Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Қозоғистонда мухолифат партиялари бирлашмоқда


Қозоғистондаги мухолифатдаги икки йирик куч – “Нағиз оқ жўл” ва Умуммиллий социал-демократик партияларнинг қўшма қурултойида бу партиялар бирлашиши ҳақида эълон қилинди.

Улар бирлашишдан кўзланган асосий мақсад ҳукмрон “Нур Отан” партияси, жумладан, унинг раҳбари Нурсултон Назарбоев юритаётган сиёсатга муқобил йўналишда фаолият кўрсатиш ҳамда бўлажак парламент сайловида муносиб иштирок этиш эканини билдирмоқда.

Мухолофат аъзоси Бўлат Абилов бирлашган партия ҳозирча “Социал-демократик партия” номи билан юритилишини маълум қилди.

“Ҳозирча икки партия раисларини янги партия етакчилари, деб атаяпмиз. Парламент сайлови бўлиб ўтгач, биз сентябрь ойида яна бир бор қурултой ўтказамиз. Ундан сўнг партия раиси ва партиянинг янги номи эълон қилинади. Ҳозир биз ягона стратегик тизимни яратишга муваффақ бўлдик. Бу демократик, замонавий мухолифатдир. Биз ҳукуматпараст партиялар сиёсатига муқобил йўналишда фаолият юритишни кўзламоқдамиз”, - деди Бўлат Абилов.

Маълум бўлишича, бирлашган икки мухолифат партиясининг 260 мингдан зиёд аъзоси бор. Жорий йилнинг 18 август куни бўлиб ўтадиган парламент сайловида бирлашган мухолифат ҳукуматпараст партияларга кучли рақобатчи бўлишни мўлжаллаётир.

“Мухолифат бу сафарги парламент сайлови ҳам адолатсиз ўтишига йўл қўймаслиги керак, - дейди собиқ сенатор Зауреш Баталова. - Агар сайлов адолатсиз ўтиб, демократик мухолифат парламентда етарли миқдорда овоз тўплай олмаса, ўтказилган сайловга байкот эълон қилиши керак. Қозоғистон ҳукуматининг кутилмаганда, зудлик билан конституциявий ўзгартишлар қабул қилгани, парламентни муддатдан аввал тарқатиб юборганини мен унинг заифлигида, деб биламан. Ҳукумат буни аллақачон пайқаган. Агар аввалги парламент сайлови адолатли ўтганда эди, ҳукуматпараст партиялар ҳаттоки 50 фоиз ҳам овоз тўплай олмаган бўларди. Бўлажак парламент сайловида демократик мухолифат тўпланган овозларнинг адолатли ҳисобини талаб этиши керак”.

Қозоғистон матбуотида “Нағиз оқ жўл” Умуммиллий социал-демократик партия таркибига қўшилиб, ўз номини йўқотгани унинг ўз ғояларидан чекинганидан дарак бераётгани айтилмоқда. Аммо мустақил журналист Сергей Дуванов аслида икки партиянинг ҳам асл мақсади президент Нурсултон Назарбоев устидан ғалаба қозониш бўлганини айтади.

“Бу партияларнинг асл ғояси президент Н.Назарбоев юритаётган сиёсат устидан ғалаба қозониш бўлган. Аммо мухолифатчиларнинг алоҳида, келишилмаган ҳолда иш юритгани бунга йўл қўймаётган эди. Улар бирлашган ҳолда ҳукуматда олиб борилаётган сиёсий ўйинларда асосий роллардан бирини қўлга киритиш мумкинлигини англаб етди”, - деди С.Дуванов.

Шунга қарамай, С.Дуванов маҳаллий мухолифатнинг бирлашган ҳолда ҳам халққа фойдаси тегишига кўзи етмаслигини таъкидлади.

“Бирлашган икки партия кучли мухолифатни ташкил эта олмайди. Қозоғистондаги электорат мухолифатни қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Сабаби аён. Мухолифат халққа яқин бўлмаган, электоратни ўз томонига қаратиш учун иш олиб бормаган. Буни амалга ошириш учун мухолифат кўп ишлаши керак. Ҳозир мухолифат парламентдан жой эгаллашни кўзлаяпти. Бу амалга ошгач эса у яна тинчиб қолади. Яна бир бор такрорлайман, маҳаллий мухолифатнинг анъанавий мақсади - фақатгина сиёсий ўйинда катта ролга эришиш”, - деди мустақил журналист.
XS
SM
MD
LG