Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

“Ижтимоий ҳимоя йили”нинг немисларга нима алоқаси бор?


Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда “Ижтимоий ҳимоя йили”, деб эълон қилинган 2007 йилда ижтимоий ҳимоя соҳасида гўёки катта ишлар амалга оширилишини хорижда ҳам кенг тарғибот-ташвиқот қилмоқда.

Бу борадаги тадбирлардан бири Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ташаббуси билан Германиянинг Квакенбург шаҳрида ўтказилди.

2005 йилги Андижон воқеалари айнан ижтимоий муаммолар сабабли келиб чиққани айтилади. Орадан бир йил ўтиб, кузатувчиларнинг бу фикрларини тасдиқлабми ёки бошқа сабаб, Ўзбекистон ҳукумати 2007 йилга “Ижтимоий ҳимоя йили”, деб ном берди.

Илгарилари ҳам мамлакатларда йилларга ном бериларди. Лекин бу ишлар четга овоза қилинмас, мамлакатнинг ўзида ими-жимида ўтказилаверарди. Бу йил эса “Ижтимоий ҳимоя йили” ҳамма жойга овоза қилиняпти.

Европа Иттифоқи ўзининг Марказий Осиëдаги позициясини кучайтиришга интиляпти ва тузилманинг амалдаги раиси Германия Ислом Каримовнинг нафақат ташқи, балки ички сиëсатини ҳам қўллаб-қувватлаëтган кўринади.

“Ижтимоий ҳимоя йили” доирасида Квакенбург шаҳрида ўтказилган тадбир ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси матбуот котиби Маҳмуд Бобоназаров Квакенбургдаги тадбир ҳақида гапириб: “У ерда давра суҳбати ўтказдик. Биз ўша жойдан ижтимоий ёрдам олдик. Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ўша ерда махсус тадбирлар ўтказамиз. Германиянинг хайрия ташкилотлари бизга ëрдам кўрсатадиган бўлди”, - деди.

Ўзбекистонда эълон қилинган “Ижтимоий ҳимоя йили”нинг Германияга қандай алоқаси бор?

“Мақсадимиз - Германияда бизни иложи борича кўпроқ танишсин. Немис жамоатчилиги биз тўғримизда билсин”, - дейди М.Бобоназаров.

“Ижтимоий ҳимоя йил”и учун Ўзбекистонда ишлаб чиқилган давлат дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш кабилар ҳақида сўз боради.

Сир эмаски, ишсизлик Ўзбекистондаги энг катта муаммолардан бири.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ходими Сойибжон Алиев ишсизлик муаммосини битта йўналишда бартараф этиб бўлмаслигини айтади.

“Шунинг учун бу йил янги иш жойларини яратиш дастури ишлаб чиқилди. Бу дастур бўйича биз ҳар бир йўналиш ва корхонада иш ўрни яратилишига ҳаракат қиляпмиз. Ундан кейингина фуқаронинг даромадга эга бўлиши, ишсизликнинг олди олиниши секин-аста кузатилади”, - дейди С.Алиев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон меҳнатга лаёқатли ва иқтисодий аҳоли оғир ишсизлар сони расман 3,5 фоизни ташкил этади.

“Лекин бир нарсани ëддан чиқармаслик керак. Бу бизга иш сўраб мурожаат қилганлар сонидир. Биз ўзимизга мурожаат қилганларнигина иш изловчи, деб ҳисоблаймиз. Иш билан банд бўлмаганлар сони эса, албатта, бундан кўп”, - деди С.Алиев.

Оддий аҳоли вакиллари эса, расмийлардан фарқли ўлароқ, иш йўқлиги, иқтисодий ҳаёт оғирлиги, ижтимоий ҳимоя сустлигини гапиради. Улар аҳолининг моддий фаровонлиги ошиб бораётгани ҳақида ҳукумат вакиллари оғзини тўлдириб гапираётган гапларга ҳам ишонмайди. Ҳар ҳолда моддий фаровонлик ошаётгани ҳукуматга кўриниб, аҳолининг ўзига сезилмаётгани бугун кўпчиликни ҳайрон қолдирмайди.
XS
SM
MD
LG