Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:30

Газеталар Бишкек саммити ҳақида нималарни ёзмоқда?


Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 16 август куни Бишкекда ўтган саммити ишини кузатган дунёнинг 560 ахборот воситаси мазкур учрашув ва унда қабул қилинган ҳужжатлар юзасидан турлича фикр билдирмоқда.

“Вечерний Бишкек” газетасининг 17 август сонида саммитга кузатувчи сифатида келган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотни кутиб олиш пайтида содир этилган дипломатик хатолар тўғрисида гап боради.

Мақолада ёзилишича, Эрон президентини Қирғизистон давлат котиби Адахон Мадумаров кутиб олиши керак бўлган. Бироқ у Ўзбекистон делегациясини кузатиб боргани учун эронликларни кутиб ололмаган. Бунинг аччиғига Эрон президенти қирғиз парламенти раиси Марат Султонов билан учрашувдан кескин бош тортган. Ниҳоят чоп-чоплардан сўнг Эрон раҳбари қирғиз парламенти раисини ўзи яшаётган меҳмонхонада қабул қилишга розилик берган.

Қирғиз матбуоти мана шу ҳолатни ҳисобга олмаганда Бишкек саммити олий даражада ўтказилганини айтмоқда. Халқаро кузатувчилар ҳам Бишкек саммити мўътадил руҳда ўтганини таъкидлаётир.

Айни пайтда қирғизистонлик сиёсатшунос Бақит Бешимов ШҲТ умумий муаммоларни ҳал этиш салоҳиятига эга эмаслигини, шунинг учун ҳар ким ўз муаммосини ўртага ташлаётганини билдирди.

“Масалан, саммитда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сув захираларидан ҳамкорликда фойдаланиш масаласини кўтарди. Лекин бу масалада ҳар бир давлатнинг ўз қараши бор. Ўзбекистон сувдан бепул фойдаланиш тарафдори, сув захираларини сақлаш учун катта маблағ сарфлаётган Қирғизистон ва Тожикистон сувни сотишни таклиф қилмоқда. Ҳали бу масалада давлатлар ўзаро тил топиша олгани йўқ”, - деди Б.Бешимов.

Москвада нашр этиладиган “Время новостей” газетасининг ёзишича, Бишкек саммити ШҲТни аксилНАТО тузилмасига айлантириш истаги йўқлигини намоён этган.

“Агар бу ташкилот ҳарбийлашувга эътибор қаратса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг умри қисқаради. Шунинг учун ташкилотга аъзо давлатлар ҳозирча бундан манфаатдор эмас”, - деб ёзади “Время новостей”.

Қирғизистонлик сиёсатчи Эркинбек Алимбеков фикрича, ШҲТ учун ҳарбийлашувдан кўра иқтисодий-ижтимоий масалаларга диққат қаратиш манфаатлидир.

“Бу ташкилотнинг келажаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва бундай муаммоларга дуч келаётган аъзо давлатларга кўмак кўрсатишдадир. Ана шундагина ШҲТ чинакам ҳаётий ташкилотга айлана олади”, - деди Эркин Алимбеков.

Москвада нашр этиладиган “Независимая газета” эса Россия Мудофаа вазирлиги расмийсига таянган ҳолда Кремль ШҲТга “ҳарбий мундир” кийдириш истагида эканини билдиради.

“АҚШ ва НАТОнинг дунёни бошқаришга интилишига қарши муқобил куч юзага келмоғи даркор. Москвага бу борада сўзсиз ҳамкорлар керак ва бу ҳамкорлар мураккаб минтақа бўлган Осиёдан қидирилади”, - деб ёзади “Независимая газета”.

Матбуотда ШҲТ саммитига оид жиддий мақолалар билан бир қаторда учрашувга боғлиқ қизиқарли маълумотлар ҳам эълон қилинган. Шундай мақолалардан бирида президентлар учун ёзилган дастурхон таомномаси келтирилган бўлиб, унга ишонилса, президентлар дастурхонига фақат қирғиз миллий салатлари ва миллий таомлари тортилган.
XS
SM
MD
LG