Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:49

Санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтди


Тожикистонда жиноятчиликда гумонланган шахсларни ҳибсга олишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди. 1935 йилдан буён илк бор Тожикистон судлари шундай ҳуқуққа эга бўлди.

Куни-кеча Тожикистон президенти Имомали Раҳмон имзо чеккан суд ҳокимияти ислоҳоти дастури, шунингдек, божхона ва солиқ идоралари ваколатларини ҳам қисқартиришни назарда тутади.

Мазкур дастур доирасида Маъмурий ва Жиноят кодекслари, қонунчиликка оид бошқа ҳужжатлар ҳам такомиллаштирилади.

Тожикистон Конституциявий суди раиси Ҳизбуллоҳ Хожаев мамлакатда суд ислоҳотига оид янги дастур қабул қилинганини олқишлади.

“Биз масаланинг бу тарзда ҳал бўлишини олқишлаймиз. Суддан бошқа идораларга фуқароларни ҳибсга олиш ёки озодликдан маҳрум этиш ҳуқуқи берилмаслиги лозим”, - деди Ҳ.Хожаев.

Мустақил ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов ҳибсга олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши халқаро меъёрларга мос келишини таъкидлади.

“Биз айнан шундай ҳужжатни бир неча йил илгари тайёрлаб, парламентга киритган эдик”, - деди мустақил ҳуқуқшинос.

Тожикистон Бош прокуратураси ва Душанбе шаҳри прокуратурасидан янги дастурга оид фикрларини билишга уриниш натижасиз тугади. Бундан аввалроқ прокуратура вакилларидан бири прокуратура мазкур дастурга оид олти саҳифадан иборат таклифлар президент маъмуриятига юборилгани, лекин бу таклифлар дастурда ўз аксини топмаганини билдирган эди.

2012 йилгача мўлжалланган суд тизими ислоҳотига оид дастурнинг тўла матни мамлакат нашрларида ҳали расман эълон қилингани йўқ.
XS
SM
MD
LG