Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:34

Страсбург суди мухолифат вакилининг ёнини олди


Страсбургдаги инсон ҳуқуқлари суди Озарбойжон ҳукумати мамлакат сиёсий мухолифати етакчиларидан бири Сардор Жалолўғлига қилинган ноҳақликлар учун товон тўлаши ҳақида қарор чиқарди.

2003 йилнинг октябрида юзига ниқоб таққан полиция зобитлари Сардор Жалолўғлининг Бокудаги уйига бостириб кирган эди. У мамлакат президенти сайлови натижаларидан норозилик намойиши уюштиришда айбланиб қўлга олинганди.

Мухолифат етакчисининг айтишича, у ҳибсхонада темир таёқ билан калтакланган, қийноққа солинган. Бу ҳолат тиббий маълумотномада ҳам қайд этилган. Маълумотномада С.Жалолўғлининг танасига бир неча бор қаттиқ нарса билан зарба берилгани, у вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолгани ёзилган.

Аслида С.Жалолўғли норозилик юришида шахсан иштирок этмаган, лекин суд уни юришни уюштиришда айблаб, 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди. Кейинроқ амнистия асосида озодликка чиққан мухолифатчи адолат излаб Страсбург судига мурожаат қилди.

11 январь куни Страсбург суди Озарбойжон ҳукуматини С.Жалолўғлига нисбатан ёмон муносабатда бўлишда ҳамда унинг даволанишга кетган харажатларини қоплаш тўғрисидаги талабларига мутаносиб жавоб бермаганликда айбдор топди.

Суд қарорига кўра, ҳукумат С.Жалолўғлига у кўрган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун 11 817 евро (15 275 доллар) тўлаши керак.

Страсбург судининг С.Жалолўғли иши бўйича қарори Озарбойжон ҳукуматига қарши чиқарган ҳозирча иккинчи қарори, холос. Лекин мухолифат етакчисининг фикрича, бу ҳукм мамлакатдаги қийноқларга қарши ҳаракатнинг кучайишига, шикоят аризаларининг кескин кўпайишига туртки бериши мумкин.

“Табиийки, бу Озарбойжондаги қамоқхоналарда қийноқлар борлигини исботловчи биринчи ишдир ва у яхши прецедентдир. Эндиликда Озарбойжондаги қийноқларга оид барча шикоятлар тезроқ ва жиддийроқ кўриб чиқилади”, - деди Сардор Жалолўғли.

У Страсбург судидан ёрдам сўраган ягона озарбайжонлик эмас. Шу кунда судда яна 600дан зиёд озарбайжонликнинг аризаси ўз навбатини кутяпти.

Умуман, Страсбург судига келиб тушаётган шикоятларнинг кўпчилиги Россия, Украина, Молдова, Арманистон, Озарбойжон ва Грузиядандир.

Суддаги россиялик адвокат Ольга Вишневскаянинг таъкидлашича, бу постсовет мамлакатлари судлов тизимларининг мукаммалликдан йироқлиги оқибатидир.

“Страсбург судига мурожаат қилган аризачиларнинг деярли ҳаммаси ўз мамлакатида юридик ҳимояланишнинг самарали воситаси йўқлигини айтади”, - дейди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, Страсбург судига мурожаат қилган постсовет мамлакатлари фуқароларининг аксарияти ўз мамлакатларидаги судларга ишонмаслиги туфайли уларга арз қилмаганини билдирган.
XS
SM
MD
LG