Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:57

Буюк Британия террор таҳдиди остида


Лондонда иккита автомобилга ўрнатилган бомба топилгани ва Глазго аэропортига ҳужум уюштирилгандан сўнг Британия ҳукумати мамлакатдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни энг юқори даражада этиб белгилади.

30 июнь куни Шотландиядаги Глазго аэропортнинг асосий терминали дарвозасига “Жип” русумидаги автомобиль қаттиқ урилиб ёниб кетган эди. Машинадан тушиб қочган икки шахс ўша жойда ушланди. Улардан бирининг танаси куйган эди. Полиция бу ҳаракатни террорчилик амалиёти, деб баҳолади.

Глазгодаги воқеадан атиги 36 соат олдин Лондонда полиция ёнилғи, газ баллонлари ва мих юкланган иккита шубҳали автомобилни топиб, уни зарарсизлантирган эди.

Шотландия полициясининг юқори лавозимли вакили Уилли Рэ Глазго ва Лондондаги воқеалар бир-бирига алоқадор эканини айтди.

“Бу воқеалар ўртасида боғлиқлик борлиги аниқ. Биз бунга террор воқеалари сифатида қараймиз”, - Шотландия полицияси амалдори.

Якшанбага ўтар кечаси полиция Глазго ва Лондон воқеаларига алоқадорликда гумон қилинган икки шахсни ҳибсга олди. Бу ҳақда ахборот воситалари учун бошқа маълумот тарқатилмади. Буюк Британия полицияси Ливерпуль шаҳрида ҳам террор актларига алоқадор экани гумон қилинган яна бир шахсни қўлга олди.

Бир неча кун олдин Буюк Британия бош вазири этиб тайинланган Гордон Браун мамлакат аҳлини огоҳ бўлишга чақирди. 1 июль куни “Би-Би-Си” мухбири билан суҳбатда Браун Лондон ва Глазгодаги воқеалар ортида турганларнинг мақсади имкон қадар кўп одам ўлдириш бўлганини айтди.

“Нафақат бизнинг мамлакатда, балки бутун дунёда тинч фуқароларга, улар қайси динга эътиқод қилишидан қатъий назар, исталган пайтда имкон қадар кўп талафот етказиб, уларни мажруҳ қилишга тайёр бўлган бир гуруҳ одамлар бор. Шу боис, биз доим огоҳ ва шай ҳолда бўлишимиз керак”, - деди Гордон Браун.

Бош вазир террор таҳдидлари британияликлар турмуш тарзига таъсир эта олмаслигини таъкидлади.

“Британия ҳукумати ва халқи номидан шуни таъкидлмоқчиманки, биз бундай ҳужумлардан қўрқмаймиз ва бировнинг Британия турмуш тарзига путур етказишига йўл қўймаймиз”, - деди Гордон Браун.
XS
SM
MD
LG