Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:23

Яги қонун болалар ҳуқуқини амалда кафолатлайдими?


Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Мазкур қонун мамлакатда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Янги қонун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодирми, деган саволга жавоб излашдан аввал мамлакатда болалар ҳуқуқлари қай аҳволда эканига бир назар ташлаш жоиз.

“Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларининг поймол қилиниш ҳолатлари, асосан, оиладан бошланади,- дейди фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев. - Ўзбек оиласида болалар оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланмайди. Улар ҳеч қандай овозга эга эмас. Кўп ҳолатларда ота-оналар болалари фикри билан қизиқмайди. Жамиятда ҳам шу қараш шаклланган. Ана шу қарашнинг ўзиёқ бола ҳуқуқи поймол этилишининг бир кўринишидир”.

Ўзбекистонда болалар меҳнати кенг миқёсда эксплуатация қилиниши кўпчиликка сир эмас. Айниқса, қишлоқ жойларда мактаб ўқувчилари баҳорги ва кузги дала ишларига доимий равишда жалб қилинади. Пахта терими мавсумида эса қишлоқ мактаблари деярли ёпиқ бўлади. Ўтган йили Хоразмда ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам пахта теримига чиқарилгани ҳақида маълумотлар бор.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда болалар ҳуқуқи деярли ҳар куни поймол этилишини айтади.

“Деярли ҳар куни вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланиш одатга айланган. Мактаб ўқувчилари пахта йиғим-теримига, чопиғига жалб қилиниши эса оддий ҳақиқатдир. Бу борада илгаридан жиддий тортишувлар бўлган. Бу масалада Вазирлар Маҳкамаси, президентгача чиқилган. Лекин ҳалигача ўқувчи ва талабаларнинг пахтага чиқиш масаласи ҳал бўлганича йўқ”, - дейди А.Ташанов.

Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилда болалар ҳуқуқи борасидаги халқаро конвенцияни имзолаган. Конвенцияда: “Ўн саккиз ёшдан кичик бўлган ва бола ёшида, деб тан олинган ҳар бир бола хавфли бўлган ёки боланинг таълим олишига халақит берадиган, унинг соғлиғи учун зарарли бўлган ҳамда унинг руҳий, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай меҳнат туридан ҳимояланиши шарт”,- дейилади.

Бу конвенцияга аъзо давлатлар ҳужжатда белгиланган барча ҳуқуқларни амалга оширишда қонуний, маъмурий ва бошқа чораларни кўриш мажбуриятига эгадир.

А.Эргашев Ўзбекистон ҳукумати конвенция талабларини ҳеч қачон бажармаганини таъкидлади.

“Болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кенг кўламда поймол қилинмоқда. Ўз розилигисиз ва ихтиёрисиз жамоат ишларига, дала юмушларига жалб қилиниши, яъни ғўзани ягоналаш, буғдой ўриш, пахта теримига олиб чиқиш, ҳар турли шанбаликларни ўйлаб чиқариб болалар меҳнатидан фойдаланиш орқали улар билим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиняпти”, - дейди А.Эргашев.

Кузатувлар Ўзбекистонда аксар ҳолатларда ногирон болаларнинг таълим олиш ва соғликларини тиклаш ҳуқуқлари поймол қилинаётганини кўрсатади. Масалан, Сирдарёда махсус мактаб-интернатларнинг йўқлиги сабабли вилоятдаги ногирон болаларнинг кўпчилиги таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда.

Шундай бўлса-да, расмийлар болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кўп ижобий ўзгаришлар ясашини таъкидламоқда.

Бу қонун лойиҳаси Халқ таълим вазирлиги томонидан тавсия қилинмоқда. Вазирликнинг болалар ижтимоий ҳимояси ва реабилитацияси бўлими бошлиғи Шаҳри Бердиева янги қонуннинг афзалликлари ҳақида гапириб: “У болаларнинг барча ҳақ-ҳуқуқларини ўз ичига жамлаган. Болаликни ҳимоялаш, уларнинг ўқишини ҳимоялаш, умуман болаларга таалуқли бўлган барча йўналишлар янги қонунда мавжуд. Бу қонун доирасида жуда кўп ишлар қилинади. Янги қонун тасдиқланса, болалар омбудсмани институти ташкил қилинади”, - деди.

А.Эргашев эса янги қонун мамлакатда болалар ҳуқуқи борасида ижобий ўзгариш қилишига ишонмаслигини айтади.

“Ўзбекистонда шу пайтгача қабул қилинган қонунларнинг бирортаси амалда қўлланилмайди. Бизда қонунлар ижроси кафолатланмаган. Янги қонун қабул қилинса ҳам мавжуд аҳволда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслиги аниқ”, - дейди А.Эргашев.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари поймол қилиниши кўп ҳолатларда мамлакатдаги иқтисодий етишмовчилик билан ҳам боғлиқ.

Қашшоқ оилаларнинг фарзандлари мактабдан кейин ишлашга мажбур бўлади ёки оддий ўқув қуролларини сотиб олишга ҳам қурби етмай, ўқишни ташлаб кетади.
XS
SM
MD
LG