Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

ЕИ давлатлари санкциялар масаласида якдил эмас


14 май куни Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкцияларни бекор қилиш-қилмаслик масаласини кўриб чиқиши арафасида тузилма давлатлари ўртасида бу борада қизғин баҳслар бўлмоқда.

Бу масала муҳокамаси душанба куни Европа кенгашининг Брюсселдаги ойнаванд биносида бўлиб ўтади. Ўзбекистонга нисбатан санкциялар борасида ЕИга аъзо давлатлар ўртасида бўлиниш бор. Шимол, хусусан, Буюк Британия ва Скандинавия давлатлари бу санкциялар ўз кучида қолдирилишини истамоқда. ЕИга раислик қилаётган Германия ва Европа жанубидаги айрим давлатлар эса жазо чоралари олиб ташланиши ва Ўзбекистон билан мулоқот тарафдори.

Брюсселдаги Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице президенти Алан Делетроз Европа кенгашида Ўзбекистон борасида қизғин тортишув бораётганини билдирди.

“ЕИ даҳлизларида эшитганларим шуки, бир гуруҳ давлатлар ҳеч бўлмаганда ЕИга кириши маън қилинган ўзбек расмийлари рўйхатидан айрим номлар олиб ташланиши ва санкциялар бироз юмшатилишини хоҳламоқда. Бошқа давлатлар эса Ўзбекистонда яхшиланиш кузатилмаётганини айтиб, жазо чоралари енгиллаштирилишига қарши чиқмоқда. Бу борада кучли тортишув бўляпти. Қайси томон ютиши ҳақида олдиндан бир нарса дея олмайман”, - деди А.Делетроз.

2005 йил ноябрда ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкция жорий қиларкан, бу давлатга инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш, Андижон воқеалари юзасидан халқаро терговга рухсат берилиши ва бошқа бир қанча талабларни қўйган эди. 14 май куни Европа кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир умумий позициясини ҳамда Андижон воқеаларини ўрганаётган Европа экспертлари гуруҳининг Ўзбекистонда маҳаллий расмийлар, ҳуқуқшунослар ва маҳбуслар билан бўлган учрашувлари натижаларини эълон қилиши керак.

Аммо А.Делетроз фикрича, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар бекор қилиниши учун асос йўқ.
“Санкциялар инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланган тақдирда олиб ташланиши керак. Ўзбекистондаги ҳолатга қарайдиган бўлсак, у ерда инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг 14 аъзоси ҳали ҳам қамоқда қолмоқда. Шу боис, мен санкциялар олиб ташланишига асос кўрмаяпман”, - дейди Алан Делетроз.

Андижондаги қонли воқеаларнинг икки йиллиги муносабати билан Брюссель шаҳрида ўтган норозилик пикетида ҳам Ўзбекистонга нисбатан санкциялар кучда қолдирилиши ҳақидаги чақириқлар янгради.

Нидерландиядан келиб Брюсселдаги норозилик тадбирида қатнашган андижонлик Нуриддиннинг айтишича, Ўзбекистон билан мулоқот натижа бермагани сабабли Тошкент ҳукуматига қарши санкцияларни кучайтириш керак.

Брюсселдаги “Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар учун” ташкилоти раҳбари Олег Шестакевич ҳам бу фикрни қувватлади.

“Фикрим шуки, Ўзбекистонда демократия борасида бугунга қадар ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Шу сабабли ҳозир Ўзбекистонга қарши жазо чораларини бекор қилишнинг мавриди эмас”, - деди О.Шестакевич.
XS
SM
MD
LG