Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:46

Қулдорлар жазоланди, собиқ қуллар юртига қайтди


Оқтўба шаҳрида ўзбекистонлик ўндан ортиқ муҳожирни қулликда сақлаган, уларга зўравонлик қўллаган қозоғистонлик 6 нафар иш берувчи устидан бир йил давомида ўтказилган суд жараёни ниҳоясига етди.

Оқтўба суди айбланувчиларни 3 йилдан 7 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд ҳукмига кўра, айбланувчилар моддий ва маънавий зарар учун ҳар бир ўзбек муҳожирига 50 минг тангадан товон пули тўлаши керак. Замонавий қулдорлардан муҳожирларга қулликда бўлган даврида тўланмаган жами 250 минг танга иш ҳақи ҳам ундирилади.

Оқтўба шаҳри прокуратураси матбуот котиби Сауле Ўтарбоева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик муҳожирларни қозоғистонлик қулдорларга айнан ўзбекистонлик одам савдогарлари сотганини маълум қилди.

“Ўзбекистонлик одам савдогарлари аввал қозоғистонлик қулдорлар билан муҳожир олиб келиш ҳақида ваъдалашган. Улар бу одамлар қулликка солинишини жуда яхши билган. Дастлаб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан Ғарбий Қозоғистоннинг Бийнов станциясига 12 муҳожирдан иборат биринчи гуруҳ, кейинроқ 9 кишилик иккинчи гуруҳ олиб келинган. Оқтўба шаҳридаги “Атагер” ҳаммом мажмуи эгаси Еркитоева одамфурушларга биринчи гуруҳдаги муҳожирларнинг ҳар бири учун 10 минг тангадан, 9 кишилик иккинчи гуруҳ учун эса 75 минг танга пул тўлаган. Қозоғистонда яхши иш ваъда қилинган муҳожирлар ўзлари қулликка топширилишини билмаган”, - дейди С.Ўтарбоева.

Оқтўбада ўзбекистонликлар муҳожирлар машина ювиш, кийим-кечак ва ҳаммом мажмуини тозалаш каби ишлар билан шуғулланган. Кечки пайт эса эркаклар оғир ишларга жалб қилинган, аёллар эса ҳаммом мажмуига келган эркаклар томонидан зўрланган.

“Иш берувчининг ҳовлисида болахона бўлган. Барча муҳожир – аёллар, эркаклар ва вояга етмаган 15 ёшли қиз шу ердаги каталакдек хонада яшаган. Ҳатто ҳожатхона ҳам шу хонада бўлган. Муҳожирлар кечки пайт ўз хонасига қамалиб, ҳовлига қопқир қўриқчи итлар қўйиб юборилган. Хўжайинларнинг буйруғини бажармаган муҳожирлар калтакланган, қўлига болта билан урилган, тирноқлари остига игна тиқилган. Муҳожир аёллар ҳаммомга келган эркак мижозларнинг кўнгилини овлаши керак бўлган. Улар ўз хоҳишига қарши зўрланган”, - дейди С.Ўтабоева.

Оқтўба шаҳридаги Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Ойгул Дўсенова ўзбекистонлик муҳожирларни қулликдан озод қилиш жараёнида иштирок этган.

Унинг сўзларига кўра, қулликдан озод этилган муҳожирларга Халқаро миграция ташкилотининг Олмаотадаги ваколатхонаси кўмагида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинган. Уларга адвокат ёлланган, суд жараёни вақтида яшаши учун уй ижарага олиб берилган.

Маълум бўлишича, ҳозир ўзбекистонлик муҳожирлар ўз юртига қайтариб юборилган. Уларни қозоғистонлик қулдорларга сотган ўзбекистонлик уччала одам савдогари ҳам жазодан қуруқ олмаган. Улар Ўзбекистонда қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
XS
SM
MD
LG