Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:01

Самарқандлик мутахассислар “Сибир қилиняпти”


Россия президентининг собиқ совет республикаларидан ишчи кучини жалб қилиш ҳақида қабул қилган қарорига мувофиқ яқинда самарқандлик юқори малакали мутахассислардан бир гуруҳи Сибирга жўнаб кетадиган бўлди.

Гуруҳ таркибида олий тоифали врач, агроном, педагог, бухгалтер, иқтисодчи, механизаторлар бор. Бу мутахассислар учун Россия, асосан, Сибирдаги 12 вилоятда юзлаб иш ва турар-жой ҳозирланаётгани хабар қилинмоқда.

Россияга собиқ совет ўлкаларидан ишчи кучи жалб этиш бўйича қабул қилинган қарорда 2007 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб мамлакатга 50 мингга яқин одамни қабул қилиб олиш кўзда тутилган.

Ҳозир шунча одамга иш ва уй-жой бериш, уларнинг дастлабки йиллардаги ижтимоий ҳимояси, имтиёзлари масаласи Россия ҳукумати турли бўғинларида муҳокама этилмоқда. Бу тўғридаги дастурга мувофиқ Россияга боришни истовчилар, энг аввало, маълум бир соҳа бўйича мутахассис ва меҳнат ёшида бўлиши лозим.

Ўзбекистонлик кўнгиллиларни Россияга жўнатиш масалалари билан шуғулланаётган нодавлат ташкилот раҳбари “Озодлик” билан суҳбатда кўпроқ эътибор Ўзбекистондаги русларни тарихий ватанига қайтаришга ҳам қаратилганини таъкидлар экан, ҳозирча бу борадаги дастурни амалиётга жорий этишга тайёргарлик бораётганини айтади.

“2007 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Россиянинг 12 ўлкасига жами 50 минг одам, асосан, меҳнат ёшидаги мутахассислар ва туғиш ёшидаги аёлларни жалб қилиш кўзда тутилган. Чунки Россия ҳукумати бу дастур ёрдамида мамлакатнинг ишчига кучига бўлган эҳтиёжини қондирмоқчи ва демографик муаммоларини ҳал қилмоқчи. Лекин дастур ҳали ишга тушгани йўқ. Биринчидан, ҳукуматлараро комиссияда бир-икки эътирозли масалалар туғилди. Қолаверса, Россиянинг ишчи кучига муҳтож 12 ўлкаси ишлаб чиққан дастур ҳали Россия ҳукумати томонидан тасдиқлангани йўқ”, - дейди ўзбекистонлик этник рус мутахассисларни Россияга жўнатиш масалалари билан шуғулланаётган нодавлат ташкилот раҳбари.

Унинг айтишича, Россия ҳукумати бу дастурни кўриб чиқишни апрелга белгилаган ва шу ойда Россия Федерал миграция хизмати расмийлари ва мутахассислар иштирокидаги йирик бир гуруҳ Ўзбекистонга ҳам келади.

Ўзбекистонда эса Россияга кетишга иштиёқмандлар кўп. Агар улар шу дастур билан кетиш ихтиёрини билдирса, уларга қандай имкониятлар берилади?

“Дастурга кўра, Россияга ихтиёрий равишда кўчиб боришни билдирган оилага кўчиш, 5 тоннага қадар юкини бепул олиб кетиш ва у ерда оёққа туриб олиш учун бепул турар-жой ва ижтимоий имтиёзлар берилади”, - дейди Ўзбекистондаги нодавлат ташкилот раҳбари.

Демак, апрель ойида Россия ҳукумати бу дастурни тасдиқласа, Ўзбекистондан ҳам минглаб мутахассис Россияга бориб, қонуний йўл билан ишлаши ва ўша ерда яшаб қолиши, кейинчалик Россия фуқаролигини олиши мумкин. Аммо Ўзбекистон томони ҳозирча бу дастур борасида жим. Аксар таҳлилчилар буни Ўзбекистон раҳбариятининг катта миқдорда ишчи кучи, асосан, мутахассисларнинг Россияга чиқиб кетишини истамаслиги билан изоҳламоқда.

Ўзбекистондаги Рус маданият маркази собиқ раҳбари Сергей Зинин фикрича, ҳозир Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда олқишлаб қабул қилинаётган бу дастурга Ўзбекистон ҳукумати ҳам етарли эътибор қаратиши керак.

“Яъни миграция масаласини қонунийлашган ва марказлашган тарзда бошқариш керак. Чунки бу ердан иш топа олмаган одамга Россиядан иш топишга кўмаклашиш Ўзбекистонга фақат фойда беради. Чунки у одам топган пулини, охир-оқибат, юртига олиб келади. Энг муҳими, ноқонуний равишда хор бўлиб Россияда юрган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланган бўлар эди”, - дейди Сергей Зинин.

Ваҳоланки, ҳозир ҳам минглаб ўзбекистонликнинг куни Россияда ўтаётгани сир эмас. Қонуний ва ноқонуний тарзда Россияга етиб олиб, турли шароитда ва турли йўллар билан пул топиб юрган ўзбекистонликлар сони айрим манбаларда 2 миллионга яқинлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG