Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

Ўзбекистонда 800 килограммга яқин наркотик модда йўқ қилинди


Тошкентда Ўзбекистон расмийлари ва мамлакатдаги халқаро ташкилот вакиллари иштирокида ўтган тадбирда 800 килограммга яқин наркотик модда, жумладан, героин ва опиум йўқ қилинди.

26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати ўтказилган ушбу тадбир ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олимжон Тўрақулов 1994 йилдан буён мамлакатда 40 тоннага яқин наркотик модда йўқ қилиб ташланганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, гиёҳвандликка қарши кураш кунида ноқонуний муомаладан олинган 772 килограмм гиёҳвандлик моддасининг ёқиб йўқ қилиниши бутун дунё ҳамжамияти эътиборини бу муаммога яна бир бор қаратиш ва ҳаммани шу муаммога қарши ҳамкорликда курашишга чақириш мақсадида ўтказилди.

БМТнинг Наркотиклар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маълумотига кўра, 2006 йилда Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми кескин ошиб кетган. Агар 2005 йилда бутун мамлакат бўйлаб 3800 тонна афюн ишлаб чиқарилган бўлса, героин хомашёси бўлган бу модданинг 2006 йилги ҳажми 6600 тоннани ташкил қилган.

Шуниси эътиборлики, бу ўсишни Афғонистоннинг шимолий қўшниси - Ўзбекистонда ҳам сезиш мумкин.

2006 йилда Ўзбекистонда ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик моддалари миқдори 1 тонна 772 килограммни ташкил этди. 2005 йилда бу кўрсаткич 1 тонна 221 килограмм эди.

Кўкнорини ғайриқонуний етиштиришга қарши кескин курашилаётган Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддалари Афғонистондан олиб ўтилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

“Ҳақиқатан ҳам жаҳон бўйлаб биз дуч келаётган жиддий муаммо Афғонистон муаммосидир. Дунёда етиштирилаётган афюннинг 92 фоизи шу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. 2006 йилда Афғонистонда, асосан, жанубий вилоятларда афюн етиштириш ҳажми аввалги йилдагига қараганда 49 фоиз ортиб кетгани гувоҳи бўлдик”, - деди БМТнинг Наркотиклар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси эксперти Томас Питсман.

Афғонистонда етиштирилаётган минглаб тонна наркотик модда, табиийки, ўз бозорини излайди. Минтақа мамлакатлари эса ўша бозор йўлига ҳамда бозорнинг ўзига айланиб бормоқда. Натижада гиёҳвандлар сони ҳам ортиб бормоқда.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзини таништиришни истамаган фарғоналик йигит сураткаш бўлиб ишлайди. У бир куни милиция ходимлари 200 кишининг суратини олиб келиб, кўпайтириб беришни илтимос қилганини айтади.

Суратлар ёш йигитлардан тортиб 45ларга бориб қолганларники эди. Ҳаммаси фарғоналик.

Сураткашнинг таъкидлашича, милиция ходимлари суратдагиларнинг ҳаммаси наркоман эканини айтган.

“Фарғонада бизнинг суратхона атрофида ўндан ортиқ суратхона бор. Ҳар бирига 200-300 тадан сурат беришган кўпайтиришга. Суратдагилар орасида кўкнорилар ҳам, кўкнорифурушлар ҳам бор”, - дейди суҳбатдош.

Кейинги йилларда минтақанинг ҳар бир шаҳрида гиёҳвандлик моддаларини кечаю кундуз топса бўладиган маҳаллалар пайдо бўлди. Фарғоналик суҳбатдош ўзи наркотиклардан узоқда бўлса ҳам наркотикфурушлар шаҳарнинг қайси мавзеида яшашини билади.

“Энг кўпи Охунбобоев массивида. Наркотик моддалар сотиладиган жойга олиб бориб келадиган махсус таксилар ҳам бор”, - дейди фарғоналик сураткаш.
XS
SM
MD
LG