Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:52

Ўзбек газининг экспорт баҳоси ошиши кутиляпти


Марказий Осиё гази нархи бу йил қимматлашиши, яъни ҳозирги ҳар минг куб метрига 100 доллардан 150-160 долларга кўтарилиши кутилмоқда. Бу газ нархи ошишининг сўнгги чегараси эмаслиги башорат қилинаётир.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метргача газ қазиб олиб, унинг тахминан 12 миллиардини экспорт қилади.

Америкадаги “East European Gas Analysis” маркази таҳлилчиси Михаил Корчемкиннинг таъкидлашича, шу пайтгача ҳар минг куб метр газни 100 доллардан сотаётган Ўзбекистон бу йил ўз газининг экспорт нархини 160 АҚШ долларига кўтариши эҳтимолдан холи эмас.

Бу нарх, албатта, жаҳон бозоридаги нархдан анча паст. Ўзбекистон ўз газини Россия орқали экспорт қилади. Россиянинг “Газпром” компанияси ўзбек газини 100 доллардан харид қилиб, учинчи мамлакатга 230 доллардан сотади.

“Россия Марказий Осиё газини жаҳон бозорига олиб чиқар экан, унинг устига транспорт ҳамда 30 фоизлик экспорт ҳақини қўшади ва ўзи ҳам бундан катта даромад қилади”, - дейди Михаил Корчемкин.

Унинг билдиришича, Қозоғистон аллақачон ҳар минг куб метр газни 160 АҚШ долларидан сота бошлаган. Шу пайтгача ҳар минг куб метр газни 100 доллар атрофида сотиб келган Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам ўз гази нархини ошириб Қозоғистонга эргашиши ва 2008 йилга бориб Марказий Осиё газининг экспорт нархи янада кўтарилиши мумкин.

Брюсселдаги Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг энергия масалалари таҳлилчиси Чарлз Эссер сўзларига кўра, ўтган йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон газ экспортидан 883 миллион доллар фойда кўрган бўлса, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида бу кўрсаткич бир миллиард 883 миллион доллардан ошган. Бунга Ўзбекистон экспорт ҳажмини кўпайтирмасдан, газ нархини ошириш туфайли эришган.

Аммо Ўзбекистоннинг газ экспортидан кўраётган даромади ортиб бораётгани мамлакат халқи ҳаётида акс этмайди. Аксинча, газни четга экспорт чилувчи бу давлатнинг аксар аҳолиси қишда газ танқислигидан жабр кўради. Қийналиб кетган одамлар газ етишмовчилиги муаммосига ҳукуматнинг эътиборини қаратиш ва шу йўл билан “зангори олов”ни уйларига олиб кириш учун стихияли пикетлар ва митинглар қилиб, автомагистрал йўлларга чиқиши ҳар йили такрорланади.

“Албатта, газ нархи ошар экан, ундан кўриладиган даромад миқдори ҳам ошади. Агар бу даромад тўғри сарфланса, халқ фаровонлиги йўлида фойланилса, одамларнинг нафақаларини вақтида берилса, таълим соҳасига сарфланса, инфратузилмаларга ажратилса, бу жуда яхши. Бироқ Ўзбекистон мисолида олсак, у ерда аҳоли мамлакатнинг газ экспортидан кўрган даромадини ўзида ҳис эта олмайди. Газ экспортидан кўпроқ Ўзбекистонда юқори элита манфаат кўради”, - дейди Чарлз Эссер.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг аввалроқ эълон қилинган ҳисоботида Марказий Осиёнинг бой энергетика ресурслари минтақада беқарорликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида билдирилган эди. Бугунги кунда Қозоғистон энергетика экспортидан тушаётган даромадларини халқ фаровонлиги йўлида сарфлашнинг уддасидан чиқмоқда. Аммо минтақанинг Ўзбекистон ва Туркманистон каби авторитар давлатларида газ ва нефть экспортидан кўриладиган даромад фақат у ердаги элитани бойитмоқда. Аҳоли эса кун сайин қашшоқлашаётир. Бу эса келажакда беқарорликни юзага келтириши мумкин бўлган идеал омилдир.

“Газ экспортидан кўрилаётган осон даромад Ўзбекистон ва Туркманистонда узоқ йиллик иқтисодий ёмон вазиятни тиклаш, одамлар ҳаётини яхшилаш йўлида, ислоҳотларни амалга ошириш учун сарфланмаяпти. Иккинчидан, Ўзбекистондаги демократик бўлмаган ҳукумат энергия ресурсларидан кўрилаётган маблағларни одамлар норозилигига сабаб бўлаётган мавжуд режимни мустаҳкамлашга сарфлаяпти. Яъни ҳозир ҳукумат ўз қудратини мустаҳкамлаётганини кўрамиз, лекин келажакда бу одамлар норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Чунки халқ бир кун келиб нодемократик бўлган ҳукуматга қарши чиқиши мумкин”, - дейди Чарлз Эссер.
XS
SM
MD
LG