Линклар

Шошилинч хабар
24 май 2024, Тошкент вақти: 09:42

Халқаро хабарлар

АҚШ ҳукумати Шимолий Кореянинг Макао банкидаги музлатилган тахминан 25 миллион доллар маблағи инсонпарварлик мақсадларида фойдаланиш учун Пхеньян ихтиёрига қайтарилишини маълум қилди.

“АҚШ ва Шимолий Корея ҳукуматлари КХДРнинг “Дельта Осиё” банкидаги музлатилган маблағи борасида келишувга эришди. Шимолий Корея таклифи билан бу маблағ Пекиндаги Хитой банки ҳисоб рақамига ўтказилади”, - деди АҚШ расмийси.
Мазкур баёнот Пекинда Шимолий Корея ядровий дастурига барҳам беришга қаратилган олти давлат вакиллари иштирокидаги музокаралар бошланадиган вақтга тўғри келди.

Кун янгиликлари

Москва вилоятидаги мигрантлар яшаган уйда чиққан ёнғинда 8 киши нобуд бўлди

Истра шаҳридаги ёнғин содир бўлган уй
Истра шаҳридаги ёнғин содир бўлган уй

Россиянинг Москва вилояти Истра шаҳрида жойлашган хусусий уйда 23 май тонгида чиққан ёнғин оқибатида саккиз, Россия ФВВ маълумотига кўра, киши нобуд бўлган. Қайд этилишича, мазкур уйда мигрантлар учун ҳостел ташкил қилинган эди.

“РИА Новости” агентлигининг тезкор хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, ёнғинга каминдан сачраган ўт сабаб бўлган бўлиши мумкин,

Shot телеграм-канали маълумотига кўра, ҳодиса чоғида одамлар тириклайин ёниб кетган, иккинчи қаватдан сакраган бир аёл эса жароҳат олган. У бош мия чайқалиши, ёпиқ бош мия жароҳати, елка суягининг синиши ва ёнган жисмлардан ажраган дуддан заҳарланиш каби ташхислар билан касалхонага ётқизилган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахс ўлимига сабаб бўлганлик) бўйича жиноят иши қўзғатган.

23 ёшли йигит томонидан ижарага олинган хусусий уй Россия ҳудудида қайддан ўтмаган хорижлик фуқароларга ижарага бериб келинган, дея маълум қилган Москва вилояти прокуратураси. Маҳаллий телеграм-каналлар уйни ижарага олган йигит ўзбекистонлик экани ҳақида ёзишмоқда. Прокуратура ноқонуний миграция ташкил этиш (РФ ЖКнинг 322.1-моддаси 2-қисми “а” банди) бўйича жиноят иши очган.

Ёнғин чоғида қурбон бўлганларнинг қайси мамлакат фуқаролари бўлгани расман очиқланган эмас, бироқ уларнинг ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида тахминлар айтилмоқда. Shot телеграм-канали манбалари ёнғинда қурбон бўлганлар куйиб кетган уйдан тақрибан 10 километр нарида жойлашган OZON омборхонаси ходимлари бўлганларини айтишган.

Кейинги ҳафтадан россияликларнинг Норвегияга кириши тақиқланади

Норвегия-Россия чегарасидаги Стурског назорат-ўтказиш маскани (архив сурати)
Норвегия-Россия чегарасидаги Стурског назорат-ўтказиш маскани (архив сурати)

Норвегия Россия фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича қўшимча чекловларни жорий қилди. Жорий йилнинг 29 майидан Норвегияга туризм ёки “биринчи даражали бўлмаган аҳамиятга эга” мақсадларда келаётган россияликларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Истисно тариқасида фақат яқин қариндошлариникига келаётганлар ёки Норвегия ва Шенген ҳудудида ишлаш ва ўқиш мақсадида келаётганлар россияликлар учунгина мамлакатга киришга рухсат берилиши мумкин.

Норвегия ҳукумати хабарномасида мазкур чеклов 2022 йил баҳоригача Норвегия томонидан берилган визага эга бўлганларга ҳам, Шенген шартномасини имзолаган бошқа мамлакатлар томонидан берилган визага эга бўлган фуқароларга ҳам тегишли экани қайд этилган.

Норвегия Москва қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин россияликларнинг мамлакатга киришига чеклов жорий қилган ва туристик визалар беришни қарийб тўхтатиб қўйган эди.

Аввалроқ Ғарбий Норвегиядаги полиция хавфсизлик хизмати (PST) раҳбари Торгилс Лутро NRK телеканалига берган интервьюсида минтақада Россия разведкаси агентлари фаолият юритаётганини айтган эди. Мулозимга кўра, Россия ўта муҳим бўлган инфратузилма объектларига қарши диверсиялар ҳозирлаши мумкин.

Ғарбий Норвегияда Шимолий Европадаги энг йирик Хоконсверн ҳарбий-денгиз базаси ҳамда муҳим нефть-газ объектлари, электр станциялари ва электр таъминоти билан боғлиқ бошқа объектлар жойлашган.

PST сўнгги пайтларда Россиянинг бир неча агенти фош қилинганини билдирган, бироқ улар сонига аниқлик киритган эмас.

ЕИдаги тўрт давлат Грузия учун визасиз тартибни бекор қилмоқчи

"Хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга қарши норозилик билдираётган талабалар Тбилисидаги Европа майдонида, 2024 йил май ойи
"Хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга қарши норозилик билдираётган талабалар Тбилисидаги Европа майдонида, 2024 йил май ойи

Европа Иттифоқига кирган тўрт давлат — Эстония, Ҳолландия, Чехия ва Швеция, Грузия расмийлари “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни қабул қилишган тақдирда, грузиялик фуқаролар учун визасиз тартибни бекор қилишни таклиф этишмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Европа мамлакатлари “Грузия ҳукуматига босим ўтказишнинг турли чоралари”ни кўриб чиқишяпти, дейишган мавзудан бохабар мулозимлар.

Бунга оид бошқа чоралар орасида манзилли санкциялар ва Европа Иттифоқи фондларида ажратилган маблағларни музлатиш кабилар бор. Ғоя ташаббускорлари уларни ЕИ ташқи ишлар вазирларининг кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган учрашувида муҳокама қилишмоқчи.

Қарор қабул қилиниши учун ЕИга аъзо 27 мамлакатнинг розилиги керак бўлади. Бироқ, Financial Times маълумотларига кўра, камида битта мамлакат — Венгрия Грузия ҳукуматини дастаклаяпти ва ҳатто ЕИдаги барча мамлакатларга шунга ўхшаш қонун қабул қилишни таклиф қилмоқда.

Аввалроқ Еврокомиссия Грузия расмийларини “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилишдан бош тортишга чақирган. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар”га оид репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.

Еврокомиссия расмий Тбилиси қарори “Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши”ни қайд этган, чунки мазкур қонун лойиҳаси фуқаровий жамиятга путур етказади ва ОАВ эркинлигига хавф солади. Ўтган йили Грузия Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган, бироқ бу борадаги музокаралар ҳали бошланган эмас.

Грузия расмийларини баҳсли қонунни рад этишга АҚШ ҳам чақирган. Қўшма Штатлар акс ҳолда Грузияга берилаётган кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқиш ва норозиларга қарши қатағонга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилган. Қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси халқаро босимни қоралаб чиққан.

14 май куни Грузия парламенти учинчи, якуний ўқишда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйган. Бироқ “Грузия орзуси” партияси президент ветосини айланиб ўтиш учун парламентда етарли овозга эга.

Баҳсли қонун лойиҳаси муҳокамаси Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларидаги кўп минг кишилик норозилик чиқишлари манзарасида бўлиб ўтган. Қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари бўлган ўн минглаб норози қарийб бир ярим ойдан бери “Россия қонуни”ни қабул қилмаслик талаби билан кўчаларга чиқмоқда.

Норозилик акциялари чоғида полиция билан тўқнашувлар бўлган — ҳуқуқ-тартиботчилар, расмийлар фикрича, жамоат тартибини бузган намойишчиларга қарши куч ишлатишиб, уларни қўлга олишган.

Байден Фаластин давлати бўйича бевосита музокаралар тарафдори

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан

АҚШ президенти Жо Байден Фаластин давлатига йўл бир томонлама тан олиш орқали эмас, музокаралар орқали ўтади, деган фикрда. Оқ уй 22 май куни ана шундай баёнот билан чиқди.

Reuters агентлиги қайдича, АҚШ президентининг муносабати Ирландия, Испания ва Норвегиянинг шу ой охиригача Фаластин давлатини тан олмоқчилиги эълон қилингани ортидан очиқланди.

Вашингтон муносабати, афтидан, Европадаги уч давлатнинг амалда бўлмаган давлатни бир томонлама тан олишларини эълон қилганига нисбатан АҚШ хавотири инъикоси бўлган”, деб ёзган Reuters.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистлар учун уюштирилган галдаги брифингда ҳар бир мамлакат Фаластин давлатини тан олиш учун ўз қарорини қабул қилиш мумкинлигини айтган.

“Бироқ президент тўғридан-тўғри музокаралар энг яхши ёндашув бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблайди”, дея урғулаган Салливан.

Журналистнинг Фаластин давлатининг бошқа давлатлар томонидан истиқболда тан олинишига нисбатан АҚШ муносабати тўғрисидаги саволига жавобан Салливан АҚШ ҳамкорларини ўз позицияси билан таништиражагини билдирди. “Кўрайлик-чи, вазият қандай ривожланар экан”, деган Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси.

Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ, Буюк Британия ва ЕИ томонидан террор ташкилоти деб тан олинган) қуролланган жангарилари Исроил ҳудудига ҳужум қилиб, Исроил расмий манбаларига кўра, 1200 кишини ўлдирган ва 253 кишини гаровга олган. Гаровдаги юздан ортиқ кишининг тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас.

Исроил бу ҳужумга Ғазо сектори ҳудудидаги кенг кўламли ҳарбий амалиёт билан жавоб берган. Бунинг ортидан кўплаб мамлакатларда ижтимоий фикр Исроилнинг жавоб ҳаракатларини дастаклаётганлар ва Фаластиндаги манбалар маълумотига кўра, 35 минг фаластинлик қурбон бўлган урушни тўхтатишни талаб қилаётганларга ажралиб қолган.

Қўшма Штатлар ўнлаб йиллар мобайнида "икки халқ учун икки давлат" формуласи бўйича қарорга эриша олган эмас.

Фаластин давлати мустақиллигини БМТга аъзо бўлган 193 та мамлакатдан Хитой ва Россия дохил 146 таси тан олади. Исроил, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия каби мамлакатлар мустақилликни тан олмай келади.

Европа Иттифоқида фақат бир неча давлат Фаластин мухториятини давлат ўлароқ тан олган. Чехия, Венгрия, Польша, Болгария, Руминия ва Кипр бу ишни ЕИга кирмасларидан олдин амалга оширган. Швеция ҳозиргача ЕИ таркибида бўла туриб Фаластин мустақиллигини тан олган (2014) ягона мамлакат бўлиб қолаётган эди.

Россия Украина чегараси яқинида ностратегик ядровий кучлар машқини ўтказмоқда

Россия Мудофаа вазирлиги 21 май куни Жанубий ҳарбий округда ностратегик ядровий кучлар шайлигини ошириш бўйича машқларнинг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди.

Вазирлик қайдича, машқлар “Россия давлати ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сўзсиз таъминлаш” ва хатарларга жавоб қайтариш учун шахсий таркиб жанговарлигини дастаклаш ҳамда ностратегик ядровий қурол жанговар қисмларини таъминлашга қаратилган. Россия расмийлари бундай машқлар ўтказилиши режаланаётгани ҳақида 6 май куни маълумот тарқатишган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги мазкур тадбирлар “ғарблик айрим расмийларнинг Россияга қарши таҳдидлари ва провокацион баёнотларига жавобан” ўтказилаётганини урғулаган.

Тактик ядровий қуролдан фойдаланиш бўйича машқлар ўтказиш топшириғини май ойида РФ президенти ва ҚК олий бош қўмондони Владимир Путин берган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда машқларга Франция президенти Эммануэль Макрон, Британия ТИВ раҳбари Дэвид Кэмерон ва АҚШ вакилларининг яқиндаги баёноти сабаб бўлганини билдирганди.

Европадаги уч ўлка 28 майдан Фаластин давлатини тан олмоқчи

Норвегия, Испания ва Ирландия ҳукумати раҳбарлари 22 май куни ўз мамлакатлари Фаластин давлати мустақиллигини тан олишини эълон қилишди. Мазкур қарор кейинги ҳафта — 28 майдан кучга киради.

“Бу қарорни амалга ошириш учун эндиликда ҳар биримиз зарур бўлган қадамларни қўямиз”, дея билдирган Ирландия бош вазири Саймон Ҳаррис матбуот анжуманида.

Ҳаррисга кўра, бу қарор Фаластин-Исроил можаросини Фаластин ҳудудида Исроилга қўшни бўлган мустақил араб давлатини барпо қилиш бўйича режани амалга ошириш йўли билан ҳал қилишга кўмаклашади. Бунга оид бошқа тафсилотлар, масалан Фаластин давлатининг пойтахти деб қайси шаҳар тан олинишига оид маълумотлар келтирилган эмас.

Бу қадамга жавобан Исроил Осло, Дублин ва Мадриддаги ўз элчилари чақириб олинишини билдирган.

Дублиндан келган хабарни изоҳларкан, Исроил ТИВ Ирландия расмийларини ҲАМАС қўлида қўғирчоқ бўлмасликка чақирган – АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти ўлароқ тан олинган мазкур гуруҳ Ғазо секторида ҳокимиятни назорат қилади. Исроиллик дипломатлар мустақил Фаластин давлатининг тан олиниши Яқин Шарқдаги ҳар қанақа тинчлик истиқболини хавф остига қўйишини урғулаган.

Фаластин давлати мустақиллигини БМТга аъзо 193 та мамлакатдан Хитой ва Россия дохил 138 таси тан олади. Айни пайтда Исроил, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия каби мамлакатлар Фаластин мустақиллигини тан олмай келишади.

Исроил Фаластин мухторияти ҳудудига кирадиган Ғазо секторида бир неча ойдан буён ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда. Мазкур амалиёт ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавоб ўлароқ бошланган. Ўша пайтда жиҳодчилар ҳужуми туфайли 1200 нафар одам қурбон бўлган, икки юз элликка яқин исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб чиқиб кетилган. Уларнинг юздан зиёди тақдири ҳақида ҳозиргача ҳеч нарса маълум эмас.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.

Лондондан Сингапурга парвоз чоғида ўнлаб йўловчи жабрланди

Лондондан Сингапурга парвоз чоғида гирдобли ҳаракатга йўлиққан Singapore Airlines авиаширкати учоғи, 2024 йил 22 майи
Лондондан Сингапурга парвоз чоғида гирдобли ҳаракатга йўлиққан Singapore Airlines авиаширкати учоғи, 2024 йил 22 майи

Singapore Airlines учоғи билан Лондондан Сингапурга учган йўловчиларнинг кўпи парвоз чоғида атмосферадаги кучли гирдобли ҳаракат сабабли қўрқув ва саросимани бошдан кечирдилар. Reuters агентлиги хабарига кўра, ҳодиса туфайли бир киши вафот этган, ўнлаб одам тан жароҳати олган. Медиклар йўловчининг юрак хуружидан ўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Боинг-777 учоғи 22 май куни тонгги соат 5.00 ларда Сингапурга етиб келган.

Йўловчилар фавқулодда ҳолат тафсилотларини кутаётган журналистларга эътибор бермаган ҳолда учоқ бортини жимгина тарк этишган.

Лондон - Сингапур мунтазам рейси учоқ гирдобли ҳаракат йўлидан учиб ўтганидан кейин Бангкокка йўналтирилган. Учоқида силкиниш ўта кучли бўлганидан йўловчилар салон бўйлаб учиб кетишган, айримлариниг эса бошлари шифтга урилган.

Сингапур Транспортдаги хавфсизликни текшириш бюроси (TSIB) ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда, АҚШ Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш эса йўловчиларни дастаклаш учун ўз вакилларини йўллаяпти.

Авиаширкат маълумотига кўра, кутилмаган гирдобли ҳаракат парвоз бошланганидан тақрибан 10 соатча ўтгач, Мьянмадаги Иравади ҳавзаси устида бошланган.

Reuters қайдича, гирдобли ҳаракатга кўп нарса сабаб бўлиши мумкин, улар орасида энг кўп учрайдигани об-ҳаво шароитининг беқарорлигидир. Мазкур парвозда гирдобли ҳаракатга аниқлаш жуда қийин бўлган “тоза ҳаво турбулентлилиги” деб аталган ҳодиса сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейилган хабарда.

NTSB томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқотга мувофиқ, гирдобли ҳаракат билан боғлиқ авиаҳалокатлар парвоз ҳодисалари орасида энг кўп учрайдигани бўлиб ҳисобланади.

Боинг-777 учоғи салонида олинган фотосуратларда юқоридаги панелларда каттагина ёриқларни, юқоридан осилиб ётган кислород ниқобларини ва ҳар тарафга сочилган юкларни кўриш мумкин.

Авиаширкат вакиллари ҳодиса чоғида 30 киши жабрланганини маълум қилишган, бироқ, Таиланддаги Самитивей касалхонаси 71 нафар йўловчини даволаётганини билдирган.

ЕИ Россиянинг музлатилган активлари билан Украинани дастаклаш режасини маъқуллади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа Иттифоқи мамлакатлари 21 май куни Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин музлатилган Москва активларидан Киевга ёрдам учун фойдаланиш бўйича режани маъқуллашди. Бу йил мазкур схема Украинага уч миллиард еврогача маблағ келтириши мумкин, маблағнинг 90 фоизини ҳарбий харажатларга сарфлаш режаланмоқда, дея маълум қилди Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский Х (собиқ Твиттер) тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Еврокомиссия Россиянинг музлатилган активларидан биринчи марта даромадларни ажратиб олиш июль ойида бўлишини билдирган. Маблағларни тақсимлаш масаласи ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Биринчи марта кўриб чиқиш 2025 йилнинг 1 январига белгиланган.

Россия Марказий банки музлатилган активларининг қарийб учдан икки қисми Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади, уларнинг катта қисми Бельгиянинг Euroclear депозитарийси томонидан бошқарилади.

Активлар йилига тақрибан беш миллиард евро даромад келтириши, Украина эса йилига икки марта ёрдам олиши кутилмоқда. Ўтган йилдан бери уларни инвестиция қилишдан тушган даромад қарийб тўрт миллиард еврони ташкил қилди, деб ёзган Bloomberg.

Айни пайтда Украина бу маблағнинг 557 миллион евросига даъво қилиши мумкин – февраль ойи ўртасигача олинган даромадларни Белгия банки хатарларни бошқариш учун, шу жумладан Россия томонининг даъво аризалари билан боғлиқ харажатлар учун сақлаб қўяди. Россиянинг ЕИдаги активларидан фойдаланиш схемаларига оид музокаралар бир неча ой давом этган: юридик муаммолардан ташқари, мамлакатлар молиявий тизим барқарорлиги ва Россия томонидан бўлажак муҳтамал жавоб чораларидан хавотирланаётган эди.

Бундан ташқари, ЕИ таркибига кирувчи Австрия ва Мальта каби нейтрал давлатлар Украинага ҳарбий ёрдамда иштирок этишдан бош тортиб келишган – аввалроқ шу туфайли Россия активларидан олинган даромадларнинг бир қисми гуманитар эҳтиёжларга йўналтирилиши маълум қилинган.

Шенген визаси июнь ойидан 12 фоизга қимматлайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Словения Ташқи ишлар вазирлиги қисқа муддатли Шенген визасини расмийлаштириш учун йиғимлар миқдори оширилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 июнидан С туридаги Шенген визаси қиймати 12 фоизга ошади.

Шу тариқа кейинги ойдан катта ёшдаги аризачилардан қисқа муддатли виза учун 90 евро, 12 ёшгача бўлган аризачилардан эса 45 евро миқдорида тўлов олинади. Олти ёшгача бўлган болалардан эса Шенген визасини расмийлаштириш учун аввалда бўлгани каби пул олинмайди.

Ҳозирги пайтда катталар учун консуллик йиғими 80 еврони, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун эса 40 еврони ташкил этади.

Сўров: Россиялик респондентларнинг 47 фоизи гумонланувчилар қийноққа солинишига қарши эмас

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Левада-Центр томонидан ўтказилган сўровда қатнашган россияликларнинг қарийб ярми “истисновий вазиятларда” — масалан, гап зўравонлик билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳақида кетган пайтда, гумонланувчиларга нисбатан қийноқ қўллаш мумкин, деб ҳисоблашади.

Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида “қийноқ қўллаш мумкин” деб ҳисоблайдиган кишилар фоизи қарийб икки баравар ортган: 2019 йилда бундай фикрда бўлган респондентлар 28 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бундай мулоҳаза бўлганлар сони 47 фоизга етган.

Айни пайтда қийноқ қўллаш мумкин эмас, деб ҳисоблайдиган сони ҳам қарийб икки баравар камайган (2019 йилда - 59 фоиз, 2024 йилда - 35 фоиз).

Социологлар бу натижаларни қисман Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт оқибатлари билан боғламоқдалар. Уларга кўра, мазкур террор хуружи Россия жамиятининг катта қисмини шокка солган.

Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча киши “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиб ўтиши керак бўлган “Крокус” концерт залига бостириб киришиб, йиғилган томошабинларни ўққа тутишган. Кейинроқ ҳужумчилар залга ўт қўйишган, аланга қамрови кенгайгани ортидан бино томи қулаб тушган.

Расмий маълумотларга кўра, теракт оқибатида 144 киши қурбон бўлган, 551 киши жароҳат олган.

Бугунги кунга келиб, тергов идоралари иддаосига кўра, теракт ижрочилари ва шерикларининг ҳаммаси ҳибсга олинган, уларнинг кўпини Тожикистон фуқаролари ташкил этади. Терактнинг муҳтамал ижрочиларидан камида бир нафари қўлга олиниш чоғида қийноққа дучор этилган: унинг қулоғи кесиб олинган.

Бишкекда 13 май кунги ҳостелга ҳужумда гумонланганлар ушланди

18 майга ўтар кечаси Бишкекда йиғилган ёшлар (архив сурати)
18 майга ўтар кечаси Бишкекда йиғилган ёшлар (архив сурати)

Бишкек милицияси 13 май куни Огонбаев кўчасидаги хорижликлар яшаган ҳостелга ҳужумда гумонланган уч киши қўлга олинганини маълум қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2005 ва 2006 йилда туғилган гумонланувчилар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, улар “босқинчилик”да гумонланмоқда.

Милиция баёнига кўра, 2024 йилнинг 13 майга ўтар кечаси соат 02:00 да бир гуруҳ йигитлар Бишкекнинг “Восток-5” мавзеида хорижлик талабаларни учратиб, улардан сигарет сўрашган. Ур-калтак бошланганидан кейин чет эллик талабалар воқеа жойида қочиб, ўзлари яшайдиган Огонбаева кўчасидаги ётоқхона ичига кириб олишга муваффақ бўлишган.

Хорижлик талабаларнинг орқасида қувиб келган йигитлар гуруҳи Огонбаева кўчасидаги ётоқхонага бостириб кириб, у ерда яшайдиган хорижликларга нисбатан куч қўллаб, уларнинг пуллари ва ашёларини тортиб олган. Ётоқхонада яшаган хорижлик фуқаролар йиғилишиб, ҳужумчиларни ҳайдаб чиқаришга уринишган, улар ўзаро муштлашиб кетишган. Муштлашув ётоқхона ҳовлисида содир бўлган, ҳужумчилар ўзларининг бир шеригини ташлаб, қочиб кетишган”, дейилган ҳуқуқ-тартиботчилар хабарномасида.

Аввалроқ 13 майдаги муштлашувда иштирок этган тўрт нафар мисрлик ушланган эди. Уларга “безорилик” моддаси бўйича айблов эълон қилинган, суд уларни уй қамоғига чиқарган.

Бир ҳафта муқаддам ҳостелда содир бўлган муштлашув видеоси ижтимоий тармоқларда 17 май куни тарқалган, ўша туннинг ўзида Қирғизистонда тартибсизликлар содир бўлган. Бишкекдаги тартибсизлик иштирокчилари хорижлик талабалар яшаган ётоқхоналардан бирига ҳужум қилишган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 майга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса ортидан 41 нафар жабрланувчи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 20 майга келиб улардан 11 нафари касалхонада муолажа олмоқда.

АҚШ ва Саудия Арабистони Яқин Шарқ бўйича “келишувга яқин”

Mohammed bin Salman Jake Sullivan
Mohammed bin Salman Jake Sullivan

АҚШ ва Саудия Арабистони Яқин Шарқ бўйича икки томонлама шартнома тузишга яқин. Бунга оид хабарлар Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўтган ҳафта якунида Саудия раҳбарияти билан музокараларда “сезиларли олға силжиш”га муваффақ бўлгани ортидан пайдо бўлди, дея хабар қилди “Америка овози”нинг рус хизмати.

Саудия Арабистони билан музокараларда эришилган илгарилаш ҳақида 20 май куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик соҳасидаги алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби маълум қилган. Мулозимга кўра, томонлар келишувга “ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ” ва бу “қарийб якуний” келишув бўлиб ҳисобланади.

Вашингтон ва Ар-Риёд АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари ва фуқаровий ядровий соҳадаги ёрдамга оид келишувга яқинлар, бироқ Исроил билан Саудия Арабистони ўртасидаги алоқалар нормаллашуви тўғрисидаги келишувга ҳозирча эришилган эмас.

Салливан Ғазодаги вазиятни изга солиш бўйича Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан “конструктив” учрашув ўтказган. Кейин эса америкалик мулозим Исроил раҳбарияти билан минтақада тарангликни сусайтириш механизмини яратиш масаласини муҳокама қилган. Мазкур учрашувда “гуманитар ташкилотлар ходимлари муҳтожларга ёрдамни хавф-хатарсиз етказиш имкониятига эга бўлишлари лозим”лиги урғуланган.

Эрон: Раисий дафн этиладиган жой ва сана ўзгартирилди

Шарқий Озарбайжон вилоятида 19 май куни вертолёт қулаши оқибатида нобуд бўлган Эрон президенти Иброҳим Раисий 23 май куни Машҳад шаҳрида дафн этилади. Бу ҳақда авиаҳалокатда ўлганлар дафнини ташкил қилиш бўйича қўмита раҳбари этиб тайинлаган вице-президент Муҳсин Мансурий маълум қилди.

Оятуллоҳ Раисийнинг дафн маросими пайшанба оқшомида имом Ризо мақбарасида бўлиб ўтади”, дея билдирган Мансурий IRIB телеканали ёйинида.

Аввалроқ Эрон ОАВ мамлакатлар расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда президент Раисий 22 май куни Теҳронда дафн этилажаги ҳақида хабар қилишган. Ундан ҳам аввал Раисийнинг дафн маросими 21 май куни Табризда бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Имом Ризо масжид-мақбараси Эрон шимолий-шарқидаги Машҳад шаҳрида (Туркманистон чегарасига яқин жойда) жойлашган бўлиб, шиа мазҳабига мансуб кишилар учун энг мўътабар қадамжоларидан бири бўлиб ҳисобланади. XV асрда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳам таҳсил олган Машҳад шаҳри Иброҳим Раисийнинг туғилган шаҳридир.

Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий президент Раисий ва бошқа мулозимлар ўлими муносабати билан 20 май куни мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилган. Шу куннинг ўзида Эронда президент сайловини жорий йилнинг 28 июнига белгилаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Россияда военкоматга ўт қўйишни режалаган йигит 25 йилга қамалди

Илья Бабурин суд залида, Новосибирск, 2024 йил 20 майи
Илья Бабурин суд залида, Новосибирск, 2024 йил 20 майи

Новосибирскдаги ҳарбий суд ҳарбий комиссариатни ёқиб юбориш режасига оид иш бўйича 24 ёшли маҳаллий турғун Илья Бабуринни 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Зона солидарности” лойиҳаси маълумот тарқатди.

Суд Бабуринни РФ Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан террорчилик, давлатга хиёнат, ноқонуний қуролли тузилма фаолиятида иштирок этиш каби моддалар бўйича айбдор деб топган. Айбловларнинг катта қисмини новосибирлик йигит рад этган.

Бабурин 2022 йил сентябрида ҳарбий комиссариатга ўт қўйиш режасига оид иш бўйича қўлга олинган (у мазкур иш бўйича айрим айбловларни тан олган, унинг адвокати эса ФСБ томонидан провокация бўлганини билдирган эди).

Кейинроқ унга давлатга хиёнат айблови, бир йил ўтгач эса унга Украинанинг “Азов” батальони фаолиятида иштирок, мусиқа мактабига ўт қўйиш ва бошқа айбловлар қўйилган. Бу айбловларнинг ҳаммасини рад этган Бабурин тергов билан ҳамкорликдан бош тортган, бунинг ортидан тергов ҳибсхонасида унга босим ўтказиш бошланган.

Суд қарорига кўра, илк беш йилни қамоқда, қолган йигирма йилни эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказиши лозим.

Украинага кенг кўламли босқин бошланган 2022 йил февралидан буён бутун Россия бўйлаб ҳарбий комиссариатларга ўт қўя бошлаганлар. Путин ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан кейин (2022 йил сентябри) бундай ҳужумлар сони ортган. Военкоматларга ўт қўйиш чоғида ҳеч ким ўлмаган ва жабрланмаган. Биноларга ўт қўйишга уринганлик гумони билан қўлга олинганларга кўпинча террорчиликка оид модда бўйича айблов қўйилади. Бабуринга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бу каби ишлар бўйича чиқарилган энг оғир жазо чорасидир.

Ҳаага суди прокурори Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер сўради

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва мудофаа вазири, шунингдек, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг уч нафар лидерини ҳибсга олиш учун ордер талаб қилди. Бу ҳақда Халқаро жиноят суди (ХЖС) сайтида маълум қилинган. Прокурор бу ҳақда CNN телеканалига берган интервьюсида ҳам айтиб ўтган.

ХЖС сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант, ҲАМАС лидери Яҳё Синвар, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва ташкилот ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда гумонланмоқда.

Халқаро жиноят суди дунёнинг аксар мамлакатлари томонидан ратификация қилинган Рим статути асосида иш кўради. Қатлиом, ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбланаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳам мазкур суд ваколатига киради.

Рим статутини АҚШ ва Россия каби Исроил ҳам ратификация қилган эмас ва бу давлатлар суд юрисдикциясига тобе эмаслигини айтиб келишади.

Бироқ Рим статутини ратификация қилган мамлакатлар Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилишга мажбур, хусусан, қидирилаётган шахс бўйича ХЖС томонидан ҳибсга олишга оид ордер берилган тақдирда, улар бу ишни амалга оширишлари шарт бўлади.

2022 йили ХЖС Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилган эмас ва бундай мамлакатлар орасида Россия учун “дўст” ўлкалар ҳам бор.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG