Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:51

Марказий Осиёда бу йил сув кам бўлади


Бу йил Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган сув захиралари аввалги йиллардагидан анча кам бўлиши кутилмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, Қозоғистон ва Ўзбекистонга зарар келтиради.

Қирғизистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили Абдибой Жайлобоевнинг айтишича, Қирғизистон бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистонни таъминлай оладиган даражада сув захирасини йиға олмаган.

“Сўнгги тадқиқотлар қурғоқчилик бўлиш эҳтимоли борлигини кўрсатмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, бу йил ўтган йилга нисбатан 20 фоиз кам сув йиғилган. Ҳар йили Қирғизистон қўшниларига 50 миллиард куб метр сув берар эди. Бу йил бундай бўлмайди”, - деди А.Жайлобоев.

Вазирликнинг билдиришича, йиғилган сувнинг 10 фоизи Қирғизистон эҳтиёжи учун сарфланади. Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Қозоғистонга бу йил эҳтиёжидан 30 фоиз кам сув берилади.

Сув муаммолари билан шуғулланувчи қирғизистонлик академик Дуйшен Маматхонов сўзларига кўра, агар Марказий Осиё сув энергетикаси консорциуми ташкил этилиб, сув таъминоти тизими минтақа давлатлари билан ҳамкорликда молиялаштирилганида бу каби муаммолар юзага келмаган бўлар эди.

“Тўқтағул каскадини Ўзбекистон ва Қозоғистонга зарур бўлган режимда тутиб туришдан 150 миллион доллар зиён кўрамиз. Бу зиён сув остида қоладиган 28 минг гектар ердан ҳосил йиғилмай қолиши, қишда 50 миллион долларлик электр энергияси ишлаб чиқаришни тўҳтатиб қўйишимиздан, бу электр энергияси ўрнини бошқа давлатлардан ёқилғи сотиб олиб тўлдиришимиз ҳисобидан бўлмоқда”, - дейди академик.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон бу даражадаги катта зиённи ёлғиз ўзи қоплай олмайди, шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлаш қоидаларини мунтазам тарзда бузишга тўғри келади.

“Ўзбекистон бизнинг ҳисобимиздан йилига саккиз юз миллион доллар фойда топади. Ўзбекистон мана шу фойданинг 150 миллион долларини сув энергетика захирасини тўплашга сарфласа, сув етишмаслиги ёки сувнинг ўта кўплиги сабабли сув тошқинлари каби жуда катта зиён келтирувчи офатлар бўлмас эди”, - дейди Д.Маматхонов.

Сув энергетикаси консорциумини ташкил этиб, Марказий Осиёда сув захираларини ҳамкорликда назорат қилиш ва молиялаш таклифини Қозоғистон ўртага ташлаган эди. Бироқ бу таклиф ўн йилдан бери ҳаётга тадбиқ қилинмай келинмоқда. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг яқинда Бишкекка қилган сафари чоғида Қирғизистон ва Қозоғистон иқтисодий-сиёсий муносабатларини мувофиқлаштирувчи давлатлараро олий кенгаш ташкил этилди.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, Марказий Осиё сув энергетикаси консорциуми ғоясини амалга ошира олмаган Қозоғистон мана шу олий кенгаш фаолияти орқали бу ғояни ҳаётга тадбиқ этишга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG