Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:30

Азима Парноз: “Ахборот воситаларини мухолифатга минбар бергани учун айблаш мантиқсизликдир”


Форс тилидаги “Фардо” радиоси мухбири Азима Парноз беш ой муқаддам касал онасини кўргани Теҳронга келганидан бери доимий назоратда турибди ва мамлакатни тарк этишига рухсат берилмаяпти.

Эрон ва АҚШ қўшфуқаролигига эга А.Парноз ҳукуматга қарши тарғибот юритганликда айбланмоқда.

“Озодлик” мухбири А.Парноз билан суҳбатлашди.

“Озодлик”: Сиз режим қопқонидасиз. Паспортингиз олиб қўйилган, иш жойингизга қайта олмайсиз. Шундай мушкул аҳволда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Азима Парноз: Бир қарашда ҳаммаси яхшидай кўринади. Мен онамнинг уйидаман. Хоҳлаган жойимга бораман, ҳеч ким мени тўхтатмайди. Аммо бу юзаки манзара. Менга айб юклаган давлат қаршисида умидсизлик билан кутишга маҳкумман. Бу худди қамоқхонадаги ҳали устидан ҳукм ўқилмаган маҳбус аҳволига менгзайди. Маҳбус бу қамоқда умрбод қолишини ҳам, навбатдаги дақиқада озодликка чиқишини ҳам билмайди. Бу мавҳумлик мени жуда эзиб юборди.

“Озодлик”: Озод бўлишингизни талаб қилиб жуда кўп ташкилотлар, хусусан, Америкадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари расмий Теҳрон номига мурожаатлар йўллади. Мамлакат ичкарисида ҳам сизни шундай қўллаб-қувватлашлар бўлдими?

Азима Парноз: Эрон ичкарисида бундай ташкилий тадбирлар бўлмади, аммо оила аъзоларим ва дўстларим мени руҳан қўллади. Мен билмаган, аммо журналистик фаолиятим билан таниш бўлган одамлар уйимга гулдасталар кўтариб келди. Бу руҳимни кўтарди, эзилган юрагимга малҳам бўлди. Айни пайтда мен Эрон ичкарисида туриб мени ҳимоя қилиш истагида бўлганларнинг имкони чекланганини ҳам биламан. Баъзи дўстларим мендан ўзини олиб қочяпти, мен уларнинг аҳволини ҳам тушунаман, улардан гинам йўқ.

“Озодлик”: Сиз давлат ва жамиятга таҳдид солувчи ахборотлар тарқатишда айбланмоқдасиз. Ҳар ҳолда сизнинг “Фардо” радиосидаги фаолиятингиз расмий Теҳрон томонидан шундай талқин қилинди. Бу айбловга қандай муносабат билдирасиз?

Азима Парноз: “Би-Би-Си”, “Си-Эн-Эн”, “Фардо” каби бош қароргоҳи хорижда бўлган матбуот воситаларини улар мухолифатга минбар бергани учун айблаш мантиқсизликдир. Назаримда, журналистлар барча томонларга, шу жумладан, мухолифатга ҳам минбар бериши керак. Жамиятда танқидга ўрин бўлиши лозим. Афсуски, Эронда журналистика ҳақида янглиш тушунча бор. Эрон журналистлари доимо мулозимларни мақтаб туриши керак. Улар босим ва цензура остида ишлашга маҳкум.
Менга қўйилган айб хусусида адвокатим Муҳаммад Ҳусайн фикрини келтирсам. Бу бўҳтон ва асоссиз айб, деб ҳисоблайди адвокатим.

“Озодлик”: Яқинда ишингизни Теҳрон суди қайта кўриб чиқади. Адолатли ажримдан умид қиляпсизми?

Азима Парноз: Судья ҳозирча мени қамоққа олмаслик ҳақида қарор чиқарган. Мен ярим миллион доллар гаров пули эвазига шартли озодликка чиққанман. Ҳозир Эрон Истиҳборат, яъни Хавфсизлик вазирлиги менинг ишимни текширяпти. Айнан улар қачон суд бўлиши ҳақида қарор чиқаради. Балки ҳаммаси яхшилик билан тугар... Паспортимни қайтариб беришар. Балки Прагага бориб, ишимни яна давом эттирарман. Билмадим... Умидим бор. Яхши ният қилиб беш ойдан бери кутяпман.
XS
SM
MD
LG