Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:24

Чет элдаги ўзбекларни бегона кўрадиган Ўзбекистон


Тожикистондан Қирғизистонга кўчиб келган қирғизлар осонгина фуқаролик мақоми олаётган бир пайтда Ўзбекистон ўтган 15 йил давомида ўз тарихий ватанига қайтган ўн минглаб ўзбекка ҳамон фуқаролигини бергани йўқ.

БМТ қочқинлар идорасининг Тошкентдаги ваколатхонаси 2004 йилда тарқатган маълумотга кўра, 1992 йилдан буён Ўзбекистонга Тожикистондан 38 минг киши кўчиб келган. Аммо норасмий маълумотларда бу рақам 100 минг нафарни ташкил этади.

Бу кишиларнинг аксарияти ўтган асрнинг 30-40 йилларида қулоқлаштириш сиёсати даврида Тожикистонга қочиб келиб қолган ўзбеклар ва уларнинг авлодларидир. Тожикистондаги фуқаролик урушидан сўнг кўчиб келган бу одамларга ҳозиргача Ўзбекистон фуқаролиги берилмагани айтилади. Уларнинг бир қисми расмий қайддан ўта олмагани сабабли Тожикистонга қайтиб ҳам кетган.

“Мен, хўжайиним ва уч болам 1998 йилда Ўзбекистонга кўчиб бордик. Ер олдик, уч йил ишладик. Лекин бизни рўйхатга олишмади. Милиция ходимлари ҳар куни келиб, кўчиб кетинглар, деб айтарди. Ҳеч иложи бўлмади. Охири Тожикистонга қайтиб келдик. Биз Ўзбекистонга ота-оналаримиз юрти, ўз ватанимиз, деб борган эдик. Лекин биз ўз тарихий ватанимизда бегона бўлиб қолдик”, - дейди Дилноз исмли аёл.

Маҳмуджон исмли йигит ҳам оиласи билан Ўзбекистонга кўчиб келганига қарийб ўн беш бўлди. У ҳар сафар паспорт сўраб борганида ўзига рад жавоби берилишини айтади.

“Оилам билан 1992 йилда Ўзбекистонга кўчиб боргандим. Чунки биз яшаб юрган жойда фуқаролик уруши авж олиб кетган эди. Ўшандан буён Ўзбекистонда фуқароси йўқ шахсмиз. Ҳар сафар паспорт бериш бўлими бошлиғининг олдига кириб, бизга қачон фуқаролик берилишини сўрасам, у индамай Ислом Каримовнинг илинган суратини кўрсатиб, фуқаролик бериш ўзининг қўлида эмаслигини айтади”, - дейди Маҳмуджон.

Хўш, Ўзбекистон нега ўн беш йилдан буён ҳеч кимга фуқаролик бермаяпти?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бунинг биринчи сабаби Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ресурсларига бутунлай эътиборсизлиги эканини таъкидлади.

“Ҳозир дунёда энг катта глобал ресурс сифатида инсон ресурси тан олинган. Ўзбекистон четдан келаётган этник ўзбекларга фуқаролик бермаётганига иккинчи сабаб мамлакатдаги демографик аҳвол билан боғлиқ. Яъни ҳукумат назарида бу аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини кўпайтиради ва бу, ўз навбатида, сиёсий муаммоларни шакллантириши мумкин”, - деди К.Раббимов.

Кузатувчилар фикрича, собиқ иттифоқ давлатлари ичида фақат Ўзбекистонгина чет элдаги ўз миллатдошларига шундай муносабатда бўляпти, холос. Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон кабилар эса ўз миллатдошларига фуқаролик беришда энг содда механизмни қўлламоқда. Яъни уларга қисқа муддатда фуқаролик бериляпти.

Лекин, дейди кузатувчилар, Ўзбекистон чет элдаги ўзбекларга нафақат фуқаролик бериш, балки уларнинг тарихий ватанига келишини ҳам анча мураккаблаштириб қўйган.
XS
SM
MD
LG