Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:10

Қозоғистонда ўз жонига қасд қилиш кўпаймоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “эртанги кунга ишончи йўқ” қозоғистонлик ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш эпидемия даражасига етганини маълум қилди.

Соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш миллий маркази директори Казбек Тўлебоевнинг айтишича, Қозоғистон 17-19 ёшлилар ўртасида ўз жонига қасд қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Шунинг учун ЖССТ мамлакатда ёшлар суициди бўйича эпидемия эълон қилган.

Ўз жонига қасд қилувчилар сони ҳар 100 минг кишига 20 ва ундан ортиқроқ тўғри келса, мутахассислар бу ҳолатни суицид эпидемияси, дея атайди. Қозоғистонда эса 100 минг кишига 30 та, баъзи ҳудудларда эса 60 та ўз жонига қасд қилувчи ёшлар тўғри келиши аниқланди. Ёшларнинг иқтисодий масалада дуч келаётган қийинчиликлари уларнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келаётган асосий сабаб сифатида кўрилмоқда.

“Иқтисодий масалада дуч келаётган қийинчиликлар оқибатида ёшлар тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилаётганлар кўпаяётгани ҳақидаги маълумотларда жон бор, - дейди ёш таржимон Алия. - Ҳозир шаҳарда ўртача ойлик маош 50-60 минг тангани ташкил этади. Бу Қозоғистон шароитида нормал яшаш учун оз пул. Ёшларнинг асосий қисми эса ҳалигача чекка ҳудудларда яшайди. Уларнинг олаётган маоши ёки стипендияси эса кулгули. Ёшларнинг ишга жойлашиши, яхши маош олиб уйли-жойли бўлиб кетиши камдан-кам учрайди. Тўғри, ҳозир уларга уйни ипотека кредитига олиш таклиф қилиняпти. Аммо ҳар ойда тўланадиган кредит фоизлари ёшлар чўнтагига тўғри келмайди”.

Унинг сўзларига кўра, университетда бирга ўқиган дўсти ҳам ҳаётдаги моддий қийинчиликлар олдида ожиз қолиб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

“Қозоғистонда пулсиз одам ҳеч кимга керак эмас. Унга жамиятда худди кераксиз буюмдек муносабатда бўлинади. Бу ҳолатдан тушкунликка тушган дўстим ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганида, уни тўхтатиб қолишди. Ўзим ҳам яқинда ишга жойлашдим, маошим ўртача. Шунга қарамай, яқин келажакда уйли-жойли бўлиб кетишимга кўзим етмайди”, - деди Алия.

Ўзбекистон талаба Нодир ҳам ўз мамлакатида ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туришини айтади. Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари эса қозоғистонлик ёшларникидан фарқ қилади.

“Ўзбекистонлик ёшлар орасида маҳаллий урф-одатлар, эскирган қарашларга бардош бера олмаслик, эри ёки унинг яқинлари томонидан зўравонликка чидай олмай, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради. Лекин бу кенг кўламда эмас. Ўзбекистонда ҳам иқтисодий ривожланиш тезланишиб, одамлар ҳаёт суръатига ета олмай қолганда Қозоғистондаги каби жонига қасд қилишлар кўпайиши мумкин”, - дейди Нодир.
XS
SM
MD
LG