Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:14

БМТ ҳисоботи аянчли оқибатлардан огоҳлантиради


БМТнинг иқлим ўзгариши муаммосини ўрганувчи ҳукуматлараро комиссияси 6 апрель куни ўзининг иккинчи ҳисоботини эълон қилди. Унда глобал иқлим исишининг аянчи оқибатлари башорат қилинган.

Комиссия раҳбари Ражендра Пачаури Брюсселда уюштирилган матбуот анжуманида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ҳақида тўхталиб: “Иқлим ўзгариши, энг аввало, камбағал давлатлардаги қашшоқ одамларга, шунингдек, бой жамиятлардаги камбағалларга салбий таъсир этади”, - деди.

Иқлим исиши ҳақида тайёрланган 1400 саҳифали ҳисоботни эълон этишдан мақсад атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида дунё ҳукуматларига йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат.

Комиссия аъзоси Мартин Перри глобал иқлим тахмин қилинганидан тезроқ исиб бораётганини айтди.

“Глобал илиқлашув жараёни одамлар, айниқса, очарчилик юз бераётган ва соғлиқни сақлаш тизими яхши ривожланмаган жойлардаги кишилар саломатлигига ёмон таъсир қилади”, – деди БМТ комиссияси аъзоси.

БМТ ҳукуматлараро комиссияси ҳисоботида глобал иқлим ўзгариши оқибатлари келаси ўн йилликлар давомида ҳаво ҳарорати қанча даражага исишига боғлиқ экани билдирилган. Комиссиянинг жорий йил февраль ойида эълон қилинган биринчи ҳисоботида ўтган аср мобайнида глобал ҳарорат Целзий ўлчови бўйича 0,74 даражага илигани қайд этилган. Олимлар 2100 йилга бориб Ер атмосфераси 1,1 дан 6,4 даражагача исиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Greenpeace” халқаро ташкилоти вакили Стефани Тунмор БМТ комиссияси эълон қилган ҳисоботга муносабат билдириб: “Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссия эълон қилган ҳисобот “катта саккизлик” гуруҳи давлатлари раҳбарлари учрашувида муҳокама этилишига умиз қиламиз. Агар биз жуда, жуда тез ҳаракат қилмасак, келажакда кенг миқёсда фожеалар юз бериши ҳисоботда башорат қилинган”, – деди.
XS
SM
MD
LG