Линклар

Шошилинч хабар
31 май 2024, Тошкент вақти: 03:08

Халқаро хабарлар

Ироқ пойтахти Бағдодда мина ўрнатилган уч машинанинг кетма-кет портлатилиши оқибатида камида 38 киши ўлди, 80дан зиёд одам яраланди.

Қурбонлар сони янада кўпайиши мумкин.
“Учта машина портлаб кетди. Иккитаси Садрияда, учинчиси Ал-Ватба майдонида портлади. Ўлганлар кўп, яраланганлар ундан ҳам кўп”, - деди воқеа гувоҳи.
Бағдоддан шимолда жойлашган Бақуба шаҳрида эса АҚШ ва Ироқ ҳукумати ҳарбийлари сунний исёнчилар билан қақшатқич жанглар олиб бормоқда. АҚШ қўмондонлигининг маълум қилишича, 30дан ортиқ исёнчи асир олинган.

Кун янгиликлари

Эронда президентликка номзодларни рўйхатга олиш бошланди

Эронда 30 май куни президентликка номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни бошланди. Муддатдан илгари сайлов 19 май куни вертолёт қулаши туфайли президентлик лавозимини эгаллаб турган Иброҳий Раисий вафот этгани муносабати билан кейинги ойда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Озодликнинг форс хизмати хабарига кўра, президентликка номзодларни рўйхатга олиш беш кун давом этади. Овоз беришнинг ўзи 28 июнга белгиланган. IRNA давлат ахборот агентлиги шу пайтгача 25 чоғли номзодликка даъвогар ариза топширгани, бироқ уларнинг ҳаммаси рад этилганини хабар қилган.

Номзод ўлароқ тасдиқланган даъвогарларнинг якуний рўйхати 11 июнь куни Конституция посбонлари кенгаши томонидан эълон қилинади, бу кенгаш аъзолари Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий тарафидан тайинланади ёки тасдиқланади.

Вертолёт қулаши чоғида вафот этган Раисий 85 ёшли Хоманаийнинг муҳтамал вориси ўлароқ кўриларди. Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди – олий руҳоний бўлмиш оятуллоҳ бошқаради.

Иброҳим Раисий 63 ёшда эди. У президент лавозимини 2021 йилда эгаллаган. Аввалроқ Раисий Эрон бош прокурори ва суд ҳокимияти раҳбари лавозимларида ишлаган. У ташқи сиёсатда ҳам, ички сиёсатда ҳам қаттиққўл бошқарув тарафдори бўлиб ҳисобланарди. Раисийнинг мамлакат ичидаги ва хориждаги танқидчилари унинг ўта жиддий жиноятлар, хусусан 1988 йилдаги режим мухолифларининг оммавий қатл этилиши учун масъул эканини айтиб келишади.

Ҳонконгда 14 нафар фаол қўпорувчиликда айбдор деб топилди

Ҳонконгда фуқаровий эркинликларни ҳимояси учун учирилган плакат (архив сурати)
Ҳонконгда фуқаровий эркинликларни ҳимояси учун учирилган плакат (архив сурати)

Ҳонконгдаги суд 30 май куни маҳаллий парламентга норасмий сайлов уюштириш йўли билан ҳукуматни ағдариб ташлашга уринганликка оид иш доирасида 14 нафар демократ фаолни қўпорувчилик фаолиятида айбдор деб топди. Улар қолган умрларини қамоқда ўтказишлари мумкин.

2021 йилда жами 47 нафар гумонланувчига айблов эълон қилинган. Улардан икки нафари оқланган, бироқ Адлия вазирлиги бу ҳукм бўйича судга апелляция аризасини топширган, шу сабабли улар қарор чиққунига қадар гаров асосида қўйиб юборилади. Аввал айбига иқрор бўлган судланувчиларнинг яна 31 нафари суд қарорини кутмоқда.

Бу Хитой томонидан киритилган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун доирасида ўтказилаётган энг йирик маҳкама жараёнидир.

Ҳуқуқбонлар дохил танқидчилар қонунчиликдаги ўзгаришлар Ҳонконгдаги ўзгача фикрлилик, фуқаровий эркинликларни бостириш ҳамда қўрқув муҳитини яратишга қаратилган, деб ҳисоблашади. Бироқ Пекин мазкур чора-табирлар минтақада тартиб-интизом ва барқарорликни сақлаш учун зарурлигини билдириб келмоқда.

Қонун Хитойнинг коммунистик раҳбарияти ташаббуси билан 2020 йилда — Ҳонконгдаги йирик аксилҳукумат намойишларидан кейин бир йил ўтиб киритилган.

Буюк Британия ва Австралия 30 май куни суд томонидан эълон қилинган қарорни “минтақада Хитой томонидан демократияга босим ўтказилиши” дея қоралаб чиқишган.

Буюк Британия Ҳонконгни 1997 йилда Хитойга ўтказиб берган. Махсус маъмурий ҳудудга камида 50 йилга кенг кўламли мухторият тақдим этилган. “Бир мамлакат, икки тизим” сиёсатига мувофиқ, Ҳонконгни у ерда яшаган турғунлар бошқариши, Хитой эса фақат ташқи сиёсат ва мудофаа учун жавоб бериши лозим. Сўнгги йилларда, демократ фаоллар фикрича, Пекин Ҳонконг мухториятини жиддий чекловчи бир қатор чораларни амалга оширган.

Бишкекдаги рейдларда 64 нафар ноқонуний мигрант ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бишкек шаҳрида милиция ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши навбатдаги рейд ўтказиб, Қирғизистон ҳудудида ноқонуний юрган чет эл фуқароларини аниқлашган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳуқуқ-тартиботчиларга кўра, рейд чоғида милиция пойтахт ҳудудида ноқонуний яшаб, ишлаётган 64 нафар хорижликни ШИИБга олиб келган.

Уларга қарши Қирғизистон ҳудудида юриш ва ишлаш тартибини бузганлик бўйича жами 48 та баённома тузилган, тартиббузарларга умумий ҳисобда 264 минг сўмлик (3 минг АҚШ доллари атрофида) жарима солинган.

Қирғизистонда махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартиботчилар апрель ойидан буён Қирғизистонда ноқонуний яшаётган ёки ишлаётган хорижликларни аниқлаш бўйича фаол иш олиб боришмоқда. Бу каби тадбирлар май ойи ўрталарида Бишкекда чет эллик талабалар билан маҳаллий ёшлар ўртасида чиққан можаро ортидан янада кучайтирилган. ИИВнинг ана шундай рейдларидан бири натижаларига кўра, аниқланган тартиббузарлик туфайли етказиб бериш хизматида ишловчи 400 дан зиёд хорижлик талабанинг меҳнат фаолияти тўхтатилган.

Хорижликларга қарши давом этаётган рейд ва текширувлар манзарасида Қирғизистон ИИВ хорижликларга нисбатан мамлакатга кириш ва юриш тартибини бузганлик учун жарима миқдорини оширишни таклиф қилган.

Исроил армияси Филадельфия йўлагини ўз назорати остига олди

Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегара (архив сурати)
Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегара (архив сурати)

Исроил армияси Ғазо сектор билан Миср чегарасидаги 14 километрлик қалқон ҳудуд бўлмиш Филадельфия йўлагини ўз назорати остига олган. Бу ҳақда 29 май оқшомида Исроил нашрлари ҳарбийлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.

Қалқон ҳудуди томонда исроиллик аскарлар Ғазо ва Миср ўртасидаги 20 та туннель ҳамда АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи жангчилари томонидан фойдаланилган 80 дан зиёд ерости йўлини топишган. Исроиллик ҳарбийлар бу ерости йўллари орқали Мисрдан Ғазога жиҳодчилар учун қурол-аслаҳа етказиб бериб турилганини иддао қилишмоқда.

Исроил Ослодаги келишувдан кейин 1995 йилдан бошлаб Филадельфия йўлагини назорат қила бошлаган ва бу назорат исроиллик ҳарбийларнинг 2005 йили Ғазо секторига бутунлай чиқиб кетгунига қадар давом этган. Ўша пайтда Исроил армияси чегаранинг Миср тарафидан назоратини мисрликларга, Фаластин мухторияти томонидан назоратни эса фаластинликларга топширган эди.

Фаластин мухторияти чегарани ҳокимият тепасига ҲАМАС гуруҳи келган 2007 йилга қадар назорат қилиб келган.

Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиёт доирасида Филадельфия йўлагини ўз назоратига олишга қарор қилгани жорий йил бошида маълум бўлган эди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўша пайтда, агар исроилликлар Миср билан Ғазо ўртасидаги чегарани назорат қилмайдиган бўлса, ҲАМАС билан урушни якунлай олмаслигини билдирган. The Wall Street Journal нашри бунга оид қарор кўпроқ Исроил томонининг Қоҳира билан музокараларига боғлиқ экани ҳақида ёзган.

Филадельфия йўлаги Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳри орқали ўтади. Исроил армияси Рафаҳ марказига кириб боргани ҳақида 28 май куни маълум бўлган эди. Рафаҳликлар Исроил ҳарбийлари тунда “шаҳарни танклардан ўққа тутиб, ҳаво зарбалари бергани”ни айтишган.

Исроил армияси томонидан 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берилган зарба чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, камида 45 киши қурбон бўлган, юзлаб одам яраланган.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган.

Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.Politico нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси амалиёт бошидан буён ҲАМАС ўз шахсий таркибининг 30-35 фоизини йўқотди, деб ҳисоблайди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлгани, 80 мингдан зиёд киши тан жаҳорати олганини билдирган. Уруш шароитида бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ.

AI: Ўтган йили дунё бўйлаб 1153 та ўлим ҳукми ижро этилди

Amnesty International вакилларининг Эрондаги қатлларга қарши намойишидан лавҳа (архив сурати)
Amnesty International вакилларининг Эрондаги қатлларга қарши намойишидан лавҳа (архив сурати)

Дунёда суд ҳукми билан амалга оширилган қатллар сони ошиб бормоқда, ўтган йили бу кўрсаткич 2015 йилдан буён энг юқори даражада бўлди. Бу ҳақда Amnesty International (Халқаро Амнистия) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 29 май куни эълон қилинган ҳисоботида айтилган.

Ҳуқуқ фаоллари 2023 йили дунё бўйлаб жами 1153 та ўлим ҳукми ижро этилганини қайд қилганлар. Бу эса 2022 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 30 фоизга кўпдир.

Бунга Хитойда амалга оширилган қатллар киритилган эмас, чунки бу мамлакат расмийлари ижро этилган ўлим ҳукми статистикасини келтиришмайди. Улар сони бир неча минг экани айтилади, бу эса Хитойни қатллар сони бўйича дунёда биринчи ўринга олиб чиқади.

Ўтган йили 2428 та ўлим ҳукми чиқарилган. Amnesty International Яқин Шарқ мамлакатларида, айниқса Эронда ўлим ҳукмлари сони кескин ошганини қайд этган. У ерда 853 та қатл амалга оширилган.

“Эрон расмийлари инсон ҳаётини сариқ чақага олмасликларини намойиш этишмоқда”, дейилган ҳуқуқбонлар баёнотида. Уларга кўра, Эронда хусусан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ҳам одамлар ўлимга ҳукм қилинмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига мувофиқ, энг кўп қатл Хитой, Эрон, Саудия Арабистон, Сомали ва АҚШда амалга оширилмоқда. Қўшма Штатларда бир йил ичида 24 киши қатл этилган. 2022 йили бу мамлакатда 18 та ўлим ҳукми ижро этилганди.

Ўтган йили 16 та мамлакатда қатллар амалга оширилган, бу AI ўз ҳисоботларини чиқара бошлаган 2015 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. Қайд этилишича, ўтган йили Беларусда битта ҳам қатл амалга оширилган эмас.

Дунёдаги мамлакатларнинг аксариятида ўлим ҳукми қонун бўйича бекор қилинган, постсовет ўлкалари дохил айрим мамлакатларда эса ўлим ҳукмига нисбатан мораторий эълон қилинган.

Amnesty International ҳисоботи суд томонидан чиқарилган ўлим ҳукмларини ўз ичига олган. Турли можаролар чоғида, шу жумладан Украина урушида кузатилгани каби судловсиз қатллар эса мазкур ҳисоботга киритилган эмас.

Арманистонда Россиянинг “Биринчи канал”и ёйини тўхтатилди

Арманистонда Россиянинг “Биринчи канал”и ёйини тўхтатиб қўйилган. Armenpress агентлигининг юқори технологияли саноат вазири Мхитар Айрапетян сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, телеканал ёйинининг тўхтатилиши қарз масаласи билан боғлиқ.

Айрапетянга кўра, “Биринчи канал”нинг хориждаги юридик шахси бўлган 1st Channel World Network икки ярим ойдан буён йиғилган қарзларини тўламай, “шартнома бўйича ўз мажбуриятини бажармаган”, шунинг учун ҳам унинг жамоатчилик мультиплексидаги ёйини вақтинча тўхтатилган.

Март ойида Арманистон расмийлари мультиплексда кремлпараст бошловчи Владимир Соловьёв муаллифлигида “РТР-Планета” телеканалида чиқадиган иккита дастур ёйинини тақиқлаб қўйган эди. Мазкур қарор “минтақада қайд этилган доимий ҳуқуқбузарликлар асосида” қабул қилингани айтилган.

Соловьёвнинг дастури блокировка қилингунига қадар Арманистон ТИВ Россия элчихонасига оммавий телекоммуникациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган шартнома бузилгани ҳақида нота йўллаган. Ўша пайтда Айрапетян гап қанақа ҳуқуқбузарлик ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, бироқ “нохуш ҳодиса Россия каналларидан бирида 25 февраль куни кузатилган”ини айтган. Озодликнинг арман хизмати ўшанда 25 февраль куни “Вечер с Владимиром Соловьёвим” дастурида бир неча бор Арманистон ва унинг раҳбарияти тилга олиниб, қатор таҳқирловчи иборалар янграгани ҳақида ёзганди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 телеканалига берган ва февраль ойида ёйинланган интервьюда кузда Россия вакиллари арманистонликларни кўчаларга чиқиб, ҳукуматни ағдариб ташлашга чақиргани, Россия телеканаллари эса олти йилдан буён мунтазам равишда ҳукумат ва шахсан унга қарши пропаганда олиб бораётганини билдирган эди.

Москвада бир кунда тутилган 50 киши мажбуран армияга йўлланди

Россия пойтахти Москва шаҳрида полиция бир кун ичида армиядаги хизмати кечиктирилган элликдан зиёд чақирилувчини қўлга олган. Телефонлари ва шахсий ашёлари олиб қўйилган бу кишилар аввал йиғув пунктига қамаб қўйилган, кейин эса тунда Москва вилоятидаги ҳарбий қисмга олиб чиқиб кетилди, дейилган “Медиазона” нашрининг журналистик суриштирувида.

Қўлга олинганларнинг яқинларига кўра, армиядан қонуний йўллар билан қолишга уринган чақирилувчиларни оммавий тутиб кетиш амалиёти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 24 май куни ўтказилган.

Яшаб турган уйида ёки кўчада қўлга олинганлар ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар сифатида Угреш кўчасидаги йиғув пунктига олиб борилган. Оқшомга яқин у ерга ўнлаб оилалар боришган. Иддаога кўра, уларнинг қўлларида яқинларининг ҳарбий хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги маълумотнома ёки армия хизмати кечиктирилиши ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар бўлган, бироқ ҳарбий комиссариатнинг йиғув пункти раҳбарияти одамларнинг мурожаатини эътиборсиз қолдирган.

Тунда ҳарбий қисмга олиб чиқиб кетилган йигитлар билан уларнинг яқинлари ҳалигача алоқа ўрнатолган эмас. Улар бу борада маҳаллий прокуратура ва Тергов қўмитасига жамоавий аризалар билан мурожаат қилишган.

Исроил қўшинлари Рафаҳ шаҳри марказида ҳаракатланмоқда

Исроил қўшинлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри марказига кириб боришган, дея хабар қилишди NBC ва Reuters журналистлари гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда.

Исроил армияси (ЦАХАЛ) Рафаҳ маркази томон юрилаётганига оид маълумотларни изоҳсиз қолдирган ҳолда, шаҳарда амалиёт давом этаётганини маълум қилган. Хабарномада исроиллик ҳарбийлар тунда Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегарада қалқон ҳудуди бўлиб хизмат қилувчи Филадельфия йўлагида ҳаракатланишгани айтилган.

Рафаҳликлар тунда исроилликлар “шаҳарни танклардан ўққа тутиб, ҳаво зарбалари берганлари”ни айтишган. Исроил армияси шаҳарда “террор ҳадафлари борлигини кўрсатувчи разведка маълумотларига асосланган ҳолда тезкор тадбирлар” ўтказилганини билдиришган.

“Қўшинлар террорчилар билан яқин масофада жанг олиб боришмоқда, террорчиларнинг бу мавзедаги ерости йўллари, қурол-аслаҳалари ва бошқа инфратузилма объектларини топишмоқда”, дейлиган ЦАХАЛ хабарномасида.

Аввалроқ Исроилнинг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилган эди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирган.

Исроил ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти Ғазо секторидаги мақсадлари АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиб бўлиб ҳисобланишини урғуламоқда.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.

Politico нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси амалиёт бошидан буён ҲАМАС ўз шахсий таркибининг 30-35 фоизини йўқотди, деб ҳисоблайди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлганини билдирган.

Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин мустақиллигини тан олди

Испания бош вазири Педро Санчес
Испания бош вазири Педро Санчес

Исроил раҳбариятининг асабий муносабатига қарамай, 28 май куни Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини расман тан олди.

Бу фақатгина битта мақсадни - исроилликлар ва фаластинликларнинг тинчликка эришишига ёрдам беришни кўзда тутган тарихий қарордир”, дея таъкидлади Испания бош вазири Педро Санчес сешанба куни ўз кабинети йиғилиши олдидан қилган телемурожаатида. Шу куннинг ўзида Мадридда Фаластинни мустақил давлат ўлароқ тан олиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш кутилмоқда.

Ғарбий Европадаги уч давлатнинг мувофиқлаштирилган қарори ҳақида ўтган ҳафтада маълум бўлган эди. Исроил танқидига жавоб берар экан, Испания ҳукумати раҳбари ўз кабинетининг қарори яҳудий давлатига қарши қаратилмаганини урғулади. Педро Санчес Исроилни “Мадрид ҳурмат қиладиган, қадрлайдиган ва энг яхши алоқаларга эга бўлишга интилаётган дўст давлат” деб атаган.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац Х ижтимоий тармоғида Санчес ҳукуматини “яҳудийлар қатлиоми ва ҳарбий жиноятларга туртки бериш фитнаси иштирокчиси бўлиб ҳисобланади”, деб ёзган.

Фаластинлик давлати чегаралари тўғрисидаги масалаларни муҳокамаси хусусида тўхталар экан, Педро Санчес Испания бошқа мамлакатларнинг чегарасини белгиламаслиги кераклигини таъкидлади. Айни пайтда у ўз нутқида Фаластиннинг икки ҳудуди — Ғазо сектори билан Ғарбий соҳил — йўлак билан бирлаштирилиши, давлатнинг пойтахти эса Шарқий Қуддус бўлиши кераклигини айтган.

Испания бош вазирига кўра, Фаластин давлати энг аввало яшовчан бўлмоғи лозим. Санчес ўз ҳукумати АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига қарши эканини ҳамда гуруҳ жангариларининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига қилган ҳужумини кескин қоралашини қўшимча қилган. Испания бош вазири қайдича, Фаластин мустақиллигини тан олиш “икки давлат муаммосини ҳал қилиш учун ягона йўл”дир.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.

Нетаняҳу Рафаҳга берилган зарбани “бахтсиз тасодиф” деб атади

Рафаҳдаги қочқинлар лагерига берилган зарба оқибатлари
Рафаҳдаги қочқинлар лагерига берилган зарба оқибатлари

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу парламентда қилган чиқишида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерига берилган зарба “бахтсиз тасодиф” бўлганини тан олди, бироқ “барча мақсадларга эришилмагунича” урушни давом эттиришга ваъда берди.

Исроил армиясининг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берилган зарбаси чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёш болалар дохил камида 45 киши нобуд бўлган, юзлаб одам яраланган.

Нетаняҳу ўз сўзида хато сабабига аниқлик киритмаган. Даставвал исроиллик ҳарбийлар ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) мажмуасига аниқ авиазарба берилгани, унда гуруҳнинг икки нафар юқори лавозимли аъзоси ўлдирилгани ҳақида билдиришган. Ҳаво зарбаси ва ундан сўнг юзага келган ёнғинга оид тафсилотлар маълум бўлганидан кейин ҳарбийлар тинч аҳоли вакиллари ўлими юзасидан тергов бошлангани ҳақида баёнот берганлар.

Исроилнинг Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 28 майга ошиғич йиғилиш чақирди, дея хабар қилди AFP. “Ёпиқ эшиклар ортида” учрашув ўтказишни айни пайтда Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзоси бўлган Жазоир талаб қилган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Рафаҳга берилган зарба оқибатлари акс кадрларни “юракларни эзиб юборадиган” деб таърифлаган. Кенгаш баёнотида АҚШ содир бўлган воқеани баҳолаш устида исроиллик ҳарбийлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишлаётгани айтилган.

Франция президенти Эммануэль Макрон Исроилдан бу амалиётни тўхтатишни қатъийроқ талаб қилган. “Рафаҳда тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудуднинг ўзи йўқ. Мен халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилиш ва ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақираман”, деб ёзган Макрон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровда тутиб турилган кишиларни озод қилиш уринишларида асосий воситачи бўлган Қатар Рафаҳга берилган зарба шундоқ ҳам боши берк кўчага кириб қолган музокараларни “қийинлаштириб юбориши” мумкинлигини билдирган.

Исроил уруш қоидаларига риоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилётгани, бироқ зиммасига ҳеч қанақа мажбурият олмаган душман билан тўқнаш келаётганини даъво қилмоқда. Исроилликлар иддаосига кўра, ҲАМАС Ғазо секторининг тинч аҳоли яшайдиган мавзеларига кириб олиб, гаровдагиларни шартсиз озод қилишдан бош тортиб келмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қилган.

Боррель: Украина қуролга кейинги йилда эмас, шу кунда муҳтож

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель
ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Украина ўзини мудофаа қилиши учун зудлик билан етказилиши лозим бўлган ҳарбий ёрдамга кейинги йилда эмас, “ҳозирги кунда” муҳтож эканини билдирди.

Брюсселда журналистлар учун уюштирилган галдаги брифингда сўзлар экан, Боррель учрашув аввалида сўнгги икки сутка давомида Ғазо сектори ва Украинада “даҳшатли” воқеалар содир бўлганини урғулади.

Боррельга кўра, Украина ташқи ишлар вазири Кулеба яна Россия ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларининг олдини олиш учун Киевга “Пэтриот” мажмуаларини етказиб бериш зарурлиги ҳақида гапирган.

Боррель Европадаги сиёсий доираларда Россия қўшинларига қарши ғарб қурол-аслаҳасидан кенгроқ фойдаланиш учун Киевга ҳуқуқ бериш ва чекловларни олиб ташлаш мавзуси тобора фаолроқ муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.

Яқинда Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган Украина бўйича халқаро конференция масаласида эса Европа дипломатияси раҳбари Россия бир томондан тинчлик музокараларини бошлашни таклиф қилиб, бошқа томондан Харьковга зарбалар бераётганини қайд этган. Боррель Украина бўйича Швейцарияда бўлиб ўтажак саммитни қатъиян дастаклашини билдирган.

АҚШда пўртаналар оқибатида 20 дан зиёд одам ҳалок бўлди

АҚШнинг Арканзас, Оклахома, Техас ва Кентукки штатларида кузатилган кучли пўртаналар камида 21 кишининг умрига зомин бўлди, яна юзлаб киши тан жароҳати олди. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Кентукки штати губернатори Энди Бешир 27 май куни фавқулодда вазият тартибини эълон қилди. Кучли шамол вайрон қилувчи торнадолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Табиий офат натижасида кўплаб тураржойлар ва ижтимоий биноларга шикаст етган. CBS хабарига кўра, 370 чоғли уй электрсиз қолган. Шу туфайли Арканзас касалхонасида камида бир бемор вафот этган: у уланган нафас олиш аппарати ишламай қолган. Айрим ҳудудларда электр таъминотини тиклашга бир неча кун кетиши мумкин, айниқса агар об-ҳаво шароити ўнгланмаса.

Метеорологлар тахминига кўра, бўрон камида яқин суткалар ичида давом этади, айни пайтда унинг маркази АҚШнинг аҳоли зич жойлашган шарқий соҳилига кўчиши мумкин.

Кучли шамол ва торнадо жорий йилнинг апрель ва май ойларида АҚШнинг кўплаб штатларига шикаст етказган. Ўтган ҳафтада Айова штатида улар туфайли камида беш киши ҳалок бўлган, Хьюстонда эса аввалроқ саккиз киши табиий офат қурбони бўлган.

АҚШнинг марказий штатлари иқлим ва рельеф хусусиятлари туфайли “торнадо камари” деб ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши сабабли бутун дунёда кучли довуллар тез-тез содир бўлиб, янада ҳалокатлироқ бўлиб бормоқда.

“Рафаҳ” НЎПда Миср ва Исроил аскарлари ўртасида отишма чиқди

“Рафаҳ” назорат-ўтказиш маскани Ғазо сектори тарафидан кўриниши (архив сурати)
“Рафаҳ” назорат-ўтказиш маскани Ғазо сектори тарафидан кўриниши (архив сурати)

Миср билан Ғазо сектори чегарасидаги “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканида исроиллик ва мисрлик ҳарбийлар ўртасида чиққан отишмада мисрлик бир аскар ҳалок бўлди, яна бир неча нафари яраланди. Исроилликлар орасида жабрланганлар йўқ.

Қоҳира содир бўлган ҳодисада Исроил томонини айблади - расмийлар отишмани исроиллик аскарлар бошлаганини маълум қилишди.

Ўз навбатида, Исроил мисрлик аскарлар ЦАХАЛ (Исроил армияси) аскарларини ташиган юк машинасига қарата ўт очганини, исроилликлар бунга жавобан қуролларини ишга солганини иддао қилмоқда.

Исроил нашрларининг ёзишича, Исроил ва Миср мамлакатлар ўртасида можаро келиб чиқишини истамаяпти ва ҳодиса юзасидан қўшма суриштирув олиб боришмоқда.

Исроил армияси май ойи бошида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) қарши бошланган амалиёт доирасида Ғазо сектори тарафидан “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканини ўз назорати остига олган. Мазкур амалиёт ҲАМАС вакилларининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олиб, Ғазога олиб чиқиб кетгани ортидан бошланган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил иддаосича, Рафаҳ жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси бўлиб ҳисобланади.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қиляпти.

Дунёдаги кўплаб мамлакатлар Исроилни Ғазодаги тинч аҳоли вакилларига нисбатан ҳаддан зиёд шафқатсизликда айбламоқда. Исроиллик ҳарбийлар фақатгина ҲАМАС инфратузилмасига ҳужум қилаётганларини ҳамда гуруҳ тинч аҳолидан тирик қалқон ўлароқ фойдаланган ҳолда, ўз объектларини одамлар зич яшайдиган ерларга жойлаштираётганини даъво қилиб келяпти.

Геленжикда “Путин саройи” яқинидаги объектлар ҳужумга учради

Геленжикдаги “Путин саройи”
Геленжикдаги “Путин саройи”

Россиянинг Краснодар ўлкасида жойлашган Геленжик шаҳри ҳудудидаги объектлар 27 майга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига нишон бўлди.

“Криница қишлоғида аппаратлардан бирининг парчалари қурилиши битмаган бинога шикаст етказди. Жанхот хуторида дрон дарахтлар устига қулаган, ёнғин сўндирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, [ҳодиса чоғида] жабрланганлар йўқ”, дея билдирган ўлка губернатори Вениамин Кондратьев. Мулозим дронларнинг барчаси ҳавога қарши мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини иддао қилган.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Краснодар ўлкасида душанбага ўтар кечаси тўртта дрон йўқ қилинганини маълум қилган эди.

Жанхот хутори яқинидаги Идокопас бурнида, кўплаб тадқиқотларда иддао қилинишича, Россия президенти Владимир Путин учун қурилган сарой жойлашган. Криница қишлоғида мазкур сарой атрофида етиштирилган узумни қайта ишлаш учун “Старий Прованс” вино заводи қурилаётган эди.

Россия президент Владимир Путин 2021 йили “сарой” унга тегишли эмаслиги ва ҳеч қачон у ерда бўлмаганини айтган эди. Путин ҳақиқатан ҳам у бинода яшагани ёки бўлгани ҳақида очиқ-ойдин далил йўқ, бироқ ҳужжатлардан келиб чиқилса, бу саройга президентга ўта яқин бўлган кишиларнинг алоқаси бор. Путиннинг дўсти бўлган тадбиркор Аркадий Ротенберг бу бино унга тегишли эканини айтган. 2021 йилдан кейин у ҳам, Путин ҳам сарой ва унинг тақдири ҳақида оғиз очган эмас.

Май ойи бошларида президент Путин бешинчи марта қасамёдга келтирилиши арафасида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Геленжикдаги сарой интерьерлари экани иддао қилинган видео ва фотосуратларни ёйинлаган эдилар.

Путинга “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлаш таклиф қилинди

Кобулда қўриқчилик қилаётган "Толибон" кучлари (архив сурати)
Кобулда қўриқчилик қилаётган "Толибон" кучлари (архив сурати)

Россиянинг Адлия ва Ички ишлар вазирликлари президент Владимир Путинга Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаш мумкинлиги ҳақида ўз хулосаларини тақдим этишган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ТИВ Осиё иккинчи департаменти директори Замир Кабулов сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Дунёдаги аксар мамлакатларда террор ташкилоти деб топилган “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаб олиб, Афғонистон бўйлаб ўз ҳукмронлиги ўрнатган эди. Ўшанда Афғонистон “Ислом амирлиги” деб эълон қилинган.

Ғарб мамлакатлари “Толибон”ни Афғонистоннинг машруъ ҳукумати деб тан олмайди. Россия Федерациясида ҳам террор ташкилоти деб топилганига қарамай, ўтган йиллар мобайнида “Толибон” делегацияси бир неча бор Москвага дипломатик ташрифларни амалга оширган.

Ўзбекистон расмийлари ҳам қарийб уч йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати билан муносабатларни бузмасликка уриниб келишмоқда. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG