Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

ХВЖ Ўзбекистонни ростдан мақтаяптими ёки...


Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг навбатдаги йиллик назорати якунлари бўйича матбуот учун тарқатган баёнотида бу мамлакатнинг 2005-2006 йиллардаги молиявий-иқтисодий сиëсатига юқори баҳо берган.

“Uzreport.com” сайти ХВЖ расмийларига таяниб, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 7 фоизни ташкил этгани, тўлов баланси йирик профицитга эга бўлгани, олтин-валюта захиралари жадал суръатларда ортиб боргани ҳақида ёзди. Инфляция эса 2006 йилда пасая бошлаган, шундай бўлса-да¸ у юқорилигича қолмоқда.

ХВЖ мутахассислари фикрича, макроиқтисодий сиëсат жиддий тузатишларга учраганидан сўнг ва қулай ташқи иқтисодий шарт-шароитлар яратилгани туфайли шундай ютуқларга эришилган.

“Озодлик” мухбири бу рақамлар қандай механизм ëрдамида олинганини билиш учун ХВЖнинг Тошкентдаги ваколатхонасига қўнғироқ қилди.

“Ўзаро келишув доирасида ҳар йили маслаҳат йиғинлари бўлиб ўтади. Вашингтондан махсус делегация келиб, ҳукумат вакиллари билан учрашади. Расмийлар тақдим этган маълумотлар асосида эса ҳисоботлар эълон қилинади”, - деди ваколатхонанинг ўзини Галина деб таништирган ходимаси.

Ўзбекистонлик ёш иқтисодчи Нодирнинг айтишича эса ХВЖ эълон қилган ҳисобот ортида сиëсий сабаб ëтибди.

“Хабарингиз бор, Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари кескинлашди. Россия энергетик ресурсларининг Европага узатилиши чегараланиши ва Кремлнинг бу орқали Европага босим ўтказишидан сўнг Европа ҳозир яна Марказий Осиëга қайтиб келишни кўзлаган. Шу сабабли ХВЖ тақдим этган рақамлар ўта ошириб юборилган. Чунки Ўзбекистонда статистика қандай тайëрланиши ҳаммага аëн. Мустақиллик йилларида расмий Тошкент ҳали бирор марта иқтисодий статистик кўрсаткичларни пасайтириб кўрсатгани йўқ. Ҳақиқий рақамлар эса ҳеч қачон ошкор этилмайди”, - дейди Нодир.

“Uzreport.com”да ёзилишича, ХВЖ директорлар кенгаши аъзолари яқин келажакда Ўзбекистон иқтисодиëти яхши истиқболларга эгалигини башорат қилган. Шу билан бирга, улар иқтисодий ўсишнинг ўрта муддатли дастурини амалга ошириш учун ҳукумат инфляцияни ва молиявий институтларнинг воситачилик функциясини ҳамда банк тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаб бориши, шу жумладан, савдо-сотиқни эркинлаштириш йўли билан иш муҳитини яхшилаши зарурлигини айтган.

Ёш иқтисодчи Нодир ҳам мамлакатдаги иқтисодий-молиявий вазият ижобий томонга ўзгариши учун қандай ислоҳотлар амалга ошириш кераклиги борасида ўз фикрини билдирди.

“Биринчи навбатда, ҳукумат эркин савдо-сотиқни йўлга қўйиши керак. Одамларнинг тижорат билан шуғулланишига йўл очиб бериш керак. Акс ҳолда иқтисодий ўсиш секинлашади. Буни фақатгина Ўзбекистонда эмас, балки бошқа мамлакатлар мисолида ҳам кўрса бўлади. Қачонки одамлар ўз пулини эркин ишлаб олиш имкониятига эга бўлса, ўшанда ижобий ўзгаришлар сезилади. Ўзбекистонда эса ҳукумат одамларнинг бойиб кетишига тўсқинлик қилиб, иқтисодни доимо назорат қилиб келади. Бундай вазиятда ижобий натижаларни кутиш қийин”, - дейди суҳбатдош.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ғарбнинг расмий Тошкентга нисбатан қўллаëтган сиёсатига норозилик билдириб, ХВЖнинг 2005 йил декабрда эълон қилинган ҳисоботини танқид қилган эди. Ўшанда у ХВЖ мутахассисларини мамлакат иқтисодиётининг яқин келажакдаги ўсиш суръатларини нообъектив таҳлил қилганликда айблаб, “ўша рақамлар қаердан олингани мутахассислар виждонига ҳавола экани”ни айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб билан муносабатлари бузилган Ўзбекистонга йирик молиявий институтлар, жумладан, Жаҳон банки, ХВЖ, Европа тараққиëт ва тикланиш банки каби ташкилотлар молиявий кўмак беришни тўхтатган.

ХВЖнинг “Uzreport.com”даги маълумотлари эса Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан кўрилган чоралар ўз самарасини бермагани учунми, мамлакатни яккалаб қўйиш билан бирор натижага эришишнинг иложи бўлмагани сабабми ëки ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон иқтисодиëтида жадал ўзгаришлар юз бераëтгани туфайлими ёхуд бошқа сабабдан пайдо бўлганми, буниси ҳозирча ойдинлашмади.
XS
SM
MD
LG