Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:47

Ўғирланган журналистнинг туғилган куни жаҳон бўйлаб нишонланди


“Би-Би-Си”нинг тўққиз ҳафта олдин Ғазода ўғирлаб кетилган мухбири Алан Жонстон 17 май куни 45 ёшга тўлди. Ҳозирга қадар тақдири мавҳум бўлиб қолаётган журналистнинг таваллуд куни турли мамлакатларда нишонланди.

Алан Жонстоннинг таваллуд кунига бағишланган тадбирлар Лондон, Теҳрон, Москва, Гонконг ва Рамаллоҳда журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва расмийлар иштирокида ўтказилди.

А.Жонстон жорий йил 12 март куни Ғазо шаҳрида фаластинлик жангарилар томонидан ўғирлаб кетилгани тахмин қилинмоқда. Ўшандан бери у ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Кўпчиликка таниш бўлмаган “Ислом армияси” номли гуруҳ аъзолари Алан Жонстонни ўғирлаганини иддао қилиб, Буюк Британия қамоқхоналарида сақланаётган мусулмонлар қўйиб юборилишини талаб қилган. Улар А.Жонстоннинг матбуот ходими эканини тасдиқловчи ҳужжати суратини ўз сайтига қўйган.

16 май куни “Би-Би-Си” бош директори Марк Томсон эълон қилган баёнотда Аланнинг барча дўстлари ва ҳамкасблари у соғ-омонлиги ва яқин фурсатда ўз уйи ва яқинлари бағрига қайтишидан умидвор экани билдирилган.

А.Жонстоннинг ота-онаси Граҳэм ва Маргарет Шотландиядаги уйидан туғилган куни муносабати билан ўғлига видеотабрик йўллади.

“Салом Алан. Туғилган кунинг билан табриклаймиз. Ҳаммамиз ҳар доим сен ҳақингда ўйлаяпмиз. Агар бугун биз билан бирга бўлганингда туғилган кун яхшироқ ўтган бўларди. Ўғлим, сени жуда севамиз. Руҳингни туширма”, - дейилади видеотабрикда.

“Би-Би-Си”нинг халқаро хабарлар бўлими раҳбари Лилиан Ландор Алан Жонстон тириклигига ишончи комил эканини таъкидлади.

“Биринчи кундан бошлаб биз кенг жамоатчиликни бу ҳақда огоҳ қилдик. Биз Аланни озод қилиш учун электрон почта орқали 90 минг имзо тўпладик. Уни озод қилиш талаби билан ҳамкасбларимиз Пекиндан Буэнос-Айресгача, Кобул, Бангкок, Париж, Жакарта, Фаластин ҳудудлари ва Эронда норозилик намойишлари ўтказди. Таниган ва танимаган одамлар унинг озод этилишини талаб қилди”, - деди “Би-Би-Си” вакили.

Айни пайтда Буюк Британияда ҳибсда сақланаётган радикал уламо Абу Қатада А.Жонстонни ўғирлаганлар билан учрашиш таклифи билан чиқди. Лондондаги Исломий марказ Абу Қатададан мактуб олингани, унда Жонстонни озод этишда ёрдам бериш таклиф қилинганини билдирди. Абу Қатада миллий хавфсизликка таҳдид солганлик айби билан озодлиқдан маҳрум этилган.

А.Жонстонни гаровга олганлигини иддао қилган гуруҳ Абу Қатаданинг озод этилишини ҳам талаб қилган эди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги А.Жонстонни қўйиб юбориш ҳақида Қатаданинг инсонийлик юзасидан баёнот бериши масаласи унинг адвокати билан муҳокама қилинаётгани ҳақидаги маълумот тўғри эканини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG