Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2024, Тошкент вақти: 16:00

Халқаро хабарлар

“Толибон” жангарилари гаровдаги кореялик икки аёл озод этилмаслиги маълум қилди.

Бироз аввал жанубий кореялик икки аёлнинг аҳволи оғирлашиб қолгани сабабли “Толибон” уларни озод этишга қарор қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Шу пайтгача Жанубий Кореянинг 19 июль куни ўғирлаб кетилган 23 фуқаросидан икки нафари қатл этилган.

Кун янгиликлари

Волгоградда Қуръонни ёққан Журавель Грознийда 3,5 йилга кесилди

Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.
Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.

Чеченистон пойтахти Грознийда волгоградлик Никита Журавель 3,5 йилга кесилди. У безориликда айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан у диндорлар ҳиссиётларини ҳақорат қилганликда ҳам айбдор деб топилди ва 300 соат мажбурий меҳнатга жалб қилинади.

Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.

2023 йил 19 майда “Утро Дагестан” телеграм каналида масжид фонида ёнаётган Қуръон китоби акс этган видео тарқалган эди. Эртаси куни Волгоградда маҳаллий педагогика университети талабаси Никита Журавель қўлга олинганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда у Қуръонни Украинадан олинган буйруқ асосида ёққани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди. Журавель ўшанда гўёки бу ҳаракати учун унга 10 минг рубль ваъда қилинганини айтган.

Журавелга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Чеченистонга топширган эди. Бастрикинга кўра, бунга “минтақа аҳолисининг асосий қисми ўзини жабрланувчи деб ҳисоблаши сабаб бўлган”.

Журавель Грознийда ҳибсда сақланаётганида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам томонидан калтакланган эди. Калтакланиш видеосини Рамзан Қодиров 2023 йил сентябрида ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Бу видео жамоатчиликда шов-шувларга сабаб бўлди, аммо Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатишдан бош тортган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бегона одам қай тарзда тергов изоляторига киргани ва маҳбусни калтаклагани тўғрисида тушунтириш ҳам бермаган.

Россия президенти Дмитрий Песков эса журналистлардан унга бу воқеа юзасидан савол бермасликни илтимос қилган.

Чеченистон расмийлари эса Адам Қодировнинг бу ҳаракатини қўллаган. Рамзан Қодиров ўғли Журавелни калтаклаб ўлдирганида “яхши бўлиши”ни билдирган. Кейинроқ Рамзан Қодиров ўғлини Чеченистон қаҳрамони унвони билан тақдирлаган.

Вашингтонда америкалик учувчи Исроил элчихонаси олдида “Фаластинга озодлик” дея ўзига ўт қўйди

Вашингтон. Исроил элчихонаси олдида ҳарбий 25 февралда ўзига ўт қўйган.
Вашингтон. Исроил элчихонаси олдида ҳарбий 25 февралда ўзига ўт қўйган.

“Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Вашингтонда Исроил элчихонаси олдида ўзига ўт қўйган америкалик учувчи касалхонада вафот этди.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учувчиси ўзига ўт қўйгани тўғрисида CNN Вашингтон полициясига таянган ҳолда 25 февралда хабар берган эди.

Учувчи ўз ҳаракатларини видеога олган. Видеода учувчи исми Аарон Бушнелл эканини ва “ортиқ геноцидга шерик бўлишни истамаслиги”ни, унинг изтироблари фаластинликлар тортаётган азоб-уқубатлар олдида “арзимас” нарсалигини айтган.

Шундан сўнг Бушнелл камерани ерга қўйган ва ўзини ёқиб юборган. У ўзига ўт қўйиш олдидан “Фаластинга Озодлик”, деб ҳайқирган. Полиция ўтни ўчиришга ҳаракат қилган.

Учувчи касалхонага ётқизилган. Ўшанда унинг аҳволи оғир экани айтилган эди.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари расмий вакили Роуз Райли ўзига ўт қўйган шахс ҳарбий бўлганини тасдиқлади.

Франция президенти Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади

Франция президенти Эммануэль Макрон.
Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон Россияга қарши урушда Киевни дастаклаш мақсадида Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади.

“Бугун пиёда қўшинларни жўнатиш масаласида муроса мавжуд эмас, лекин буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз Россия ғалабага эришмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз”, - деди Макрон Парижда ўтган Европанинг 20 лидери учрашувидан сўнг журналистларга берган суҳбатида. Мазкур учрашувда АҚШ ва Канада вакиллари ҳам иштирок этган.

Макрон қайси давлатлар Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Саммит Макрон ташаббуси билан ўтказилди ва унда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобни кучайтириш масаласи муҳокама этилди.

“Россия позицияси ўзгарди. У янги ҳудудларни босиб олишга интилмоқда ва Украина бу йўналишдаги ягона давлат эмас, бошқа давлатларга ҳам кўз тикмоқда. Шунинг учун Россия катта хавф туғдирмоқда”, – деди Макрон ўз сўзида.

Саммитда киберҳимоя, Украинада ҳамкорликда қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш, Украина-Беларусь чегарасида мудофаани мустаҳкамлаш, Украина ҳудудларини миналардан тозалаш, Россия бевосита таҳдид солаётган Молдова каби давлатларнинг мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.

Макрон Украинага “узоқ масофага ҳужум қилиш учун ракеталар ва бомбалар етказиб бериш бўйича янги коалиция” тузилганини эълон қилди.

Макрон АҚШда ўтадиган президентлик сайловларига Европа нуқтаи назарини изоҳлар экан: “Европа тақдири таҳдид остида турибди, шунинг учун қарорни европаликлар қабул қилиши шарт. Агар бошқалар бунга қўшилса ва ёрдам бергиси келса, бу жуда яхши, бу қўшимча бонус сифатида қабул қилинади”, – деб таъкидлади.

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилишини қўллади

Швеция бош вазири Ульф Кристерссон (чапда) ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан.
Швеция бош вазири Ульф Кристерссон (чапда) ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Эндиликда икки юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида бетарафликни сақлаб келган Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.

Парламент қабул қилган ҳужжатни Венгрия бош вазири Виктор Орбан бир неча кун ичида имзолаши кутилмоқда. Шундан сўнг НАТО Швецияга ташкилотга қўшилиш юзасидан расмий таклиф киритади.

Швеция бош вазири Ульф Кристерссон бу кунни “тарихий” деб атади ва ўз мамлакати “Шимолий Атлантикада хавфсизликни таъминлаш йўлида елкадош бўлишга ва тўлиқ масъулиятни зиммасига олишга тайёр” эканини билдирди.

Швеция ва Финляндия Россия Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай - 2022 йилнинг баҳорида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. НАТОга қўшилиш учун ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси розилик бериши лозим. Финляндия НАТОга қўшилган 31-давлат бўлди. Швециянинг аъзолик масаласи эса Туркия ва Венгрия позицияси ортидан ортга сурилиб келаётганди. Туркия шу йилнинг январида Швециянинг НАТОга қўшилишига розилик берганди. Шундан сўнг Венгрия Швециянинг ташкилотга қўшилишига монелик қилаётган ягона давлат бўлиб қолаётганди.

Фаластин мухторияти бош вазири Штайе истеъфо берди

Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе.
Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе.

Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга истеъфо тўғрисидаги аризани топширди. Бош вазир билан биргаликда ҳукумат ҳам истеъфога кетади. Бош вазир истеъфосига Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги сиёсатчиларнинг Ғазо бўлгасидаги вазият юзасидан консенсусга кела олмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Аббос Штайенинг истеъфосини қабул қилди. Штайе янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар бош вазир вазифасини бажариб туради.

Штайе “Ғарбий соҳил ва Қуддусдаги вазият кескинлашгани, Ғазода геноцид ва очлик юзага келгани” муносабати билан истеъфо бергани тўғрисида “Ал Жазира” телеканали хабар берди.

Штайенинг билдиришича, Ғазодаги янги реаллик “фаластинликлар ва фаластинликлар ўртасида” янги келишувларга ва консенсусга эришилишини талаб қилади.

Халқаро матбуотнинг билдиришича, Штайе Фаластин мухториятига АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятининг босими кучайган бир паллада истеъфо берди. Фаластин мухторияти ва Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТХ ҳаракатидан ҲАМАС-Исроил уруши якунланганидан сўнг Ғазодаги вазиятни изга солишни ўз зиммасига олиш талаб қилинмоқда. Айни пайтда ФАТХ ва Маҳмуд Аббос маъмуриятининг Ғазода ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам таъсир кучи унча катта эмас. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Украина президенти Зеленский RFE/RL президенти Стив Капус билан учрашди

RFE/RL президенти Стив Капус Украина президенти Владимир Зеленский билан. 26 февраль, 2024 йил.
RFE/RL президенти Стив Капус Украина президенти Владимир Зеленский билан. 26 февраль, 2024 йил.

Украина президенти Владимир Зеленский 26 февраль куни Киевда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиа корпорацияси президенти Стивен Капус билан учрашди.

Зеленский ва Капус, хусусан, Россия босқини шароитида Украинадаги журналистларнинг фаолиятини муҳокама қилди.

Украина президенти халқаро ОАВ, хусусан, Озодлик радиосининг Украинадаги урушни ёритишини юқори баҳолади. Зеленский ва Капус, шунингдек, Озодлик радиоси украин хизмати журналисти Владислав Есипенко тақдирини муҳокама қилди.

Есипенко уч йилдан бери Россия томонидан аннексия қилинган Қримда уйдирма айбловлар билан ҳибсда сақланмоқда.

"Бу муҳим он: Россия босқинининг учинчи ва Украина ҳудудларини ноқонуний тарзда қўшиб олишининг ўнинчи йилидир. Озодлик радиосининг вазифаси - Украинада содир бўлаётган воқеаларни дунёга кўрсатиш, ҳақиқатни ошкор этиш ва украин халқининг буюк жасорати ва бардамлигини намойиш қилиш”,- деди Капус.

У, шунингдек, Есипенкони озод қилишга чақирди. Зеленскийнинг айтишича, Украина ҳукумати барча украиналикларни, айниқса қримликларни ва журналистларни ватанларига қайтариш устида ишламоқда.

Россия Адлия вазирлиги 20 февралда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL)ни мамлакатда фаолият кўрсатиши исталмаган хорижий нодавлат ташкилотлари рўйхатига киритди.

RFE/RL мустақил медиаширкат бўлиб, у АҚШ Глобал медиа агентлиги воситасида Конгресс ажратадиган грант маблағлари ҳисобига фаолият юритади.

RFE/RL асосан матбуот эркинлиги чекланган 23 давлат учун 27 тилда ахборот беради.

HRW: Ўзбекистон ҳукумати қорақалпоқ фаолини асоссиз айбламоқда

Ақилбек Муратбай 10 йилдан бери Қозоғистонда яшайди.
Ақилбек Муратбай 10 йилдан бери Қозоғистонда яшайди.

Хьюман Райтс Вотч (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га нисбатан асоссиз жиноий айбловларни олға сурмоқда, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотнинг бу борада 26 февраль куни баёнот тарқатди.

Баёнотда Қозоғистон ҳукумати бу “сохта айбловлар”ни рад этишга ва Муратбайни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирилган.

“Муратбайга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши ҳуқуқ фаолидан ўч олишга қаратилган ҳаракатдир”, - дейилади баёнотда.

Озодлик радиоси аввалроқ Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлагани тўғрисида хабар берган эди.

Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

26 февралда Озодлик Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ҳозирда ҳибсда сақланаётган Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини бергани тўғрисида хабар берди.

Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:

“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.

Муратбай сўнгги бир ярим йилда Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда ҳибсга олинган олтинчи қорақалпоқ фаолидир. Муратбайдан олдин қўлга олинган беш нафар қорақалпоқ фаол 2023 йил сентябрь ва ноябрь ойларида экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни қамоқда сақлаш муддати якунлани муносабати билан озод қилинган эди. Бу ҳақда Озодлик ўз вақтида хабарлар берган.

Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган, аммо Қозоғистон ҳукумати уларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

Қозоғистонда қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбайга бошпана изловчи шахс мақоми берилди

Ақилбек Муратбай.
Ақилбек Муратбай.

Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини берди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига унинг яқини Фариза Нарбекова хабар қилди.

Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:

“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.

Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлаганди.

Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

Украина разведкаси раҳбари Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлганини айтди

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов.
Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия мухолифатчи сиёсатчиси Алексей Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани ҳақида билдирди. У бу маълумотни “аниқроқ тасдиқланган”, деб атади.

Буданов бу ҳақда Киевда 25 февралда ўтган "Украина. 2024 йил" форумида журналистларнинг “Навальний қандай ўлдирилгани тўғрисида Украина разведкаси маълумотга эгами?” деган саволига жавобан айтди.

“Ҳафсалангизни пир қилишим мумкин, бироқ бизга маълум нарса шуки, у ҳақиқатан ҳам тромб узилишидан ўлди. Бу аниқроқ тасдиқланган. Бу маълумот интернетдан олинмади”, - деди Буданов.

Аввалроқ Кремль назорати остидаги RT телеканали ҳам манбаларни келтирмаган ҳолда, Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани тўғрисида хабар берган эди.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фондидаги сафдошлари ва унинг беваси Юлия мухолифатчи ўлдирилгани тўғрисида баёнот берганди. Коррупцияга қарши кураш фонди Навальний ўлими тўғрисида ишончли маълумот тақдим эта олган шахсга юз минг евро миқдорида мукофот берилишини эълон қилган.

Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Мария Певчих Будановнинг сўзларига муносабат билдирар экан, уни “ёлғон айтган”ликда айблади.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Лукашенко 2025 йилдаги сайловда қатнашишини билдирди

Лукашенко 30 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.
Лукашенко 30 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.

Александр Лукашенко Беларусда 2025 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида иштирок этишини билдирди. Бу унинг саккизинчи президентлик муддати бўлади.

“Қатнашаман, қатнашаман, қатнашаман. Уларга шу гапимни етказиб қўйинг!”, - деди 25 февралда Беларус парламенти қуйи палатаси депутатлари сайловида овоз бериш участкасида журналистлар билан суҳбатлашган Лукашенко.

Авторитар раҳбар “Уларга бу гапимни етказиб қўйинг”, деганида хориждан бошпана топган беларусь мухолифатчиларини назарда тутди.

Мухолифат лидери Светлана Тихановская мазкур сайловни бойкот қилишга чақирган. Озодлик радиоси беларусь хизматининг хабар беришича, сайлов кенг кўламли репрессиялар фонида ўтказилмоқда. Сайловда мустақил кузатувчилар ва Лукашенкога мухолиф номзодлар мавжуд эмас.

Жорий йилда Лукашенко илк бор Белдарусь президентлигига сайланганига 30 йил тўлади. Лукашенко эса 70 ёшини нишонлайди.

АҚШ ва қатор давлатлар расмий Минск билан дипломатик алоқаларни сақлаётган бўлса-да, 2020 йилдаги сохталаштирилган сайловларда ғолиб бўлган Лукашенкони легитим президент сифатида тан олмайди.

АҚШнинг Винн қамоқхонасида тожикистонликлар очлик эълон қилди

АҚШ-Мексика чегараси.
АҚШ-Мексика чегараси.

АҚШнинг Луизиана штатидаги Винн қамоқхонасида сақланаётган бир гуруҳ тожикистонлик муҳожирлар ўн кун давомида очлик эълон қилган, деб хабар берди Озодликнинг тожик хизмати.

Хабарда айтилишича, қамоқда камида 100 нафар тожикистонлик сақланмоқда ва уларнинг аксарияти Россия фуқароси. Улар АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирган. Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатлашган икки нафар маҳбуснинг айтишича, улар қамоқда шароит ёмонлигидан ва бир неча ойдан бери уларнинг иши ҳал бўлмаётганидан норози.

Тожикистонликларнинг ўн кун давом этган очлик акцияси ҳеч қандай натижа бермаган.

АҚШдан бошпана сўрагани боис исмларини ошкор этмасликни сўраган муҳожирларнинг айтишича, тожикистонликларнинг асосий қисми изоляторда 4-6 ойдан бери судни кутмоқда.

АҚШнинг бошқа штатларидан фарқли ўлароқ, Луизианада миграция қонунчилигини бузганлар гаров, кафиллик ёки васийлик эвазига қўйиб юборилмайди.

Суҳбатдошларга кўра, ўнлаб тожикистонликлар судни қочқинлик мақомига ҳақдор эканлигига ишонтира олмаган ва депортация қилинган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси 2023 йилнинг 21 декабрида АҚШ ҳукумати мамлакатга турли ноқонуний йўллар билан кирган 119 ўзбекистонликни Тошкентга қайтаргани тўғрисида хабар берганди.

Расман билдирилишича, ортга қайтарилганларнинг кўпчилиги Мексика орқали АҚШга кирганлардир. Ортга қайтарилганлардан бири АҚШга Мексика орқали 3 сентябрда киргани ва ўшандан бери ўтган 110 кун давомида ҳибсда сақлангани ҳақида гапириб берганди.

2023 йил 13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.

Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг 20 ноябрида Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилганини билдирган эди.

Янги тартибга асосан, эндиликда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринаётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмайди, балки улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунига қадар ҳибсда сақланади.

Элчихона АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича расмий Тошкент билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Озодлик радиоси ўтган йил августнинг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.

Зеленский урушда камида 31 минг украин аскари ҳалок бўлганини билдирди

Украина президенти Владимир Зеленский 25 февраль куни матбуот анжумани ўтказди.
Украина президенти Владимир Зеленский 25 февраль куни матбуот анжумани ўтказди.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан уруш бошланганидан бери илк марта украин аскарлари орасидаги қурбонлар тўғрисидаги маълумотни ошкор қилди.

Унга кўра, Россия агрессиясига қаршилик кўрсатиш жараёнида 31 минг украин аскари ҳалок бўлди. Зеленский яраланганлар ва бедараклар тўғрисидаги маълумотларни очиқламади.

“Бу урушда 31 минг аскар ҳалок бўлди. Путин ва унинг атрофидагилар иддао қилаётганидай 300 минг, 150 минг эмас. Ҳар бир берилган қурбон биз учун оғир йўқотишдир”,- деди Зеленский.

Ўз нутқи давомида Укураина президенти урушнинг икки йили давомида ўнг минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлганини, Россия 180 минг ҳарбийсидан ажралганини, 500 мингга яқин рус аскари яраланганини айтди.

Россия Украинадаги йўқотишлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти. Би-Би-Си рус хизмати ва “Медуза” нашри Украинада ўлган камида 45 минг рус ҳарбийсининг шахсини аниқлаган эди.

24 февраль куни Россия Украинага тўлақонли қуролли босқинни бошлаганига икки йил тўлди.

Тожикистонда автобиографик асар ёзган тадбиркор 6,5 йилга қамалди

Абдухалил Холиқзода
Абдухалил Холиқзода

Тожикистон Олий суди “Ҳаётим воқеалари” (“Ҳаводиси рўзгори ман”) автобиографик асари муаллифи Абдухалил Холиқзода, китоб муҳаррири ва китоб чоп этилган босмахона директорини озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, бу одамлар адоват қўзғатганликда айбланган. Китоб юқори мартабали амалдорлар томонидан танқид қилинган, тираж эса мусодара этилган.

Холиқзода мазкур китобни ўтган йилнинг март ойида чоп эттирган. Китобда тадбиркор замонавий Тожикистон тарихида рўй берган кўплаб воқеаларни изоҳлаган, маҳаллий маданият ва санъат ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган.

Расмийлар китобда Тожикистоннинг турли ҳудудлари вакилларини ҳақоратлаш, куч ишлатар тузилмалар ходимларини қоралаш ва ижтимоий адоват уйғотиш унсурларини кўришган. Муаллиф “миллат хоини” ва “ички душман” деб аталган. Расмийлар муаллифнинг, хусусан, мамлакатнинг барча жойида коррупция ва маҳаллийчилик кенг қулоч ёйганига оид мулоҳазаларига эътироз билдиришган.

Айни пайтда хориждаги айрим мухолифатчилар тадбиркор А. Холиқзода ва ёзувчи А. Рустамнинг қамалишини Тожикистонда сўз эркинлиги бўғилишининг ёрқин намунаси эканини айтиб, мамлакат расмийларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилишган.

Суд мажлислари тергов изоляторида бўлиб ўтган, шу сабабли маҳкама жараёни феълан омма учун ёпиқ тарзда ўтказилган.

Озодлик манбаларига кўра, суд Абдухалил Холиқзодани 6,5 йилга, китобга муҳаррирлик қилган ёзувчи ва адабий танқидчи Абдуқодир Рустамни 4,5 йилга, ношир Суҳроб Ражабзодани бир йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Расмийлар суд ҳукми юзасидан изоҳ берганларича йўқ.

Озодликнинг тожик хизмати Холиқзодани ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимовнинг дўсти ўлароқ кўрилишини қайд этган. Қатор манбалар мазкур иш куч ишлатар тузилмаларнинг ҳокимият учун кураши доирасида юзага келганини тахмин қилишмоқда.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини тасдиқлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа Иттифоқи 23 февраль куни Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан буён Россияга қарши санкцияларининг 13-пакетини маъқуллади.

Санкция рўйхатига Россиядан ташқари Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон, Сербия, Туркия, Таиланд ва Шри-Ланкадан бўлган 88 та ширкат ва 106 киши киритилган.

Бундан ташқари, ЕИдан Россия бозорига ёки Россиядан ЕИга етказиб бериш тақиқланган товарлар рўйхати узайтирилди, дейилган ЕИнинг расмий хабарномасида.

Янги чекловлар Россия қўшинларининг Украинага бостириб кирганига икки тўладиган 24 февралдан кучга кириши тахмин қилинмоқда.

Биз Россия ҳарбий машинасини тўхтатиш, мудофаа мақсадидаги легитим курашда Украинага ёрдам бериш ҳамда унинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тиклаш қарорида бирдамликни сақламоқдамиз”, деган ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи ҳисоб-китобига кўра, 13-пакет киритилиши ортидан Россияга қарши санкция чоралари икки мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахсни қамраб олади.

Аввалроқ Financial Times газетаси ўз тасарруфидаги ҳужжатларга таянган ҳолда, ЕИ Россияга қарши янги санкциялар пакетига Хитойнинг уч ширкати ва Ҳиндистоннинг бир ширкатини киритгани ҳақида хабар қилган. Нашр мақоласида санкциялар Шри-Ланка, Туркия, Таиланд, Сербия ва Қозоғистондаги ширкатларга ҳам дахлдор бўлиши қайд этилган эди.

Навальнийнинг онасига ўғлининг жасади кўрсатилди, Россия расмийлари мухолифатчининг махфий равишда дафн этилишини талаб қилишмоқда

Людмила Навальнаяга кўра, расмийлар ундан ўғлини “видо маросимисиз, яширинча” дафн этишни сўрашган.
Людмила Навальнаяга кўра, расмийлар ундан ўғлини “видо маросимисиз, яширинча” дафн этишни сўрашган.

Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила Навальнаяга ўғлининг жасади кўрсатилган. Бу ҳақда у 22 февралдаги видеомурожаатида маълум қилган. Бунгача сиёсатчининг ҳақиқатан ўлганини давлат расмийларидан бошқа бирор мустақил манба тасдиқлаган эмасди.

Людмила Навальная ўғлининг жасади ўзига 21 февраль оқшомида Салехард шаҳри моргида кўрсатилгани, бироқ жасад оилага берилмаганини билдирган.

Навальнаяга кўра, уни ўликхонага “яширинча” олиб бориб, ўлим ҳақидаги гувоҳномага имзо қўйдиришган. “Улар жасадни бермай, ўғлимни қаерда, қачон ва қандай дафн қилиш борасида шарт қўйиб, қонунни бузишяпти”, деган Людмила Навальная.

Аёлга кўра, терговчилар унинг олдида “ё Кремлдан, ёки Тергов қўмитаси марказий идорасидан” кўрсатма олиб туришган.

“Улар дафн маросимининг ҳеч қандай видо маросимисиз, яширинча ўтказилишини исташяпти. Қўйиб берсангиз, ўзлари бирор ерга кўмиб юборишса, лекин мен бунга рози бўлмайман”, деган Навальная ўғлининг дафн маросими оммага ошкор йўсинда ўтказилишини хоҳлаётганини таъкидлаган.

“Улар мени шантаж қилиб, Алексей қаерда, қачон ва қай йўсинда дафн этилиши кераклиги ҳақида менга шарт қўйишяпти. Терговчи Воропаев менга очиқдан-очиқ: “Вақт сизнинг фойдангизга ишлаётгани йўқ, мурда чирий бошлаган”, деб айтди. Менга ҳеч қанақа алоҳида шарт-шароит қилиб берилишини истамайман. Мен шунчаки барчаси қонун доирасида амалга оширилишини хоҳлайман, холос”, деган Навальная.

Людмила Навальная ўғли Алексей қамоқхонада вафот этгани маълум бўлганидан бери унинг жасадини кўрсатишни талаб қилиб келаётган эди. Қамоқхона расмийларига кўра, 47 ёшли Навальний 16 февраль куни одатий сайрдан қайтаётган пайтда йиқилиб, вафот этган.

Людмила Навальная ўғлининг жасади берилишини талаб қилиб, 21 февраль куни судга даъво аризаси киритган. Ёпиқ эшиклар ортидаги суд мажлиси 4 мартга белгиланган. Навальная ўғлининг жасадини олишда ёрдам сўраб 20 февраль куни Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат йўллаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG