Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Янги қонун лойиҳасидан мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам норози


Тожикистон Маданият вазирлиги дин ишлари бошқармаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини мамлакат парламенти муҳокамасига тақдим этди.

Тожикистон Ислом университети мударриси Зайниддин Наботов янги қонун лойиҳасининг аксарият бандларини ижобий баҳолади.

“Сўнгги йилларда жамиятимизда жуда кўп диний оқимлар ва секталар пайдо бўлиб, ўз ғараз мақсадларини амалга ошириш ва сафларини мусулмонлар ҳисобидан кенгайтириш йўлида анча ишлар қилди. Масалан, кўп мусулмон ёшларимиз насроний динига ўтиб кетди. Янги қонун лойиҳаси эса бу нарсаларга чек қўяди ва бу турли дин вакилларининг ҳуқуқларини поймол қилмайди, балки бегона оқим ва мазҳабларни бир тартибга солувчи янги механизмни жорий этади, деган умиддаман”, - деди мударрис.

Аммо иудаизм ва насроний динлари вакиллари юқоридаги фикрларга қўшилмаётир. Улар янги қонун лойиҳаси барча дин ва мазҳаблар, жумладан, мусулмонлар ҳуқуқларини ҳам чеклаб қўйишини билдиряпти.

Яҳудийлар синагогаси етакчиларидан бири Михаил Абдураҳмонов янги қонун лойиҳасига оид эътирозлар инобатга олинмаганидан норозилигини яширмади.

“Бир йил илгари мазкур қонун лойиҳасига оид эътирозларимиз битилган мактубни президентимиз Имомали Раҳмонга йўллаган эдик. Ҳатто ЕХҲТнинг Тожикистондаги бюроси вакиллари ҳам бу борада ўз норозилигини маълум қилган эди. Афсуски, янги қонун лойиҳасига оид фикрларимиз умуман инобатга олинмаган”, - дейди М.Абдураҳмонов.

Унинг таъкидлашича, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида 1997 йилда қабул қилинган ва ҳозиргача амал қилиб келаётган қонун демократик тизим талабларига тўла жавоб беради.

“Аммо янги қонунга нима зарурат бор эди, тушунмай қолдим. У барча дин вакиллари эркинлигини чеклаб қўйган. Биз, яҳудий динига эътиқод қилувчи шахслар ҳеч қачон 400 нафардан ортиқ аъзо тўплаш имконига эга эмасмиз, негаки республика бўйлаб изласангиз ҳам яҳудий динига эътиқод қилувчи бунча одамни топиш имкони йўқ. Ўз-ўзидан маълумки, шунча аъзога эга бўлмаган синагогамиз фаолияти янги қонун асосида тўхтатилади, бу эса бизнинг дин эркинлигимизни бўғишдан ўзга нарса эмас”, - деди яҳудийлар вакили.

Мустақил кузатувчилар ҳам янги қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид ҳужжат, деган хулосани билдиряпти.

Мустақил кузатувчи Абдуллоҳ Раҳнамо сўзларига кўра, ҳозир амалда бўлган қонун кам сонли аъзо билан ҳам ибодатхона ташкил этиш имконини беради. Янги қонун лойиҳасида эса бунга йўл берилмаган. Масалан, насронийлар ва яҳудийлар қишлоқ жойларда 400, шаҳар жойларда эса 1200 аъзо тўплай олсагина ибодатхона очиши мумкин. Мусулмонларнинг имкониятлари янада чекланган. Улар аввалги 400 аъзо ўрнига 60 минг аъзо тўплай олсагина масжид очишга рухсат берилади.

“Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид қонундир. У парламент томонидан тасдиқланиб кучга кирса, мамлакатдаги 90 фоиз масжид ёпилиши керак. Бу эса жамиятда сиёсий бўҳронни вужудга келтиради”, - деди А.Раҳнамо.

Янги қонун лойиҳасида етти ёшга қадар қиз ва ўғил болаларга диний таълим бериш тақиқланган. Бу тақиқни бузганлар жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

Янги қонун лойиҳаси анча вақтдан буён муҳокама қилиб келинади. Лойиҳадан норози бўлган Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий бу ҳужжатга муқобил қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Аммо негадир у муқобил қонун лойиҳасини парламентга тақдим этишни истамади.
XS
SM
MD
LG