Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

Янги “совуқ уруш” шамоли эсмоқда


Чехия ва Польша бош вазирлари АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини ўз давлатларига жойлаштиришга рози бўлгани Россиянинг бу режадан эътирозларини янада кучайтирди.

19 февраль куни Варшавада учрашган бош вазирлар бу масалада Вашингтон расмийлари билан музокара бошлашга тайёрлигини билдирди.

“Иккала давлат АҚШнинг таклифига жавоб беришга тайёрланяпти. Биз бу таклифга ижобий жавоб беришга, сўнг музокаралар бошлашга келишиб олдик”, – деди Чехия бош вазири Мирек Тополанек Варшавадаги музокаралардан сўнг.

Ўтган ой Вашингтонда эълон қилинган лойиҳада 2012 йилга қадар Чехия ҳудудига радар станцияси қурилиши ва Польшага қанотли ракеталар ўрнатилиши кўзда тутилган. Икки давлат бош вазирлари бу Россияга эмас, балки “ғаразгўй” давлатлар ракеталарига қарши қаратилганини таъкидлади. Бироқ уларнинг баёноти мазкур тизим ўрнатилишидан норози бўлган Москва расмийларини асло тинчлантиргани йўқ.

“АҚШнинг Шарқий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштириш режаси бизни жиддий хавотирга солмоқда. “Европада оддий қуролли кучлар тўғрисида”ги шартноманинг бўҳронли вазияти ҳам бизни ташвишга солмоқда. Бизга берилган ваъдаларга қарамай, НАТОнинг кенгаяётгани ҳам ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшмайди. Шунингдек, НАТО инфратузилмасининг Россия чегаралари сари яқинлашиб келаётгани ҳам бизни ташвишга соляпти”, – дея баёнот берди 20 февраль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россиянинг стратегик кучлари қўмондони Николай Соловцов АҚШ ўз режасини амалга оширишни давом эттирса, Россия “Европада қисқа ва ўрта масофага учадиган ракеталарни қисқартириш тўғрисида” АҚШ билан 1987 йилда имзоланган шартномадан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

У мудофаа тизимининг бир қисмини ўз ҳудудларига жойлаштирилишига рухсат бериш орқали Чехия ва Польша Россия ҳарбийларининг нишонига айланиши мумкинлигини таъкидлади.

Ҳарбий экспертлар Чехия ва Польшага жойлаштирилиши мўлжалланган тизим Россиянинг ракеталарини ушлаб қола олмаслигини таъкидламоқда.

Москвадаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Александр Пикаев эса Кремль расмийлари тизим яратилгандан кейин шундай имкониятга эга бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Ҳарбий масалалар бўйича россиялик бошқа бир таҳлилчи Александр Голц фикрича, АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими Россиянинг ядровий салоҳиятига таҳдид солмайди. Москва расмийлари бўлаётган воқеалар Россиянинг буюк ядровий давлат мақомига путур етказиши мумкин, деган фикрда бунга кескин муносабат билдиряпти, холос.

Кузатувчилар бу тортишув “совуқ уруш” давридаги собиқ рақиблар ўртасида шундоқ ҳам яхши бўлмаган муносабатларни янада ёмонлаштираётганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG