Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:00

Ўзбек-қозоқ чегарасида наркотиклар транзити кучаймоқда


Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч тумани суди ҳукми билан Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 38 ёшли Аҳрор Камолов уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Маълум бўлишича, А.Камолов ўзбек-қозоқ чегарасининг “Кескин” постида Қозоғистон божхона назорати ходимлари томонидан қўлга олинган. Унинг юклари орасидан марихуана топилган. А.Камолов гиёҳвандлик моддасини Ўзбекистондан Қозоғистонга олиб ўтмоқчи бўлган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Онгтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи генерал-майор Талгат Есетов қозоқ-ўзбек чегараси мамлакатнинг энг муаммоли ҳудуди эканини айтди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан чегарада экстремизм ва терроризм хавфи мавжуд. Бу ҳудуд наркотраффик, ноқонуний миграция ва контрабанда билан шуғулланиш учун қулай жой ҳисобланади. Бу ҳудудда уюшган жиноий гуруҳлар кенг фаолият юритмоқда.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек театри бош режиссёри Ҳамиджон Қулабдуллаев сўзларига кўра, ўзбек-қозоқ чегарасида коррупция ривожлангани учун ҳам наркотик моддалар транзити кенг тарқаляпти.

“Чегарачиларга пул берсангиз, 10 килограмм наркотик модда билан ҳам чегарадан бемалол ўтиш мумкин”, - дейди Ҳ.Қулабдуллаев.

Мутасаддилар Жанубий Қозоғистон аҳолиси ўртасида гиёҳвандлик кенг тарқалгани сабабини ҳам Ўзбекистондан излайди, яъни вилоятнинг Ўзбекистон билан чегарада жойлашгани ва бу ҳудуднинг наркотик моддалар транзити учун хизмат қилаётганини айни сабаблардан ҳисоблайди.

Вилоят наркология диспансери мутахассиси Лайша Тўлабой қизининг айтишича, Жанубий Қозоғистондаги гиёҳвандларнинг асосий қисми Ўзбекистон билан чегара ҳудудларда яшайди.

“Гиёҳвандлик моддалари ҳудудимизга Тошкент орқали ўтиши боис, Ўзбекистон билан чегарадаги Сариоғоч, Мақтаорол тумани аҳолиси орасида гиёҳванд шахслар кўп”, - дейди Лайша Тўлабой қизи.

Расмий маълумотларга кўра, ўзбек-қозоқ чегарасида наркотик моддалар билан боғлиқ ҳолатлар бу йил ўтган йилга нисбатан кўпайган. Ўтган йил давомида чегарада 220 килограмм гиёҳвандлик моддаси ушлаб қолинган бўлса, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 300 килограмм наркотик модда мусодара қилинган.
XS
SM
MD
LG