Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Серияли қотилликда айбланаётган кимса устидан суд бошланди


Тожикистон Олий судида Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва тўрт фуқарони ўлдиришда айбланаётган ўзбекистонлик 32 ёшли Шерали Эргашев устидан суд жараёни бошланди.

Суд мажлиси Қашқадарёнинг Қарши шаҳридаги Гулистон маҳалласида туғилган Ш.Эргашевни ўзларига топширишни сўраган даъвогарларнинг кичик тўполони билан бошланди. Жигарбандлари қотил қўлида ҳалок бўлган жабрдийдалар судланувчига қарата қўлига тушган нарсани ота бошлади.

Судья тартиббузарларни огоҳлантириш бериб тинчлантиргандан сўнг Тожикистон Жиноят кодексининг икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш, давлат чегарасини ноқонуний бузиш, балоғат ёшига етмаган шахсни ўлдириш, номусга тажовуз каби олтита моддаси бўйича айбланаётган Ш.Эргашев устидан суд мажлиси бошланди.

Олий суд судъяси Юсуфжон Салимов ўқиб эшиттирган айблов хулосасига кўра, 2001 йил 9 мартда ўгай синглисини қасддан ўлдирган Ш.Эргашев Қашқадарё вилояти суди томонидан аввалига ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бироқ Ўзбекистон Олий суди бу жазони 20 йиллик қамоқ билан алмаштирган. Кейинроқ амнистия асосида унинг қамоқ муддати яна 6 йилга қисқартирилган.

2004 йил 4 октябрда Қашқадарёдаги 64/7-ахлоқ тузатиш колониясидан қочган Ш.Эргашев шу куннинг ўзида ўзбек-тожик чегарасидаги Эшонқишлоқ чегара постидан ноқонуний тарзда Тожикистонга ўтган. Ўта хавфли жиноятчи 2005 йил бошларида Душанбега келиб, нонвойхонага Али исми остида ишга жойлашган.

Айблов хулосасида келтирилишича, шу пайтдан бошлаб Ш.Эргашев бойиш мақсадида ўзининг жиноий режаларини амалга ошира бошлайди. Унинг илк қурбони Душанбенинг Бухоро кўчасидаги 50-уйнинг 47-хонадонида яшаган Мадина Орипова бўлади. Айбланувчи уни пичоқлаб ўлдириб, қонга ботган жасад билан жинсий ҳирсини қондиради. Марҳуманинг уйидан “Самсунг” видеокамераси, видеомагнитафон ва бошқа нарсаларни ўғирлайди. Бир қанча вақтдан кейин ўғирланган видеомагнитафонни Қаршидаги қайнотасига совға қилади.

Қотилликни касб қилган Ш.Эргашев ўша йилнинг мартида Саъдий Шерозий кўчасидаги 27-уйда истиқомат қилган 20 ёшли Сабина Тўраевани ҳам шу тариқа ўлдиради.

Қотил қурбонлари бўлган қизлар орасида вояга етмаган Манижа Остонаева ҳам бор. Неъмат Қорабоев кўчасидаги 4-уйда истиқомат қилган 11 ёшли М.Остонаева ўтган йил июлда Ш.Эргашев томонидан бўғиб ўлдирилган ва бу уйдан ҳам буюмлар ўғирланган.

Манижанинг момоси Латофат Раҳимова жиноятчининг Тожикистонга келиб, қотилликлар содир этишида тожик чегарачиларини ҳам айблади. У қотилни пул эвазига чегарадан ноқонуний ўтишига йўл қўйиб берган чегарачилар ҳам жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Судья айблов хулосасини ўқиб эшиттираётган пайтда судланувчи Ш.Эргашев бош ирғаб, унинг гапларини тасдиқлаб турди.

Тожикистон Бош прокуратураси томонидан судланувчига адвокат этиб тайинланган Файзинисо Акрамова Ш.Эргашев айбдор топилса, қолган умрини қамоқда ўтказиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG