Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Европаликлар Буюк Британияни қўллаб-қувватлаяпти


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Буюк Британия ҳукуматининг Эрон томонидан ҳибсга олинган 15 инглиз ҳарбий денгизчисини озод қилиш йўлидаги хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

ЕИ Теҳрондан ўтган ҳафтада Форс кўрфазида қўлга олинган британиялик ҳарбийлар ҳеч қандай шартсиз, зудлик билан қўйиб юборилишини талаб қилиб, акс ҳолда Эронга нисбатан чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

“Қўлга олиш пайтида Буюк Британия денгиз флоти ҳарбийлари Ироққа тегишли сув ҳудудида БМТ мандатига мувофиқ бўлганини барча далиллар аниқ кўрсатмоқда. Шу боис, бу халқаро қонунлар қўпол равишда бузилганини англатади“, - дейилади вазирларнинг Германиядаги Бремен шаҳрида ўтказган учрашувидан сўнг эълон қилинган баёнотда.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер европаликлар ҳозирги вазиятда Буюк Британияни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Буюк Британия барча европаликлар уларни қўллаб-қувватлашига шубҳа қилмаслиги керак. Биз буни британиялик ҳамкасбларимизга ҳам билдирдик. Мен муаммони тезда ҳал қилиш масаласини ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана билан муҳокама қилдим ва биз Теҳрон билан маслаҳатлашишни тавсия қилдик”, – деди Штайнмайер.

Бремендаги учрашувда қатнашган Ҳавьер Солана ҳам Эрон ЕИ фуқароларини қўйиб юбориши кераклигини айтди.

“Биз Буюк Британия ЕИга аъзо давлат экани ва унинг фуқаролари айни пайтда ЕИнинг ҳам фуқаролари экани ҳақида гапиряпмиз. Шунинг учун агар ЕИ фуқароларига бир нарса бўлса, ЕИ давлатлари, халқлари ва фуқаролари бир ёқадан бош чиқариб муносабат билдиришини Эрон халқи тушуниши лозим”, – деди Ҳ.Солана.

АҚШ расмийлари ҳам Буюк Британияни қўллаб-қувватламоқда. Шунга қарамай, Давлат департаменти вакили Шон МакКормак британиялик денгизчилар Эрон инқилоб посбонлари корпусининг жорий йил январда Ироқнинг Ирбил шаҳрида АҚШ кучлари томонидан қўлга олинган вакилларига алмаштирилмаслигини таъкидлади.

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр тутқун денгизчиларнинг ўз айбига иқрор бўлгани тасвирланган лавҳа Эрон телевидениеси орқали намойиш этилганини қоралади ва бу ташвиқот мақсадида қилинаётганини билдирди.

“Мен Эрондаги режим нега бундай қилаётганини билмайман. Уларнинг барча хатти-ҳаракати одамлар ғазабини кучайтиришга қаратилган. Ҳибсдаги ҳарбийларни ўзлари хоҳлагандек гапиртириш орқали улар ҳеч кимни аҳмоқ қила олмайди”, – деди Т.Блэр.
XS
SM
MD
LG