Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 07:16

Янги лойиҳа тақдири аввалгилариникидек бўладими?


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Қозоғистоннинг 30 та корпоратив етакчиси” давлат дастури доирасидаги лойиҳани амалга тадбиқ этиш бошланишини маълум қилди.

Мазкур лойиҳа мамлакат иқтисодини модернизациялаш ҳамда маҳаллий компаниялар маҳсулотини халқаро бозорга чиқаришни кўзда тутади.

“2015 йилга келиб Қозоғистон энг ривожланган 50 давлат сафидан ўрин олиши керак”, - деди Н.Назарбоев.

Лойиҳа учун масъул бўлган “Ғазна” жамғарманинг инвестициялар бўлими менежери Серик Нурбек мамлакат иқтисоди равнақи йўлида амалга оширилаётган давлат дастури доирасидаги лойиҳа жуда муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.

“Лойиҳанинг дастлабки босқичида Қозоғистондаги маҳаллий бизнес орасидан энг йирик 30 та компанияни танлаб олиш керак. Улар халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган брендларга эга бўлишига эришиш олдимизга қўйган мақсадларимиздан биридир. Масалан, Япония иқтисодида катта роль ўйнайдиган йирик компаниялар мавжуд. Булар “Тошиба”, “Сони”, “Панасоник”. Қозоғистон ҳукумати ҳам маҳаллий бизнес вакилларидан фойдаланган ҳолда шундай йирик брендларга эга бўлган маҳаллий компанияларни ташкил этмоқчи. Ҳозир танловда иштирок этиши кўзланаётган 86 та лойиҳа танлаб олинди. Аммо биз уларни корпоратив етакчилар, деб айта олмаймиз. Улар ҳозирча юқори даражага етишгани йўқ. Ўз бизнесини қандай йўлга қўйиши келажакда уларнинг халқаро бозорга чиқа олиш ёки олмаслигини белгилаб беради”, - деди Серик Нурбек.

Маҳаллий иқтисодчи Канат Беринтоев эса Қозоғистон ҳукумати катта умид боғлаётган мазкур дастур муваффақиятига ишончсизлик билан қарамоқда.

“Биринчидан, “Ғазна” жамғармаси камида 100 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳаларнигина кўриб чиқади. Иккинчидан, бу дастурда иштирок этаётган компаниялар ишлаб чиқарадиган маҳсулотининг 30 фоизини экспорт қилиши керак. Менимча, Қозоғистон ҳукуматининг давлат дастури сунъий ишлаб чиқилган. Танловда иштирок этиши кўзланган маҳаллий компаниялар катта ютуққа эришишига ишончим комил эмас. Чунки агар Қозоғистон ёнилғи ресурслари, уран, металл бўйича халқаро бозорда ўз ўрнига эгалигини ҳисобга олмасак, бошқа йўналишлар бўйича мамлакат халқаро бозорда бирор нуфузга эга эмас. Биз 2015 йилга келиб ривожланган 50 давлатдан бирига айланамиз, энг ривожланган армияга эга бўламиз каби баландпарвоз гаплар Қозоғистон келажаги учун фойда бермайди. Аввал ишни амалда бажариш лозим. Қозоғистон кичик бир давлат сифатида жаҳон бозорида фақатгина углеводород хомашёси таъминотчиси сифатида танилиши мумкин”, - деди иқтисодчи.

К.Беринтоев аввал ҳам ҳукумат бир неча лойиҳаларни амалга оширишга киришгани, аммо бирортасини эплай олмаганини эслатди.

“Қозоғистон иқтисодиётини модернизациялаш стратегияси барбод бўлаётган пайтда кластер моделини йўлга қўйиш учун хориждан Постерни таклиф этишди. Аммо у ҳам ўз гонорарини олиб, Қозоғистондан жўнаб қолди. Чунки у таклиф этган режалари мамлакатда ишламаслигини билган. Ҳаттоки Постернинг туризм соҳасидаги таклифи ҳам Қозоғистон шароитида ишлагани йўқ. Кейин Н.Назарбоев “мамлакатнинг 50 та етакчиси” лойиҳасини йўлга қўйди. Бу лойиҳа ҳам қумга тушган сувдек изсиз кетмоқда. Энди Н.Назарбоев яна бир ўта оригинал режасини жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмоқда. Ҳукуматимиз берган ваъдасини ҳаётга тадбиқ эта олмай, фақатгина баландпарвоз гаплардан нарига ўта олмаётир”, - деди Канат Беринтоев.

Қозоғистон иқтисодини модернизациялаш қўмитасининг махсус комиссияси ҳозиргача жами 56 миллиард АҚШ долларига баҳоланган 86 та лойиҳани танлаб олди. Ҳар бир лойиҳанинг қиймати камида 100 миллион доллардир.

“Қозоғистоннинг 30 та корпоратив етакчиси” лойиҳасида иштирок этаётган маҳаллий компанияларга биринчи босқичда ҳукумат томонидан кўмак кўрсатилиши режалаштирилган. Ҳар бир лойиҳада давлатнинг улуши 25 фоиз ва бир акциядан иборат бўлади.
XS
SM
MD
LG