Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:38

Ўзбекистондаги сиёсий музликлар. Улар эрийдими?


Яна бир неча кундан кейин Ўзбекистон Сенати сиëсий партияларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ўзбекистон президенти томонидан тақдим этилган бу ҳужжатлар аввалроқ Олий Мажлиснинг қуйи палатаси томонидан маъқулланган эди.

Бу қонунлар ҳали Сенат тасдиғидан ўтмасидан бурун Россиядаги бир неча газета, жумладан “Эксперт” нашри улар қабул қилинса, ўзбек сиёсий музликларини эритиши мумкин, қабилидаги тахминларни илгари сурди.

“Эксперт”даги “Муз эриши кутилмоқда” мақоласи муаллифи Рустам Қурбонов фикрича, Ўзбекистонда рўйхатга олинган сиëсий партияларнинг фаоллашуви жамиятни демократлаштириш жараëнини бошлаб беради.

Бундан сал олдин “Независимая газета”да эълон қилинган “Тошкент муз эриши арафасида” сарлавҳали мақолада қабул қилиниши кутилаётган бу қонунлар Ўзбекистонда муқобилликни бошлаб бериб, сиëсий заминга демократия уруғларини қадаши ҳақида ёзилган эди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган ўзбекистонлик сиёсатшунос олим Фарҳод Толипов эса бу борада бошқача фикрга эди.

“Тушунмаган одам бу қонунни кўрибоқ илиқлашув бошланади, деган фикрга бориши мумкин. 1992 йил қабул қилинган конституциямизда мухолифат тушунчаси эътироф қилинганди. Агар биз мухолифат нималигини билмаганимизда бошқа гап эди. Парадокс шундаки, 1992 йилдаëқ мухолифат учун ҳуқуқий замин мавжуд эди. Аммо бу заминдан мухолиф ҳаракат ўсиб чиқмади. Бугун қўшимча қонун қабул қилингандан сўнг мавжуд партияларнинг мухолиф бўлиб кетишига шубҳа бор”, - дер экан Ф.Толипов мамлакатда сиëсий жараëнлар ривожланмасдан турғун ҳолатда турганини таъкидлади.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов эса Ўзбекистондаги сиëсий муҳит турғун ҳолатда эмас, балки ëмон тарафга қараб кетаётгани, сиëсий фаоллик йўлига қўйилган тўғон боис жамият сиëсий қаҳратонга мубтало бўлганини билдирди.

Янги қабул қилинадиган қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистондаги сиëсий партия ўзини ҳукуматга нисбатан мухолиф, деб эълон қилиши мумкин.

“Бу эса,- дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати ходими Ҳусниддин Бердиев,- демократик жараëнларни янги босқичга кўтаради”.

Фарҳод Толипов Ўзбекистондаги партиялар мудроқ ҳолатда эканини айтиб, мавжуд партияларни уйқудан уйғотишга бу қонуннинг кучи етмаслигини қўшимча қилди.

Хўш, рус газеталари музларни эритишга қодир, деб атаëтган бу қонун лойиҳасини Олий Мажлисга юборишдан президентнинг муддаоси нима?

Ф.Толипов фикрича, бу ерда икки мақсад бор. Биринчиси, сайлов олдидан пиар бўлса, иккинчиси, Ғарбга ишорадир.

Ўзбек жамиятининг ўзгариши учун яхши қонунлар лозимлигига “Эксперт” газетасида эълон қилинган “Муз эриши кутилмоқда” мақоласи муаллифи ҳам ишонмайди.

“Ўзбекистонда жуда кўп яхши қонунлар бор, аммо улар ишламайди”, - деб ёзади газета.

Ф.Толипов эса илгари ҳам бу каби қонунлар қабул қилингани ва сўз эркинлиги ва сиëсий ҳуқуқларни ваъда қилган қонунлар сиëсий муҳитга эркинлик олиб келмаганини айтади. А.Турғунов ҳам Ўзбекистондаги сиëсий қудрат соҳиблари вазиятни юмшатадиган тадбирларга қодир эмаслигини таъкидлайди.

Айни пайтда Ф.Толипов Ўзбекистондаги сиëсий вазиятни Арктика музликларига ўхшатиш муболаға бўлишини билдирар экан, жамият зеҳниятида демократия ниҳоли куртак отаëтганини ҳам қайд этди.

“Демократия тарихий зарурат экан, биз эртами-кечми, бу жараëнни босиб ўтамиз”, - деди Ф.Толипов.
XS
SM
MD
LG