Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:14

Қозоқ мухолифати Австрия суди қарорига жиддий муносабат билдирмаган ҳукуматни танқид қиляпти


Қозоғистон мухолифати Австрия судининг Роҳат Алиевни юртига экстрадиция қилмаслик тўғрисидаги қарорига Қозоғистон ҳукумати тегишлича расмий жавоб қайтармаганидан норозилик билдирмоқда.

Социал демократик партия етакчиларидан бири Тўлаган Жукеев мухолифат Р.Алиев Қозоғистонга келтирилиб, содир этган жиноятлари учун жавоб беришини исташини маълум қилди.

“Биз бу ишни ўз ҳолича қолдирмаймиз. Биз ҳукуматнинг бу борадаги позициясини тушунмаяпмиз. Ҳукумат Австрия суди қарорига қарши қандай жавоб қайтаришни билмаяптими ёки бу ишда тажрибаси етишмаяптими, айтиш қийин”, - деди Т.Жукеев.

Мухолифат фикрича, агар мамлакат ҳукумати Австрия суди қарорига расмий муносабат билдирмаса, бу Қозоғистон обрўсига катта путур етказиши мумкин.

Шунинг учун мухолифат Қозоғистон Р.Алиевнинг қайтарилиши бўйича принципиал сиёсат юритиши шартлиги, аввало, Қозоғистоннинг Австриядаги элчисини Остонага вақтинча чақириб олиш ва Австриянинг Қозоғистондаги элчихонасига норозилик нотаси юбориш кераклигини таъкидламоқда.

Вена суди Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси, президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви ўз юртига экстрадиция қилинмаслигининг икки сабабни келтирган. Биринчиси, Р.Алиевга қарши тўпланган ҳужжатлар далилсиз экани, иккинчиси, Қозоғистонда унинг устидан обьектив ва адолатли суд бўлишига кафолат йўқлиги.

Мухолифат Австрия суди Р.Алиев фойдасига қарор чиқарганига Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг профессионаллик даражаси пастлиги сабаб бўлгани исботини топса, бош прокурор ва ички ишлар вазири истеъфо бериши кераклигини айтмоқда.

Айни пайтда мухолифат Р.Алиев устидан Австрия судига тақдим этилган ҳужжатлар жамоатчиликка ошкор этилишини талаб қилаётир.

Р.Алиев Венада анча хотиржам яшаш имкониятига эга бўлган бир пайтда унинг Қозоғистондаги мулклари бошқалар томонидан ўзлаштириляпти. Унинг “Нурбанк”даги акциялари собиқ хотини Дариға Назарбоева ва тўнғич ўғли Нурали Алиев қўлига ўтди. Шунингдек, Дариға собиқ эрининг медиа активларини ҳам аста-секин қўлга киритяпти. Куни-кеча у Р.Алиевга тегишли бўлган “Алма-медиа” холдингининг асосий акция пакетларини қўлга киритаётгани ҳақида маҳаллий матбуот хабар тарқатди. Бундан аввал Р.Алиевнинг “Газета.кз” ахборот агентлиги буткул ёпилган бўлса, яқинда “Қозоғистон тудей” ахборот агентлиги Д.Назарбоева ихтиёрига ўтгани маълум бўлди.

Р.Алиевнинг медиа активларини Дариға сотиб оляпти, деган гаплар тарқаганига қарамай, унинг ўзи ҳеч бир ахборот агентлигини сотмаганини айтмоқда. Р.Алиевнинг медиа активлари кимнинг қўлига қандай ўтиб қолаётгани бўйича расмий хабарлар йўқ.

“Илгари Р.Алиев ўзгалардан медиа холдингларни куч билан, текинга тортиб олган бўлса, ҳозир унинг Қозоғистонда йўқлигидан фойдаланганлар унга тегишли бўлган мол-мулкни бепул ўзлаштириб олмоқда”, - дейди мухолифат вакили Бўлат Абилов.
XS
SM
MD
LG