Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:45

“Иванов ўзбеклари” озод қилиниши ҳали ҳам даргумон


20 декабрь куни ўтган йили Россиянинг Иваново вилоятида ҳибсга олиниб тергов изоляторида сақланиб келинаётган 13 ўзбекни қонуний равишда қамоқда ушлаб туриш муддати мутлақ тугади.

12 таси ўзбекистонлик, бири қирғизистонлик ўзбеклар 2005 йил 18 июнда ҳибсга олинган. Ҳибс эса 20 июнь санаси билан ҳужжатлаштирилган. Ана шу ҳужжатга кўра, 2006 йил 20 декабрь куни бу ўзбеклар ҳибсда сақланаётганига роппа-роса 18 ой тўлди. Россия қонунчилигига биноан ҳибсда сақлаш муддати 18 ой. Бу муддат ичида якуний қарор бўлмаса, шахс озод қилиниши керак.

Ўзбекистон расмийлари томонидан терроризму конституциявий тузумга қарши тажовуз каби даҳшатли жиноятларда айбланаётган “Иваново ўзбеклари”нинг озод қилиниши ҳақида гапириш мушкул. Ҳар ҳолда ана шу сўров билан Иваново ички ишлар бошқармасига борган адвокат Ирина Соколовага уларнинг озод қилинмаслиги айтилган.

“Улар Россия Жиноят процессуал кодексига мувофиқ хорижий давлат томонидан берилиши сўралаётган фуқароларни ҳибсда тутиб туриш муддати аниқ кўрсатилмаган, деган сабабни келтирди. Аммо мен адвокат сифатида буни нотўғри ҳисоблайман. Чунки Жиноий процессуал кодексининг умумий нормалари бу ҳолатга ҳам таалуқли. Уларни 18 ойдан ортиқ ҳибсда тутиб туриш мумкин эмас. Бундан ташқари, бу ҳақда Конституциявий суд ажрими ҳам бор. Хуллас, биз бу фуқароларнинг ноқонуний ушлаб турилгани тўғрисида шикоят аризаси билан мурожаат қиламиз”, - деди “Иваново ўзбеклари” адвокати И.Соколова.

“Иваново ўзбеклари”нинг озод этилиши масаласи яна кун тартибига чиққан бир пайтда Иваново вилоятининг Октябрь тумани суди бу фуқароларга Россия ҳудудидан вақтинчалик бошпана беришни рад этиш тўғрисида Россия Федерал миграция хизматининг қарорини асоссиз, деб топди ва ишни қайта кўриш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда “Иваново ўзбеклари” ҳимояси билан шуғулланаётган юрист Светлана Мартинова маълум қилди.

“Октябрь тумани суди миграция хизмати йўл қўйган камчиликларини тузатиши тўғрисида қарор чиқариб берди. Суд ҳукмига кўра, миграция хизмати “Ҳьюман райтс уотч”, БМТнинг қочқинлар идораси каби манбалардан олинган ахборотларга, шунингдек, бу фуқароларга БМТ ваколати остидаги қочқинлик мақоми берилганига эътибор қаратмаган. Хуллас, бу жуда тўғри қарор ва у ҳозир бизнинг қўлимизда”, - деди С.Мартинова.

Бу қарор эса шу кунга қадар жавобсиз қолаётган масала - уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборишмасмикан, деган хавотирни бироз нари суради. Чунки ҳозир уларнинг экстрадиция қилинишини маъқуллаган Россия Олий суд ҳукми устидан шикоят юзасидан Страсбург суди қарори кутилаётган эди. Мана энди Октябрь тумани суди қарори юзасидан миграция хизмати жавоби ҳам кутилади. Бу борада қонуний жавоб бўлмагунга қадар эса “Иваново ўзбеклари”ни юртига экстрадиция қилиш мумкин эмас.

Аммо 21 декабрдан бошлаб бир ярим йилдан буён тергов изоляторида ўтирган ўзбекларни ҳибсда сақлаш ҳам мумкин эмас. “Иваново ўзбеклари” ҳимояси билан шуғулланаётган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходими Елена Рябинина айни шу вазият инсон ҳуқуқлари қоғозда бошқа, амалда бошқа эканига яққол далил эканини айтади.

“Аслида эса уларни ҳибсда сақлашнинг қонуний муддати ёзда тугаган. Яъни 2005 йил 18 июнда 13 ўзбек чегара тартибини бузганликда айбланиб ушланган ва қонуний қарорга мувофиқ ҳибсга олинган. То суд ҳукмига қадар қонунни бузганликда гумон қилинаётган шахслар 3, 6, 12 ёки 18 ой ҳибсда сақланиши мумкин. Бироқ ҳар гал бу муддат тегишли қарор билан узайтирилиши керак. Иваново ўзбеклари ишида эса бундай қарор бўлмаган”, - дейди Е.Рябинина.
XS
SM
MD
LG