Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Халқ маслаҳати “Туркманбоши”ликка номзодларни танламоқда


Туркманистоннинг олий вакиллик органи - Халқ маслаҳатининг 2,5 мингдан ортиқ аъзоси мамлакатда президент сайловини 2007 йилнинг 11 февралида ўтказиш таклифини бир овоздан маъқуллади.

Халқ маслаҳатининг бу йиғилиши Туркманистонни узоқ йиллар бошқарган Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейинги биринчиси бўлиб, мажлисни президент вазифасини вақтинчалик бажараётган Қурбонгули Бердимуҳаммедов бошқарди. У мамлакат президентлигига ўз номзодини қўядиган ҳар бир киши Туркманбошининг сиёсатини давом эттириши лозимлигини таъкидлади.

“Биринчи, Туркманистоннинг биринчи президенти, Халқ маслаҳати кенгаши раиси Сапармурод Ниëзовнинг ўлими. Иккинчи, Туркманистон конституциясига ўзгартиш киритиш, Туркманистон конституциясини қабул қилиш. Учинчи, Туркманистон президентлигига сайлов ва сайловлар ҳақидаги қонунни қабул қилиш. Тўртинчи, сайлов варақаларини санаш тартибини жорий этиш. Бешинчи, сайловлар ва референдум тизимига ўзгартиш киритиш. Олтинчи, президент сайловининг ўтказилиш муддати ва номзодларни рўйхатга олиш”, - деди Қ.Бердимуҳаммедов депутатларни Халқ маслаҳати кенгашининг кун тартиби билан таништирар экан.

Қ.Бердимуҳаммедов ўтган ҳафтада мамлакатда президент сайлови демократик руҳда ўтказилиши ҳақида баёнот берган эди.

Бош вазир ўринбосари бўлган Қ.Бердимуҳаммедов Туркманбоши ўлимидан кейин дарҳол давлат бошқарувини ўз қўлига олган эди. Аслида мамлакатни вақтинчалик бошқариш конституцияга биноан парламент раиси Авазгелди Отаевга ўтиши керак эди. Бироқ С.Ниёзов вафоти эълон қилиниши билан унинг устидан жиноят иши очилди.

Халқ маслаҳати йиғилишида сайлов муддати белгилангандан сўнг президентликка номзодлар масаласи ҳам кўтарилди. Ҳозирча президентликка бир неча кишининг номзоди илгари сурилгани айтилмоқда.

Қизиғи шундаки, йиғилишда барча жамоат ташкилотлари номидан президентлик вазифасини вақтинчалик бажараëтган Қ.Бердимуҳаммедовни президентликка номзод қилиб кўрсатиш ва конституцияга ўзгартириш киритиш таклифи ҳам янгради. Ҳолбуки, Туркманистон конституциясига кўра, президент вазифасини вақтинчалик бажараëтган шахс президент сайловида қатнаша олмайди. Шунга қарамай, Қ.Бердимуҳаммедов президентликка асосий даъвогар сифатида кўриляпти.

Айни пайтда Туркманистоннинг муҳожиратдаги мухолифати ҳам президент сайловига ўз номзоди билан қатнашиш истагини билдирган. Мухолифат етакчилардан бири Нурберди Нурмамедов шундай номзодлардан бири бўлиши эълон қилинди.

“Бизнинг ҳаракат, яъни Туркманистон бирлашган демократик мухолифати президентликка Нурберди Нурмамедов номзодини қўймоқдамиз. У таниқли шахс ва демократдир. У Туркманистонда биринчилардан бўлиб демократия ғоялари учун кураш олиб борган инсон”, - деди Туркманистон бирлашган демократик мухолифати фаолларидан бири, собиқ ташқи ишлар вазири Авди Қулиев.

Туркман мухолифати вакиллари Европа, Россия ва АҚШдан С.Ниёзов ўлимидан сўнг Туркманистонда демократия ўрнатишда ёрдам беришни сўради.

Бироқ Туркманистон хавфсизлик хизмати мухолифатнинг мамлакатга қайтган ҳар бир вакили ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG