Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Ўзбеклар Эронга ҳам сиғмаяпти


Зоҳидон шаҳридаги қочқинлар лагерида яшаётган ўзбекистонлик 60 дан ортиқ қочқин Эрон полицияси ўзларини мамлакатдан ҳайдаб чиқаришни кўзлаётганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири Эрондан вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларидан бири Баҳромжон билан суҳбатлашди.

Баҳромжон: Диндорларга таҳдидлар, зулмлар бўлгани учун Ўзбекистондан 10 йил муқаддам қочиб чиққанмиз.

Мухбир: 1999 йилги портлашлардан кейинми?

Баҳромжон: Биз, тошкентлик ва андижонлик бир неча оила 1997 йили чиққанмиз.

Мухбир: Шахсан сизга қандай зулм ёки унинг қандай кўриниши бўлган?

Баҳромжон: Андижон жомеъ масжиди қошида очилган кичик корхонам бор эди. Жомеъ ёпилгандан сўнг у ерда қурол сақлангани ҳақида гап-сўз чиқди. Кейин мени ҳам милицияга чақиришди. Қама-қамалар бошланди. Қарасам, қамалиб кетадиганман...

Мухбир: Дўконингиз Абдували қори имомлик қилган масжид олдидамиди?

Баҳромжон: Ҳа. Абдували қори қамалгандан кейин унинг ортида намоз ўқиган ёшларнинг жуда кўпчилигини, гуноҳи борми-йўқмилигидан қатъи назар, қамаш бошланди. Мен ҳам қамалиб кетишдан чўчиб қочиб чиққанман.

(Шу ўринда бир эслатма. Андижондаги жомеънинг собиқ имоми Абдували қори Мирзаев 1995 йилда Тошкент аэропортида, қайддан ўтиб, самолётга чиқиб кетаётган пайтда йўқолиб қолганича шу кунгача бедарак. Қариндошлари уни Ўзбекистон махсус хизматлари ўғирлаганини айтиб келади).

Мухбир: Ўзбекистондан қочиб, Эронга бордингизми?

Баҳромжон: Йўқ, Тожикистонга. У ердан Афғонистонга, сўнгра Эронга ўтганман.

Мухбир: Афғонистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати сафларида бўлганмисиз?

Баҳромжон: Ҳа. Лекин бир ойгина бўлганман.

Мухбир: Қўлингизга қурол олганмисиз?

Баҳромжон: Йўқ. Ҳаракатга бошқа жойга бориш имконсиз бўлгани учун қўшилиб қолганман.

Мухбир: Нима учун Ўзбекистон исломий ҳаракати сафларидан кетдингиз?

Баҳромжон: Қарасак, бу ҳаракатнинг ҳаракатлари саҳиҳ эмас экан. Буни тушунгач, баъзи ҳамюртларим билан Эронга қочиб ўтиб олганмиз. Мана 5 йил бўлди.

Мухбир: Бу мамлакатдаги ҳаётларингиз ҳақида нима дея оласиз?

Баҳромжон: Эронга ўтгач, 3 йил ғайриқонуний, яшириниб яшадик. Ўзимизни танитсак, Тоҳир Йўлдошевнинг одами, деб Ўзбекистонга топшириб юборилишдан қўрқдик. Қўрқиб яшашдан охири чарчадик. Ҳар куни ўлгандан, бир марта ўлиб қўя қолган яхши, деб ўзимизни давлатга танитдик. БМТнинг бу ердаги идорасига бордик. 2 йил бўлдики, Эроннинг қочқинлар лагерида яшаймиз. 2 йилдан бери учинчи давлатга кўчишни кутяпмиз.

Мухбир: Лагерда қанча ўзбек бор?

Баҳромжон: 65 киши бор.

Баҳромжоннинг айтишича, лагердаги ўзбекистонликнинг катта қисми аёллар ва болалардир. Фарзандларнинг кўпчилиги муҳожиратда туғилиб катта бўлган, саргардонликда таълим олишнинг имкони йўқлиги учун уларнинг мутлақ кўпчилиги саводсиз қолмоқда.

Хўш, Баҳромжон ва унинг шериклари жангариларми ёки ўзи айтаётгандай Ўзбекистон исломий ҳаракатига адашиб қўшилиб қолган кишиларми?

Бу саволга Фарғона водийсида сиёсий исломнинг ўзгачаликлари мавзуи бўйича тадқиқотлар ўтказиб келаётган сиёсатшунос олим Иқбол Мирсаитов жавоб беришга ҳаракат қилди. У бундан икки йил муқаддам Эронга махсус сафар билан бориб, Баҳромжон ва бошқа қочқинлар билан шахсан учрашиб қайтганди.

“Ҳақиқатан ҳам мен 2005 йилда Эронда бу одамлар билан учрашганман. Улар Ўзбекистон исломий ҳаракатига алданиб кириб қолган кишилардир. Улар Ўзбекистондан диндорларга нисбатан зулмдан қочиб чиқиб кетган”, - деди Иқбол Мирсаитов.

Яқиндан бошлаб Эрондаги ўзбек қочқинлари масаласи билан “Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси” ташкилоти шуғуллана бошлади.

Францияда расман қайддан ўтган бу ташкилот раҳбари Надежда Отаева Эрондаги ўзбек қочқинларининг бугунги аҳволини шарҳлар экан: “Улар иш излаб, лагерь ҳудудини тарк этгани тўғрисидаги хабар мени анча ҳушёр торттириб қўйди. Менимча, шу кунда уларга Эронда ишлаш ҳуқуқи берилмаган ва шундан келиб чиқиб, ўзбек қочқинлари мамлакатнинг маъмурий қоидаларини бузган бўлиб чиқяпти. Бундай қоидабузарлик учун расмий Теҳрон уларни ўз ҳудудидан чиқариб юбориши ҳам мумкин”, - деди.

Н.Отаеванинг билдиришича, унинг ташкилоти Эрондаги ўзбек қочқинлари билан боғлиқ масала бўйича ишларни жадаллаштиришга, бу мақсадда тегишли халқаро ташкилотлар билан боғланишга уриниб кўради.
XS
SM
MD
LG