Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:15

Экологияга оид хабарлар


Шимолий Америкадаги тадбиркорлар қайта тикланувчан энергия ва экологик тоза технологиялар яратиш дастурларига жорий йил учинчи чорагида рекорд даражада, яъни 933 миллион доллар маблағ сарфлади.

“Cleantech Venture Network LLC” саноат гуруҳи маълумотига кўра, бу ўтган чоракка қараганда 10,8 фоиз, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 120 фоиз кўпдир. Жорий йил бошидан бери АҚШда тоза технологиялар яратиш лойиҳаларига 2,29 миллиард доллар сарфланган бўлса, ўтган йил давомида 1,1 миллиард доллар сарфланган. Америкалик олимлар этанол ва биодизел ёнилғиси яратиш учун 512 миллион, қуёш нуридан энергия олиш тадқиқотлари учун 69 миллион доллар сарфлаган.

**********

БМТ маълумотига кўра, ҳаво ифлосланиши оқибатида дунё бўйича ҳар йили икки миллион одам нобуд бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни шаҳарлар ҳавосини яхшилаш борасида чора кўришга чақирди. Ташкилотнинг билдиришича, ривожланаётган давлатлар шаҳарларида ҳаво таркибидаги чанг миқдори халқаро андозалар даражасидан уч ҳисса кўп. Чанг, асосан, кўмир каби қаттиқ ёқилғи ишлатилиши натижасида ҳавога тарқалиб, аҳоли орасида турли касалликлар келтириб чиқармоқда.

**********

БМТнинг Артоф-муҳит дастури икки йил ичида дунё океанларида “ўлик зона”лар учдан бир баробар кўпайганини маълум қилди. Ташкилотнинг билдиришича, ўтган асрнинг 60-йилларидан бери океанга ўғитлар, оқова сув, кул ва бошқа чиқиндилар оқизиб юборилаётгани оқибатида океан қирғоқларидаги сув таркибида кислород миқдори камайиб кетган. 2005 йилда дунё океанларида 150 та “ўлик зона” қайд этилган бўлса, жорий йилда улар сони 200 га етган. Дастлабки “ўлик зона”лар АҚШнинг ғарбий соҳили ва Скандинавия яқинида аниқланган. Кейинчалик бундай жойлар Мексика кўрфази, Миссисипи дарёси, Жанубий Америка, Гана, Хитой, Япония, Австралия, Янги Зелландия, Португалия ва Буюк Британия қирғоқлари яқинида ҳам пайдо бўлган. Океанлар ва денгизларда мавжуд “ўлик зона”лар рўйхати келаси йил бошида эълон қилиниши кутилмоқда.

**********

Дунё мамлакатларида саноат шиддат билан ривожланиб бормоқда. Айни пайтда одамлар табиий ресурсларни йил сайин тезроқ ва кўпроқ сарфламоқда. “Ёввойи табиат” жаҳон жамғармаси агар вазият дарҳол ўзгартирилмаса, асримиз ўртасига бориб инсоният табиий ресурсларни тамомлаш йўлига ўтиши ҳақида огоҳлантирди.

“Ёввойи табиат” жамғармаси вице президенти Ричард Мотт “Озодлик” мухбири билан суҳбатда дунё аҳолиси ичимлик сув, ёғоч, балиқ ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини икки баробар кўп исътемол қилаётганини айтди.

“Биз ҳозир сайёрамизда етиштирилаётганидан икки баробар кўп маҳсулот истеъмол қиляпмиз. Агар биз иқтисодиёт тилида гапирадиган бўлсак, банк ҳисобимиздан маошимизга қараганда икки баробар кўп пул чиқариб оляпмиз”, – дейди Ричард Мотт.

“Ёввойи табиат” жамғармаси ҳисоботида айтилишича, 1961-2003 йиллар мобайнида дунё аҳолисининг табиий ресурслардан фойдаланиши уч марта ошган.

Р.Мотт агар одамлар биргаликда ҳаракат қилса, Ер ресурслари камайиши жараёни тўхташини таъкидлади.

“Агар аҳоли сувдан тежамкорлик билан фойдаланса, ёнилғи кам сарфлайдиган автомобиллар ишлаб чиқарилса, одамлар ўз иш жойига яқинроқ уйларда яшаса, жамоат транспорти қатнови яхши йўлга қўйилса, энергия камроқ сарфланадиган замонавий уйлар кўпроқ қурилса, қайта тикланувчан энергия кўпроқ ишлаб чиқарилса ва чиқиндилар қайта ишланса, вазият ҳозиргига қараганда анча яхшиланади. Бу ишлар ҳамма давлатда кенгроқ кўламда амалга оширилса, унинг самараси салмоқли бўлади”, – деди Р.Мотт.

“Ёввойи табиат” жамғармаси икки йилда бир марта ўз ҳисоботини эълон қилади. 23 октябрь куни Пекинда эълон қилинган охирги ҳисоботда 1961 - 2003 йилар мобайнида дунё бўйича ўсимлик ва ҳайвон турлари 31 фоизгача камайгани маълум қилинган. Айни даврда чучук сувда яшовчи жонзотлар 28 фоизгача, шўр сувда яшовчи жонзотлар 27 фоизгача камайган.

**********

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Blacksmith” тадқиқот маркази дунё бўйича ифлосланиш энг юқори бўлган ўнта шаҳар рўйхатини эълон қилди. Россиянинг Сибир ўлкасида жойлашган Норилск ва Дзержинск, Қирғизистондаги Мойлисув шаҳарлари ҳам ана шу рўйхатдан ўрин олган.

Ҳисоботда ёзилишича, атроф-муҳит ифлосланиши маҳаллий ва халқаро андозаларда белгиланган даражадан бир неча баробар юқори. Айни пайтда рўйхатдаги шаҳарлар аҳолиси дунёдаги энг хаста одамлар сирасига киради.

“Blacksmith” тадқиқот маркази директори Ричард Фуллернинг “Озодлик” радиосига айтишича, расмий маълумотларга кўра, Норилскда эркакларнинг ўртача умр кўриши Россия бўйича энг паст, яъни 42 ёшни ташкил этади.

Баъзилар эса никел ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган Норилск шаҳрида ўртача умр давомийлиги 37 ёш эканини айтади. Р.Фуллер Норилск ва Дзержинск шаҳарларида заводлар атроф-муҳитни қанчалар ифлослантираётганини ҳеч ким назорат қилмаслигини билдирди.

Қирғизистондаги 23 минг аҳоли яшайдиган Мойлисув шаҳри атрофига Совет Иттифоқининг атом электр станцияларидан чиққан ядровий чиқиндилар кўмилган. Бу Мойлисувга туташ ҳудудларда яшовчи аҳолига жиддий таҳдид солмоқда.

“Бу сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади. Чиқиндилар эса мустаҳкам қурилган жойда сақланмайди. Агар улар сувга оқиб кетса, Қирғизистоннинг дарёнинг қуйи қисмида жойлашган водийсидаги 2,5 миллион аҳолисига таҳдид солиши мумкин”, – дейди Ричард Фуллер.

Унинг сўзларига кўра, Мойлисув шаҳри аҳолиси орасида саратон касаллиги мамлакатда қайд этилган ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўп учрайди.
XS
SM
MD
LG