Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

Қирғизистонда ун сезиларли қимматлади


Қирғизистонда айни пишиқчиликда нон қимматлади. Расмий статистикага кўра, нон нархи вилоятларда 20 фоиз, пойтахт Бишкекда эса 40 фоиз кўтарилган. Бир қоп ун бундан беш-ўн кун илгари 15 доллардан сотилган бўлса, айни пайтда 20 доллардан сотилмоқда.

Ўтган етти йил ичида Қирғизистонда биринчи марта ун нархи 2000 йил даражасига етди. Ўшанда ҳам бир қоп ун нархи 20 доллар бўлган эди. 2001 йилда ун 50 фоиз арзонлади. Бу Қирғизистонда ўтказилган ер ислоҳотлари натижасида деҳқонлар томонидан ўта кўп ҳосил етиштирилгани билан боғлиқ эди. Ўтган етти йил давомида бир қоп ун нархи беш доллар кўтарилган, холос. Июль ойининг сўнгги кунларида эса ун бирданига яна беш долларга қимматлади.

Ўн йилдан бери ун сотиш билан шуғулланадиган савдогар Гулнора Азимова ун қимматлагани сабабини бозорга етарли даражада ун чиқарилмаётгани билан изоҳлайди.

“Ун, асосан, Ўзбекистонга сотилмоқда. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда ун нархи қимматлаяпти”, - дейди савдогар.

Сузоқлик деҳқон Тоғайбек Жарқинбаев эса қимматчиликка ер ҳолати ёмонлашгани ва яхши ҳосил кўтарилмагани сабаб бўлганини айтади.

Қирғизистон расмийларининг айтишича, Қирғизистон ўзини ўзи буғдой билан таъминлайдиган давлатдир. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Россиядан ҳам буғдой сотиб олингани учун Қирғизистонда ун доим арзон бўлган. Бироқ бу йил деҳқонларнинг кўпчилиги буғдой ва пахта етиштиришдан воз кечган. Чунки бу маҳсулотлар нархи арзонлиги учун деҳқон меҳнатини қопламаяпти.

“Жорий йилда буғдой ҳосили гектарига 31 центнерни ташкил қилди. Бу эса вилоят эҳтиёжининг 70 фоизини қоплайди, холос. Авваллари вилоят ўз эҳтиёжини 100 фоиз қоплар эди. Бу йил жуда кўп деҳқон буғдой ва пахта етиштиришдан воз кечгани учун ҳам шундай вазият пайдо бўлмоқда”, - дейди Жалолобод вилояти ҳокимлиги вакили Жанибек Осмоналиев.

Қирғизистонда ун ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи энг йирик “Ақил” фирмаси раҳбари Чинибой Турсунбеков сўзларига кўра, мамлакатдаги нон нархи ўсишини Қозоғистондан сотиб олинадиган дон ҳисобига тўхтатиш мумкин эди. Бироқ айни пайтда Қозоғистоннинг ўзида ҳам ун тақчиллиги сезилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ўз ғалласини таклиф қилаётир.

Ч.Турсунбеков энг сифатсиз ғалла етиштирувчи ҳисобланган Ўзбекистон ўз ғалласига жуда катта нарх белгилаганини айтади.

“Уч-тўрт йил бўлдики, Ўзбекистон ҳам ўз ғалласини чет элга чиқариш таклифини қилиб келаётир. Бироқ бу ғалла ўта сифатсиз бўлгани учун ҳам унга эҳтиёж йўқ эди. Ўтган йили биз Ўзбекистондан ғалланинг тоннасини 130 доллардан сотиб олишни рад этганмиз. Чунки Қозоғистоннинг сифатли буғдойини ҳам 130 доллардан сотиб оламиз. Бу йил Ўзбекистон ун танқислигидан фойдаланиб, бир тонна ғаллани 170 доллардан таклиф этмоқда. Бироқ сифатсиз буғдойни бундай нархга сотиб олгандан кўра, бир-икки ой қимматчиликка чидаганимиз яхшироқ. Чунки август ойида Қозоғистон янги ғалласини сота бошлайди ва сентябрь ойларига бориб нон нархи яна пасаяди”, - деди Ч.Турсунбеков.
XS
SM
MD
LG