Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Ўзбекистон яна ёмонлар қаторида


Халқаро тинчлик жамғармаси ва “Ташқи сиёсат” журнали жаҳон мамлакатлари ўртасида таназзулга юз тутиш даражасини акс эттирувчи индекс - рўйхатни эълон этди.

Рўйхатда Ўзбекистонга 177 мамлакат орасида 22-ўрин берилган ва бу кўрсаткич Марказий Осиё давлатлари орасида таназзулга юз тутиш даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Рўйхат бошида эса Судан, Ироқ, Сомали, Зимбабве, Чад, Конго, Афғонистон кабилар турибди.

Ҳисоботда даражаланган мамлакатлар тўрт рангдаги жадвалда жойлаштирилган. Қизил рангли жадвал, яъни хавотир уйғотадиган мамлакатлар рўйхатига 32 давлат қатори Ўзбекистон ҳам кирган.

Ҳисобот муаллифларидан бўлган Халқаро тинчлик жамғармаси тадқиқотчиси Марк Лукаснинг айтишича, Ўзбекистоннинг таназзулга юз тутиш даражаси юқори бўлган давлатлар сирасига киритилиши, энг аввало, у ердаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ниҳоятда ёмонлашди. Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва демократия ташвиқотчилари қамалди ва халқаро ҳамжамиятни бу жуда хавотирга солмоқда”, - дейди Марк Лукас.

Ўтган йили Ўзбекистон рўйхатда 23-ўринда эди.

“Таназзулга юз тутиш даражасини акс эттирувчи индекс - рўйхат сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ижтимоий каби ўн икки мезон асосида тузилди. Хусусан, демографик вазият, қочқинлар мавжудлиги, инсон ҳуқуқлари омили, махсус хизматларнинг қуввати ва назорат этилиш имконияти, давлат элиталарининг якдиллиги ва ташқи омиллар, яъни хорижий истило хавфи эътиборга олинди. Ўзбекистон мисолида қонун устиворлиги заифлиги, инсон ҳуқуқларининг вазияти, хавфсизлик кучларининг сиёсий тизимдаги роли ва бир ҳовуч сиёсий элитанинг мавжудлиги давлатчиликка таҳдид омиллари сифатида кўрилади ва икки йил аввалги Андижондаги қонли воқеалари бунга яққол мисолдир”, - деди Марк Лукас.

Ўзбекистонда ҳукумат юргизаётган репрессив сиёсат ўзгача фикрни яширин ҳаётга ҳайдаган. Мухолиф партияларга йўл берилмаётгани радикал диний оқимлар сафларини кенгайтирмоқда. Бугун эса Ўзбекистонда ҳукумат ислом экстремизми хавфи қаршисида қолган.

“Зўравон исломий гуруҳларга қарши курашмоқ керак, аммо бу борада Ўзбекистон тутган йўл халқаро ҳамжамият хавотирларига сабаб бўлмоқда. Шу боис, биз Ўзбекистонни таназзулга юз тутиш даражаси юқори бўлган давлатлар сирасига киритдик”, - дейди Марк Лукас.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице президенти Алан Делетроз ҳам Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган репрессив сиёсат беқарорлик учун хамиртуруш эканини айтади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сиёсий эркинликлардан маҳрум ва айни пайтда ижтимоий танг аҳволда. Бу эса беқарорликлар учун идеал рецептдир.

“Ўзбекистондек давлатда фуқаролар бошқа давлатлардаги каби парламент орқали фикр билдириш, ҳукуматга эътироз билдириш ҳуқуқларидан маҳрум этилган экан, бундай фуқаролар учун фақат бир йўл қолади. У ҳам бўлса экстремизм ва хуфёна сиёсий ҳаракат. Бу эса ҳақиқатан ҳам мамлакат учун хатарлидир”, - дейди Алан Делетроз.

Марк Лукас эса Ўзбекистондаги ўта репресив ҳукумат мамлакатдаги нобарқарорликлар учун масъуллигини таъкидлади ва ҳукумат мухолифатга нисбатан қатағон сиёсатни тўхтатмас ва инсон ҳуқуқларини ҳурматламас экан, вазият ёмонлашиб бораверишини билдирди.

Рўйхатда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича энг ёмон кўрсаткичларга эга бўлган Туркманистон 43-поғонада ва бу Туркманистондаги вазият Тожикистон ва Қирғизистонга қараганда барқарор экани белгисидир.

“Туркманистонда ҳам инсон ҳуқуқлари муаммолари талай ва бу давлат демократик бошқарувга эга эмас. Шундай бўлса-да, бу давлатда вазият Ўзбекистондагига қараганда барқарорроқ кўринади”, - дейди Марк Лукас.

Таназзулга юз тутиш даражаси бўйича Тожикистон 39-ўринда. Қирғизистон эса Туркманистондан икки поғона баланд, яъни 41-ўринда. Қозоғистон эса минтақадаги таназзулга юз тутиш даражаси энг паст бўлган давлат сифатида 103-учинчи ўринга қўйилган.

Таназзулга юз тутиш даражаси энг кам бўлганлар эса Скандинавиянинг уч давлати - Норвегия, Финляндия ва Швециядир.
XS
SM
MD
LG