Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:16

Халқаро ташкилот ўзбек расмийлари ваъдасига ишонмоқда


Халқаро қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятни ўрганиш учун рухсат олиш мақсадида Тошкент ҳукумати расмийлари билан музокараларни деярли якунлади.

Гарчи Ўзбекистон томони бу борада ҳозирча аниқ бир гап айтмаган эса-да, халқаро ташкилот Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечиришни келаси йил бошидан қайта бошлашга умид қилмоқда.

Ташкилотнинг Тошкентдаги вакили Пьер Эммануэл Дюкруенинг маълум қилишича, музокаралар Ўзбекистоннинг бир неча идоралари, жумладан, Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси, Бош прокуратура расмийлари билан олиб борилган ва бу музокаралар ҳозир деярли якунланган. Энди Ўзбекистон томони ташкилотга қамоқхоналардаги вазиятни ўрганиш, маҳбуслар билан учрашиш учун рухсат бериши ёки буни рад этиши борасида ўз сўзини айтиши керак. Аммо халқаро ташкилот бунга рухсат берилишига ишонч билан қарамоқда.

Халқаро қизил хоч ташкилоти сўнгги бор 2004 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилган эди. Ўшандан бери ташкилот қамоқхоналардаги вазиятни ўрганиш борасида ҳукуматдан рухсат ололмаган, барча уринишлари бесамар бўлган.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин эса вазият яна кескинлашди. Ташкилотнинг Ўзбекистон расмийлари билан алоқаларида узилиш рўй берди. Агар бу сафарги уринишлар натижа берадиган бўлса, Халқаро қизил хоч Андижон воқеасидан сўнг Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечирган биринчи халқаро ташкилот бўлади.

“Биз барча қамоқхона ва жазони ўташ муассасаларини кўздан кечиришга, у ердаги шароит билан танишишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бу вақт талаб этади. Қамоқхоналардаги вазият тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун бор имконимизни ишга соламиз”, - деди Пьер Эммануэл.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар мунтазам қийноққа солиниши, баъзи ҳолларда ўша қийноқлар оқибатида ҳаётдан кўз юмиши борасида хавотир билдириб келади. БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечириб, у ерда қийноқлар мунтазамлик касб этади, деган хулосани берган ва уларни бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига тавсиялар тақдим этганди.

“Ҳисоботимга илова қилинган ҳужжатларда қийноққа учраган ўнлаб маҳбуснинг ҳикояларини ўқишингиз мумкин. Бу ҳужжатларда фақатгина ўз ҳикояларини эълон қилишимизга розилик берган маҳбусларнинг бошдан кечирган қийноқлари акс этган. Лекин ҳикояларининг ошкор этилишини истамаган кўплаб бошқа маҳбуслар билан ҳам гаплашганман. Уларнинг ҳаммаси қийноққа солингани ҳақида гапириб берган. Шунинг учун Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мунтазамлик касб этиши ҳақида хулоса берган эдим”, - деганди Тео ван Бовен.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўзларига кўра, Ўзбекистонда қийноқлар қўлланишига оид вазият ўзгармаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро қизил хоч ташкилотига сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхоналарни ҳам кўздан кечиришга рухсат берилиши талабида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 8 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувда Халқаро қизил хоч ташкилотига ўзбек қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат берилишини ваъда қилган эди. Вазирнинг шу баёнотидан кейин Халқаро қизил хоч ташкилоти ўзбек расмийлари билан музокараларга киришган ва улар ўз сўзида туришига ташкилотнинг ишончи катта.
XS
SM
MD
LG