқот ўрнатиш ғоясини илгари сурмоқда, лекин мулоқот натижа бермаса, бу мулоқотнинг самараси ҳақида ўйлаб кўриш керак. Мулоқот аниқ натижаларни бериши керак, Ўзбекистон мисолида эса бундай натижаларни кўрмаяпман”, - деди немис депутати.

Берлиндаги Германия ташқи алоқалар кенгаши мутахассиси, минтақашунос Александар Раҳр шу ойнинг бошида “Озодлик”ка берган интервьюсида ЕИнинг келажакда Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатларига муносабати мутлақ прагматик манфаатларга асосланишини айтган эди.

“Бугун ЕИда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ортиб бормоқда. Европаликлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни, биринчи навбатда, энергия бойликларининг манбаси сифатида кўради. Шунинг учун бундан кейин Ўзбекистон каби мамалкатлар билан иқтисодий алоқалар ЕИ учун устивор масалага айланди. Бу вазиятда эса Каримов ҳукуматидек режим билан мулоқот қилишда инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги гаплар эсдан чиқарилишини башорат қилиш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистонга нисбатан сакнциялар сақланиб қолишига ишонишим қийин”, - деганди А.Раҳр.

Бошқа кузатувчилар Берлиннинг Тошкентга нисбатан тутган юмшоқ позициясини Термиздаги немис ҳарбий базаси билан боғлайди.

“Германия ўзининг Термиздаги базасини сақлаб қолишни истайди, чунки бу база улар учун ўта муҳимдир. Бунинг боиси, Иккинчи жаҳон уришидан кейин конституция бўйича Германия ўз қўшинларини хорижга юбора олмас эди. Германия ўз конституциясининг ана шу бандини ўзгартиргандан сўнг немис қўшинлари биринчи марта мамлакатдан ташқарига, Термиздаги базага жойлаштирилди. Шунинг учун бу база улар учун амалийдан кўра рамзий жиҳатдан жуда муҳимдир”, - дейди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.

Андижон воқеаларидан кейин ЕИ томонидан расмий Тошкентга нисбатан жорий қилинган санкциялар тақдири келаси ой ўрталарида ҳал этилади.

Ф.Бекк ЕИнинг етакчи давлатларидан бири бўлмиш Германиядек давлат ўзининг прагматик ёки бошқа сиёсий манфаатларини инсон ҳуқуқлари масалаларидан устун қўймаслиги лозимлигини таъкидлайди.

“Германия ўзининг сиёсий манфаатларини устун қўяётгани, хусусан, Термиздаги ҳарбий базага оид танқидлардан хабарим бор. Мен Германия ҳокимиятидаги коалиция аъзоси эмасман, лекин шахсий фикрим, ҳеч қандай манфаат Германияни ўз позициясини аниқ изҳор этишдан тўхтатмаслиги керак. Агар Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида амалий ўзгаришларга тайёр эмас экан, бундан тегишли хулоса чиқрмоғимиз шарт”, - дейди Ф.Бекк.
XS
SM
MD
LG