Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:50

Европарламент биносида Андижон мавзуида давра суҳбати бўлди


16 май куни Брюсселдаги Европа парламенти биносида “Андижон: икки йилдан сўнг” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Европарламент, Брюсселдаги Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи, Очиқ жамият институти ташаббуси билан ўтказилди.

Давра суҳбатига юқорида номлари зикр этилган идоралар вакилларидан ташқари Андижон воқеаларидан сўнг ватанини тарк этиб, Европа давлатларидан бошпана топган қочқинлар ва уларнинг муаммолари билан шуғулланаётган нодавлат ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Тадбир даниялик журналист Майкл Андерсеннинг “Андижон қатлиоми” фильмидан айрим парчалар намойиши билан бошланди.

Давра суҳбати қатнашчиси Нуриддин Низомиддинов 13 май воқеаларидан кейин ўзи туғилиб ўсган Андижонни тарк этган ва ҳозир Нидерландияда яшамоқда. У Европарламент депутатлари ва давра суҳбати қатнашчиларига икки йил аввал Андижонда ўзи гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

“Мен Андижондаги ўша майдонда ошна-оғайниларим билан ўйин-кулги қилганимиз, тўп тепиб футбол ўйнаганимиз, 13 май воқеалари пайтида ҳам шу майдонда бўлганим, лекин оёғим остида тўп эмас, жасадлар, одамларнинг мия, органларини кўрганим ҳақида гапириб бердим”, - деди Нуриддин.

Францияда яшаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Отаева давра суҳбати қатнашчиларига андижонлик қочқинлар юз тутаётган муаммолар ҳамда Ўзбекистондаги бугунги вазият ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у Андижон воқеаларидан икки йил ўтиб ЕИ Ўзбекистонга нисбатан ҳали ҳам муқим позицияни эгаллай олмаётганини таъкидлади.

“Икки йил ўтиб ҳам ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан мавқеида аниқлик йўқ. Ҳолбуки, бу давлатда ҳали ҳам вазият ёмон. Ҳали ҳам ўнлаб журналист ва ҳуқуқ химоячилари қамоқда. Сиёсий партиялар рўйхатга олинмаган, фуқаролик жамияти ривожланиши учун кучли тўсиқлар мавжуд. Бунақа вазиятда санкцияларнинг енгиллаштирилиши мутлақо асоссиз”, - деди Надежда Отаева.

Бу ўринда Н.Отаева ЕИ Ўзбекистонга қарши санкцияларни ўз кучида қолдирган бўлса-да, тузилма ҳудудига кириши тақиқланган ўзбек амалдорлари рўйхатидан тўрт кишининг номи олиб ташланганини назарда тутди.

Давра суҳбатида қатнашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице президенти Алан Делетроз бу рўйхат қисқартирилишини кескин танқид қилган.

“Бу борада Алан Делетроз ва унинг идораси қатъий позицияда. У Европага кириши маън этилган ўзбек амалдорлари рўйхати қисқартирилишини кескин танқид қилар экан, аслида бу рўйхат кенгайтирилиши ва унга Ислим Каримов ҳам киритилиши кераклигини айтди. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам шундай таклифни илгари суриб чиққан”, - деди Н.Отаева.

Тадбир қатнашчиларидан бири, Андижон воқеаларидан кейин ватанидан қочиб Бельгиядан бошпана топган Дилшод Тиллахўжаев бу санкциялар гарчи рамзий бўлса-да, самарали эканига ишонишини билдирди.
XS
SM
MD
LG