Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:45

ЕИнинг МОга оид янги стратегияси ҳақидаги мулоҳазалар


Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг 21-22 июнь кунлари Брюсселда ўтган учрашувида тузилманинг Марказий Осиё давлатларига оид янги стратегияси тасдиқланди.

Германия ҳукумати тақдим қилган ва келгусида ЕИнинг Марказий Осиёга оид сиёсатини белгиловчи бу стратегияда кўзда тутилган асосий мақсад минтақа давлатлари билан кўп томонлама ва икки томонлама тартибда инсон ҳуқуқлари, демократик тамойиллар, қонун устиворлиги, иқтисодий алоқалар, таълим ва маданият соҳасидаги мулоқотларни мустаҳкамлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва сув муаммолари, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида ҳамкорлик қилишдан иборат.

ЕИ расмийлари, айниқса, Германия МО давлатлари билан муносабатларда аввалгидек инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бирламчи масала бўлишини, аммо янги сиёсат кўпроқ реал сиёсий воқеаликка мос мулоқотга асосланишини таъкидламоқда. Аммо МО, хусусан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб келаётган аксар халқаро ташкилотлар бу каби сиёсий режимлар билан мулоқотни давом эттирмаслик, унга қарши амалий чоралар қўллашни талаб қилган эди. Шу боис ҳам ЕИга раислик қилаётган Германия ҳукумати таклиф қилган бу стратегия қарийб бир йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эътирозига сабаб бўлиб келаётганди.

ЕИнинг МО бўйича махсус вакили Пьер Морел тасдиқланган стратегия обдон муҳокама қилингани ва мунозаралардан ўтгани, бунда эътироз билдирган барча томонлар фикри инобатга олингани, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликка оид бандларига ўзгартишлар киритилганини таъкидлайди.

“Стратегия мунтазам равишда яхшиланиб борди. Унинг якуний кўринишига хавфсизлик масаласида қўшимчалар киритилди, унда инсон ҳуқуқлари, иқтисод, энергия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид қўшимчаларни кўриш мумкин. Унинг устида олиб борган ишимиз шундай бўлди, стратегия биринчи марта тақдим этилгандан бери кўплаб марта муҳокама қилинди, бу нормал такомиллаштириш жараёни бўлди”, - дейди Пьер Морел.

Ҳамманинг манфаатини бирдек акс эттиргани таъкидланаётган янги стратегия истиқболи қандай бўлади? Унда иттифоқ расмийлари таъкидлагани каби бундан буён ҳам инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бирламчи масала бўладими ёки энергетик манфаатлар устунлик қиладими? Хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларида инсон ҳуқуқлари масаласини устун қўйиб, панд еган ЕИнинг фақат мулоқот ва яна бир карра мулоқотни кўзлаган эндиги муносабати қай асосга қурилади?

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ЕИнинг МО, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларга оид мустаҳкам стратегияси ишлаб чиқилганини жуда ижобий ҳол, деб ҳисоблайди.

“Аммо бу янги стратегияда ҳам махсус стратегиясиз ҳамкорлик қилинган даврлардаги каби ноаниқ қолаётган жиҳатлар талай, - дейди О.Орипов. - Масалан, стратегиянинг асосий йўналиши қилиб олинган “қонун устиворлиги йўлидаги ҳамкорлик” қисмини олайлик. Халқчиллик бўлмаган қонун ҳеч қачон устивор бўла олмайди. Ўзбекистон қонунларида эса халқчиллик йўқ. Яъни Ғарб назарда тутган қонун устиворлиги бошқа-ю, Ўзбекистондаги қонун устиворлиги бутунлай бошқа нарса. Бошқа тарафдан, ЕИ ва Ўзбекистон ҳукумати бошлаётган бу янгича мулоқотдан Ғарб нимани хоҳлайди-ю, Ўзбекистон нимани хоҳлайди - бу аниқ айтилмаган”.

Унинг таъкидлашича, одатда кўзга кўринмайдиган шу каби мавҳумликлар ҳамкорликнинг асл самарасини таъминлайди. Муддао аниқ айтилиб, мақсад аниқ белгиланмас экан, бу ҳамкорликдан самарали натижа кутиш қийин.

Ўзбекистонлик мухолифатчи, сиёсий қочқин Ҳазратқул Худойбердиев эса МО билан муносабатларда Ғарб давлатларининг ўз геосиёсий ва энергетик манфаатларидан келиб чиқиши тайинлиги ва Ғарбнинг минтақада ҳеч қачон бой беришни истамайдиган геосиёсий, энергетик ва айниқса, ҳарбий манфаатларини диққатдан қочирмаслик кераклигини айтади.

“Стратегиянинг қабул қилиниши устида жон куйдирган Германиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳарбий базалари борлигини ва бу Ғарбнинг Афғонистон, Ироқдаги амалиётларида муҳим позиция эканини унутмайлик. Майли, Ғарб МО билан мулоқотдан ўз геосиёсий манфаатлари йўлида фойдалансин. Бироқ бунинг эвазига Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқлари ҳимояси томон ҳеч бўлмаганда кичик-кичик қадамлар ташланишига эришиш лозим ва мумкин эди. ЕИ инсон ҳуқуқлари ва демократик принципларини ҳарбий манфаатларидан ҳам кейинги учинчи-тўртинчи даражага тушириб, назаримда, яна катта хатога йўл қўйяпти”, - деди Ҳ.Худойбердиев.

Ҳ.Худойбердиев “кичик-кичик қадамлар”, деганда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ўнлаб сиёсий ва минглаб эътиқоди учун қамалган маҳбусларни назарда тутганини таъкидламоқда.

Бу маҳбуслар тақдири ҳақида кўплаб ҳисоботлар эълон қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Толиб Ёқубов эса ЕИнинг янги стратегияси кучга киргунга қадар тузилма доирасида бўлган расмий, нуфузли учрашувларда иштирок этган, ЕИнинг МО билан ишловчи мутасаддилари билан музокаралар ўтказган.

“Бу учрашувлар вақтида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги аҳволига оид асл воқеликни кўрсатувчи кўплаб ҳужжатлар, фактларни, юзлаб сиёсий маҳбуснинг рўйхатини тақдим қилганмиз. Аммо улар ҳануз қамоқда, қийноқлар остида қолмоқда. Кўриб турибмизки, бу ҳукуматлар оддий халқ эмас, ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатлари пайида бўлади. Шундай экан, бизнинг мулоқотларни қўллаш ва мулоқотлар чоғида халқаро жамоатчилик босимини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун курашни давом эттиришдан ўзга чорамиз йўқ”, - деди Т.Ёқубов.

ЕИнинг МОга оид стартегияси билан танишиб чиққан “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Германия бўлими раҳбари Мариан Хьюваген ҳам шу фикрни таъкидлар экан, тузилма стратегиясига инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва демократик принципларни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилганини олқишлади.

“ЕИ бошданоқ инсон ҳуқуқлари масаласи таклиф этилаётган янги стратегиянинг асосини ташкил этишини айтиб келди. Шунинг учун, менимча, ЕИ МО давлатларида инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият ва демократиянинг ривожланишини кафолатлаш учун чоралар кўрмоғи лозим. ЕИ аъзолари бу жараёнлар қандай бораётганини баҳолаш учун уларни яқиндан кузатиб бориши керак”, - деди ҲРУ вакили.
XS
SM
MD
LG