Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Қашшоқ болалар мамлакати


БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг чоршанба куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистондаги болаларнинг ярмидан кўпроғи қашшоқликда кун кечираётгани айтилади.

“Собиқ иттифоқ республикаларидаги болаларнинг тўртдан бири қашшоқликда яшайди”, - дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида.

ЮНИСЕФ тадқиқоти 1989 йилдан 2003 йилгача, яъни бу мамлакатлар учун ўтиш даври бўлган вақт мобайнида болалар турмушидаги ўзгаришларни ўрганишга қаратилган.

ЮНИСЕФ тадқиқотига раҳбарлик қилган жамиятшунос Ева Ясперсеннинг айтишича, ўрганилган мамлакатларнинг баъзиларида 2003 йилгача бўлган беш йил давомида ўзгариш умуман бўлмаган ёки вазият ёмонлашган.

“Марказий Осиё мамлакатлари орасида Тожикистон ва Қирғизистонни оладиган бўлсак, у ерда вазият жуда оғир. Биз ишлатган кўрсаткичлар бўйича бу мамлакатлардаги болаларнинг 80 фоизидан ортиқроғи ўта қашшоқликда кун кечиради”, - дейди ЮНИСЕФ мутахассиси.

ЮНИСЕФ тадқиқотида ишлатилган кўрсаткичлар бўйича агар болага бир кунда 2,15 АҚШ долларидан камроқ пул сарфланадиган бўлса, бу бола қашшоқ яшаётган ҳисобланади.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, аҳоли сони бу йил 27,5 миллионга етган Ўзбекистонда 14 ёшгача бўлган болалар сони қарийб 10 миллионни ташкил этади.

Ева Ясперсен Ўзбекистондаги бу болаларнинг ярми, яъни йўқ деганда 5 миллиони ўта қашшоқликда яшаётганини айтади.

“2002-2003 йилда Ўзбекистон болаларининг камида 50 фоизига 2,15 доллардан камроқ пул сарфланган, яъни улар қашшоқликда яшаган”, - дейди мутахассис.

Хоразмлик тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдулла бугун ўзбекистонлик ўртаҳол оилада бир болага ойига ўрта ҳисобда 5 минг сўм, яъни тахминан 4 доллар сарфланишини таъкидлайди. Бу пул 30 кунга чақилса, бир болага кунига тахминан 13 цент сарфланиши маълум бўлади.

“Бугун Ўзбекистон болаларининг ЮНИСЕФ айтганидек 50 фоизи эмас, балки ундан кўпроғи қашшоқликда яшамоқда”, - дейди С.Абдулла.

ЮНИСЕФ мутахассиси Ева Ясперсен қашшоқликда яшаётган болаларнинг келажакда жамиятда ўз ўрнини топиш имконияти чекланганини билдирди.

“Бундай болалар молиявий имкониятлари чекланган оилаларда бўлади. Бу эса оилада озиқ-овқат ва кийим-кечак етишмовчилиги доимий равишда муаммо бўлиб келишини англатади. Бундан ташқари, бундай болалар одатда бошқа хизматлар, жумладан, таълим ёки соғлиқни сақлаш хизматлари етарли даражада бўлмаган жойларда яшайди. Бу уларнинг келажакда яхши ишларда ишлаш учун етарли малакага эга бўлишини ҳам шубҳа остида қолдиради”, - дейди Ева Ясперсен.

Ўзбекистон президентининг “Соғлом авлод – юрт келажаги” ёки “Болаларимиз биздан кўра ақилли, кучли ва албатта бахтли бўлиши шарт” каби сўзлари шиорга айланиб улгурган. Бугун қайси шаҳар, қишлоқ ёки маҳаллага кирманг, бу каби шиорларни ҳар қадамда кўрасиз. Бу шиорлар ҳаётга тадбиқ бўлсин, деб турли давлат дастурлари амалга ошириб келинади.

Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ана шундай шиорларда айтилган ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш билан шуғулланади.

ЮНИСЕФ ҳисоботига муносабати сўралганда жамғарманинг ўзини Жумабой Сатторович, деб таништирган мутасаддиси ҳисоботдан хабари йўқлиги боис, ўзбекистонлик болаларнинг турмуши ҳақида бирор нарса айта олмаслигини айтиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG