Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:48

Ўзбекистон бойлари нимага қизиқади?


Ўзбекистонда қанча бой бор, уларнинг бойиш манбалари, қизиқишлари ҳақида халқ орасида турли гаплар юрса-да, аммо бу ҳақда ҳали бирор жойда расман гапирилгани кузатилгани йўқ.

Демократик жамиятларда эса бойларнинг давлати ҳақида расмийга яқин маълумотлар тез-тез эълон қилиниб турилади. “Форбс” журнали дунё бойларининг рўйхатини ҳар йили эълон қилиб боради. Журналнинг ўтган йилги рўйхатида “Майкрософт” компанияси президенти ва асосчиси Билл Гейтс 50 миллиард доллар бойлиги билан биринчи ўринда турибди. Иккинчи ўринда турган америкалик молиячи Уоррен Баффетнинг эса 42 миллиард доллар пули бор. Россиянинг энг бой одами Роман Абрамович 19 миллиард доллар билан 11-ўринни банд этган.

“Capgemini” ва “Merrill Lynch” консалтинг фирмалари бизнес бўйича ўтказган тадқиқотларининг шу ҳафтада эълон қилинган натижаларига кўра, мамлакатларнинг географик жойлашуви каби у ердаги бойваччаларнинг ҳам қизиқишлари турлича. Масалан, Шимолий Америкадаги пулдорлар яхта, санъат, самолëтларга қизиқса, Европадаги бойваччаларнинг қизиқиш объектлари сирасига, асосан, тасвирий санъат киради. Араб шайхлари зотдор отлар сотиб олса, Сингапур бойлари Франциядаги энг қиммат виноларни коллекция қилиш билан шуғулланади. Яқин Шарқда бойваччалар пулини кўпроқ тилла буюмлар ва қимматбаҳо соатларга сарфлайди.

Тадқиқот муаллифларига кўра, араблар ëки осиëликлар Ғарб вакилларига қараганда, ўз бойликларини оммага ялтир-юлтур қилиб кўрсатишни ëқтиради.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда маҳаллий бойлар мавзусига гўёки табу қўйилгандек таассурот уйғонади. Одaмлар эса уларни қураëтган ҳашаматли иморати, машинаси, сотиб олаëтган завод-фабрикаси ва ўтказаëтган дабдабали тўйига қараб билади.

“Бугун Ўзбекистонда қисқа вақт ичида бойиб кетган одамлар сони кўп. Энг ажабланарлиси шуки, Ўзбекистондаги бойларнинг ҳаммаси у ëки бу даражада ҳокимият билан боғланган ва уларнинг ўтмиши жиноят оламига бориб тақалади. Ўзбекистондаги бойваччалар пулларини кўпинча ички обрўларини яхшилашга сарфлайди. Бунга қимматбаҳо машиналар, ҳашаматли уйлар, яхши кийиниш ва хорижга сафар қилиш киради. Ғарб мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бизда бойлар тасвирий санъат коллекциясига қизиқмайди”,- дейди мавзу юзасидан “Озодлик”ка фикр билдирган Ойсара.

Америкалик Изабел ўзбек урф-одатлари, маданияти ва ҳаёт тарзи билан яқиндан таниш. У имкон бўлди дегунча Ўзбекистонга келади. Ўзбекистонлик бойваччалар ҳақида у ҳам озми-кўпми билади.

“Масалан, Ислом Каримов ëки ҳукуматнинг бошқа вакиллари қандай йўл билан бойиб кетаëтганини халқ билади. Улар мамлакат табиий захираларини сотиб, ундан кўраëтган даромадларини хориждаги банкларга қўйиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Менимча, Ўзбекистон ичидаги бойлар ҳозир ўз пулларини кўчмас мулкка инвестиция қилмоқда”, - дейди Изабел.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ўта бойлар сони унчалик кўп эмас. Улар Салим Абдувалиев, Ғофур Аҳмедов, Мираброр Усмонов, Гулнора Каримова ва шунга ўхшаш саноқли кишилар.

Г.Каримованинг бойлиги ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Бу ҳақда фақат тахмин қилиш мумкин.

“Mенимча, Гулноранинг 200 миллион доллар атрофида пули бор. Лекин улар қонуний йўл билан топилганми-йўқми, бунисини билмадим. Ҳеч ким бунга аниқ баҳо бера олмайди”, - дейди Америкада таҳсил олаëтган ўзбекистонлик молиячи Нодир.

Г.Каримованинг молиявий аҳволини аниқлаш қийиндир-ку, аммо унинг хоббиси нималигини билиш мушкул эмас. У заргарлик буюмлари дизайни билан шуғулланади. Ҳатто Москвада махсус заргарлик дўкони ҳам бор.

Гулноранинг медиабизнес билан шуғулланиши ҳақида ҳам гап-сўзлар юради. Ўзбекистоннинг “ТВ-Марказ” телеканали, “Белла-терра” ва бошқа журналлар, “Терра” радиоси ва бошқа бир қанча ОАВ Гулнора Каримовага қарашли экани айтилади.
XS
SM
MD
LG