Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Қирғизистонда “Туркий забон давлатларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги келажаги” мавзуда илмий конференция иш бошлади.


Жалолобод шаҳрида ўтаётган конференцияда асосан қирғизистонлик ва туркиялик олимлар иштирок этмоқдалар. Конференция ташкилотчиларига кўра, йиғиндан асосий мақсад, туркийзабон давлатлар интеграциясини жадаллаштиришнинг илмий йўналишларини ишлаб чиқишдир. Жалолободда илмий конференция иш бошлаган бир вақтда, Бишкек шаҳрида бир гуруҳ қирғиз ва турк ёшлари ўртасида тўқнашув содир этилгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Жалолободда иш бошлаган “Туркий забон мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги келажаги”, деб номланган илмий анжуман иштирокчиларига кўра, туркий забон мамлакатлар интеграцияси масаласи илмий жиҳатдан кам ўрганилган мавзудир. Қирғизистонлик олим, тарих фанлари номзоди Жениш Дуйшеевга кўра, интеграция масаласи илмий жиҳатдан ўрганиб чиқилмагунга қадар, туркий халқлар интеграцияси борасидаги сиёсий қадамлар самарасиз бўлиб қолаверади:

“Энг аввало йўналишларни қатъий белгилаб олишимиз зарур. Бир –биримиздан нимани ўргансак бўлади, бир-биримизга нимани ўргатсак бўлади, деган саволга аниқ жавоб топилиши зарур. Илмий жиҳатдан интеграциянинг манфаатли жиҳатлари исботлангандагина, сиёсий алоқалар самара келтириши мумкин”, -деди Жениш Дуйшеев.

Бироқ, Бишкекдаги қирғиз-турк университети ректори Сулаймон Қаипов илмий исботлардан ташқари туркий халқлар интеграцияси сиёсатчиларнинг иродасига ҳам боғлиқ эканини айтади:

“Европа давлатлари бирикмоқдалар.Бизда эса икки лидер учрашган жойда, анжуманларда туркий халқлар интеграцияси тўғрисида кўп гапирилади. Ҳамма бу фикрга қўшилади. Бироқ, амалда яқинлашув учун ҳеч қандай қадам ташланмайди. Менимча, интеграция учун илмий ҳақиқатлардан ташқари, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳам бўлмоғи лозим”, -деди Сулаймон Қаипов.

Айни пайтда сиёсатчиларнинг бу борада ўз нуқтаи – назарлари мавжуд. Жалолобод вилояти губернатори Искандар Айдаралиевга кўра, туркий халқлар интеграцияси энг аввало савдо алоқаларининг ривожланишига боғлиқ. Иккинчидан эса, давлатларга ётқизилаётган сармоялар кўпроқ ғарбдан эмас, Туркия, Қозоғистон каби туркийзабон мамлакатлари тарафидан бўлиши лозим.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Серпил Алтмай хоним бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Туркия ишбилармонлари Қирғизистонга бошқа Марказий Осиё давлатларига нисбатан кўпроқ сармоя ётқизганлар. Қирғизистонда 400дан ортиқ турк ширкати фаолият кўрсатади ва бу ширкатларнинг Қирғизистонга ётқизаётган сармояси йилига 350 миллон долларни ташкил этади. Бундан ташқари, маданий-маърифий алоқлар ҳам ўта кучли. Қирғизистон олийгоҳларида олти минг нафар турк ёшлари таълим олмоқдалар. Мана шу жиҳатлар ҳам Туркия ва Қирғизистон алоқаларининг мустаҳкамлигини таъминламоқда

Жалолободда туркийзабон халқлар интеграцияси келажаги тўғрисидаги илмий анжумани иш бошлаган бир паллада, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги Бишкекда бир гуруҳ қирғиз ва турк ёшлари ўртасида тўқнашув содир этилганини, ўқ отилганини маълум қилди. Бу ходисани ўрганаётган президент қошидаги инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Акун “Озодлик” радиосига бу борада мана буларни маълум қилди:

“Халқаро ахборот воситалари бу ходисани миллатлараро тўқнашув сифатида тақдим этмоқда. Биз бу воқеани қунт билан ўрганмоқдамиз. Дастлабки тергов натижаларига кўра, бу шунчаки маиший сабаблар билан содир бўлган тўқнашувдир. Унда жами ўн киши иштирок этган. Тўқнашув иштирокчиларидан бири муштлашув пайтида қуролидан осмонга қарата ўқ отган. Халок бўлганлар ва оғир тан жароҳати олганлар йўқ”, -деди Турсунбек Акун.

Унга кўра, ҳозир бу ходиса юзасидан ўтказилаётган тергов президент маъмуриятининг махсус назоратига олинган. Муштлашувда иштирок этганлар

“Йигирма-йигирма беш ёшлар атрофидаги йигитлар бўлиб, уларнинг ҳаммаси маст аҳволда бўлган”, -деди Турсунбек Акун.
XS
SM
MD
LG