Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:21

Дам олишга Анталия яхши, саммитга келганда...


17 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида туркий тилли давлатлар раҳбарларининг саккизинчи саммити бўлиб ўтди. Лекин унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қатнашмади.

Саммит иштирокчилари Анталия декларациясини қабул қилди. Унга имзо чекканлар инсон ҳуқуқлари устивор бўлган демократик давлат тизими тарафдори эканини билдиган.

Анталия декларациясида, шунингдек, туркий тилли давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон раҳбари саммитга бормади, шунинг учун юқоридаги гапларга унинг алоқаси йўқ.

Аслида Анталия саммити туркий тилли давлатлар раҳбарларининг Ислом Каримов эътиборсиз қолдирган биринчи учрашуви эмас.

И.Каримов дастлабки 5 та учрашувда иштирок этган, лекин 2000 йил апрелда Бокуда, 2001 йил апрелда Истанбулда ўтказилган саммитларда қатнашмаганди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Исабеков И.Каримов Анталия саммитига бормагани сабабини мамлакат раҳбарининг шахсий сифатлари билан изоҳлайди ва унинг совет даврида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига қарши турганини эслаб: “Ўзбек тилига қарши бўлган одам, Туркия билан муносабатлар совиб кетгандан кейин “турк” сўзининг матбуотда ишлатилишига қарши бўлган одам қандай қилиб яна туркий тилли давлатлар саммитига борсин”, - дейди.

Ўзбекистонлик бошқа бир таҳлилчи Искандар Худойберганов эса И.Каримовнинг саммитда қатнашмагани сабабини Ўзбекистондаги жорий сиёсий режимнинг тоталитар эканида кўради.

“Ўзбекистон демократияга яқинлашишгаям ҳаракат қилаётгани йўқ. Шунинг учун нафақат туркий давлатлар, балки Ғарб билан ҳам муносабатлари бузилган. Айниқса, Туркия билан муносабатлари совиб кетган. Чунки демократия тарафдори бўлган Туркия ҳам Европа мамлакатлари билан ҳамоҳанг сиёсат олиб бормоқда”, - дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбари саммитга қатнашганда, албатта, унинг бугунги сиёсати муҳокама қилинган бўлар, унга ёқмайдиган гаплар гапирилган бўларди. И.Каримов шу гаплардан қочган.

Ўзбекистон раҳбарининг Анталия саммитига бормаганидан зорланиш тўғри бўлармикин? Чунки у бор-йўғи сўнгги учта саммитда қатнашмаган, аввалги бештасида иштирок этган. Боз устига, 1996 йилнинг 18-21 октябрь кунлари бўлиб ўтган тўртинчи саммитга мезбонлик қилган ҳам.

Арманистонлик таҳлилчи Гайк Демояннинг эслашича, ўша саммит очилишида чиқиш қилган И.Каримов туркийлар ҳамжиҳатлигининг етарли эмаслигидан зорланган. Бунга мисол қилиб хитойлик уйғурларнинг камситилаётганини айтиб ўтган.

Таҳлилчи Бахтиёр Исабеков И.Каримовнинг бу гаплари вазиятдан келиб чиқиб айтилганини тахмин қилади. Чунки, унинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон уйғурларнинг ҳимоячиси бўлмаган. Хитойдаги тазйиқлардан қочиб ўтган уйғурларга Қозоғистон бошпана берган. Ўзбекистон яқин йўлатган эмас.

Шу ўринда Анталия саммитида ҳам Қозоғистон, тўғрироғи унинг раҳбари Нурсултон Назарбоев ташаббусни қўлга олганини алоҳида таъкидлаш керак. У туркий тилли давлатлар ўртасида оқсоқоллар кенгаши тузишни таклиф қилди.

Таҳлилчи Искандар Худойберганов Қозоғистон раҳбарининг фаоллигини шарҳлар экан: “Қозоғистон Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, ўзининг дунёда ким эканини яхши англаган, оёққа туриб олган давлатдир. Шунинг учун ҳам Остона Ғарбу Шарқ, Жанубу Шимол билан бирдай тенг, муносиб сиёсат олиб боряпти, ташқи сиёсатини кунора олти марта ўзгартирмаяпти”, - деди.

Баъзи таҳлилчилар Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга “кўнгилсиз” бўлиб қолгани сабабини 1999 йил 16 февраль портлашлари билан боғлайди.

Бироқ, И.Худойбердиев фикрича, портлаш, терроризм каби масалалар шунчаки бир баҳона. Аслида гап Ўзбекистоннинг туркий давлатлар, Ғарб билан шу кундаги муносабатлари жорий режимнинг харакатерига боғлиқ.

Ўзбекистон раҳбарининг туркий тилли давлатлар раҳбарларининг ўзаро издиҳомларига муносабати характерига арманистонлик таҳлилчи Гайк Демоян эслаган яна бир гап яхши чизги бўлиши мумкин.

“1998 йили Остонада ўтган саммитда,- деб ёзади таҳлилчи,- Ислом Каримов мазкур учрашувни сиёсийлаштириб юбормаслик учун сиёсий масалаларни муҳокама қилмаслик кераклигини таъкидлаган эди. Туркий тилли давлатлар саммитида Эрон ва Тожикистон иштирок этмаётгани учун хавфсизлик масалаларига ҳам тегмасликни уқтирган эди”.

Бахтиёр Исабеков тили туркий бўлмаган қўшнилари тўғрисида гапирганда ҳам И.Каримовнинг самимий бўлганига шубҳа билдиради.

“Атрофдаги туркий ва туркий бўлмаган қариндошлари билан алоқани имкон қадар девор ортидан қилишга, улардан ўзини ажратиб олишга ҳаракат қилаётган бўлса, бундай одамнинг туркий тилли давлатларнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий жиҳатдан яқинлашувига ҳаракат қилишига қандай эҳтиёж бор?!”, - дейди Б.Исабеков.
XS
SM
MD
LG