Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:24

Ўзбек-қирғиз муносабатлари аъло даражадами?


Куни-кеча Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ишонч ёрлиғи топширган Қирғизистоннинг Тошкентдаги янги элчиси Азиз Мадмаров икки мамлакат муносабатлари аъло даражада эканини билдирди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганида икки мамлакат раҳбарлари 2007-2011 йилларда иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва дастурни имзолаган эди.

А.Мадумаров ишонч ёрлиғи топшириш маросимида бу ҳужжатлар икки давлат ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратганини таъкидлади.

Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ходимаси Айдай Умарқулова ҳам янги элчининг икки давлатнинг ўзаро муносабатларига берган баҳосига қўшилди. У қирғиз-ўзбек алоқалари ҳамкорлик ҳамда бир-бирини қўллашга қаратилгани ва бу борада ўзаро ишонч тамойиллари устивор аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти ҳам Ўзбекистон ҳар доим Қирғизистон билан бўладиган ўзаро фойдали алоқаларни қўллашини, бу икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги кўрсаткичлар ўтган йили 38 фоиз ошганини ёзди.

Мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев эса ўзбек-қирғиз муносабатларида ижобий ўзгаришлар бўлаётганига ишонмайди.

“Гарчи расмийлар алоқалар ривожланиб бораётгани ҳақида гапираётган бўлса-да, аслида амалда ижобий силжишлар кузатилмаяпти. Чегара очилди, визасиз борди-келди йўлга қўйилди, дегани билан ҳали бирорта ижобий ўзгариш кўринмайди. Масалан, интеграция жараёнлари бошланиши лозим эди, борди-келди кўпайиши керак эди. Шу бу йўқ. Албатта, ҳукуматлар доирасида ён қўшнилар билан муносабатлар яхши бўлса, оддий аҳолига ҳам ижобий таъсири катта бўлади. Лекин бу сезилмаяпти”, - дейди Т.Йўлдошев.

Қирғизистонлик сиёсатчи Ғанижон Холматов таъкидича, Қирғизистондаги “лола инқилоби” ва ўтган йил ноябрдаги намойишлар боис, расмий Тошкент ҳар доим ўзини бу давлатдан узоқроқ тутишга ҳаракат қилиб келаётганди. Бироқ қирғиз ҳукуматидаги сўнгги ўзгаришлар Ўзбекистон хавотирининг пасайишига сабаб бўлган.

“Қирғизистондаги демократик жараён Ўзбекистон учун жуда катта хавф-хатардай туюлган эди. Бундан нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам хавфсираганди. Афсуски, Қирғизистондаги жараён аниқ бир йўлга тушиб кетмади. Ҳозир ҳам қирғиз ҳукумати инқироз даврини бошдан кечирмоқда. Шу сабаб Ўзбекистон унчалик хавфсирамай қўйди”, - деди Ғ.Холматов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек-қирғиз алоқалари, асосан, Ўзбекистоннинг ўзини тутишига боғлиқ. Ўзбекистонда кутилаётган президент сайлови бирёқлик бўлмагунча, икки мамлакат муносабатларида ўзгариш бўлиши қийин.

“Ўзбекистонда президент сайлови қандай тугайди, президент ўрнида қоладими ёки янги кучлар пайдо бўладими, ўзбек мухолифати қандай ҳаракат қилади - буларнинг барчаси ҳал бўлмагунча, жиддий муносабатлар ҳақида гапириш қийин. Оддий мисол, уч йилдан буён Ўшдаги ўзбек академик театри Ўзбекистонга гастрол сафари билан бора олмаяпти. Шу каби маданий соҳада бирорта ижобий ўзгаришлар кузатилмаётган бир ҳолатда каттароқ ва умумий муносабатларнинг яқинлашуви ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ”, - дейди Ғ.Холматов.
XS
SM
MD
LG