Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

Қирғизистон ҳукумати “нон интервенцияси”ни бошлади


Қирғизистон ҳукумати 29 августдан мамлакатда “нон интервенцияси” бошлаганини эълон қилди. Ҳукумат ички бозорда нон ва нон маҳсулотлари нархи қимматлаб кетганига қарши шундай чора қўллашга мажбур бўлмоқда.

Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Аҳмаджон Маҳамадов мамлакатдаги қимматчиликка қўшни давлатлардаги қурғоқчилик сабаб бўлганини билдирди.

“Бунинг оқибатида Қозоғистон 1 тонна буғдойга 170 доллардан нарх қўйди. Авваллари биз буғдойни 130 доллардан сотиб олар эдик. Ун нархининг бирданига 40 долларга кўтарилиши қимматчиликнинг асосий сабабидир”, - деди вазир ўринбосари.

Қирғизистон Миллий банки раҳбари Марат Алапаев қимматчилик инфляция кучайишига сабаб бўлганини, вазият шу тарзда қолаверса, йил охиригача пулнинг қадрсизланиши 9 фоиздан ошиб кетишини маълум қилди.

“Қозоғистон ва Россияда буғдой нархи кўтарилиши бизда қимматчиликни бошлаб берди. Нон маҳсулотлари Қирғизистон озиқ-овқат бозорининг 16 фоизини эгаллайди. Бу жуда катта кўлам бўлгани учун ҳам инфляцияни кучайтирмоқда. Йил охиригача инфляция 9 фоизга етиб қолади. Агар нарх яна кўтарилса, инфляция даражаси бундан ҳам кўпроқ бўлади”, - деди Марат Алапаев.

Қирғизистонда қимматчилик июль ойида бошланди. Авваллари 17 доллардан сотилган бир қоп ун нархи бир кун ичида 26 долларга кўтарилиб кетди.

Қирғизистон ҳукумати эълон қилинган “нон интервенцияси” нарх-наво тушишига олиб келишига умид қилаётир. Шунинг учун ҳам ҳукумат давлат захирасидаги унни 19 доллардан сотувга чиқарди. Шаҳар кўчалари ва маҳаллаларда ҳукумат захирасидаги ун сотилмоқда. Бундан ташқари, нонвойхоналар ҳам ҳукумат унини сотиб ола бошлади. Бу эса донаси 10 сом, яъни 26 центдан сотилаётган нон нархининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

“Нон интервенцияси” дастури доирасида ҳукумат нонвойхоналар тўлайдиган солиқлар миқдорини кескин камайтирди. Қолаверса, ҳукумат мамлакатга 20 тоннагача ҳажмдаги буғдой имтиёзли олиб кирилишига рухсат берди.

Бишкекни ун ва нон билан таъминловчи ишбилармонлар Қирғизистон ҳукумати аввалроқ маҳаллий деҳқонларни молиявий ҳимоялаш тадбирларини кўрганида қимматчилик юз бермаган бўлишини айтади.

“Бозорга етарли даражада ун чиқмай қолди. Ун, асосан, Ўзбекистонга сота бошлади. Шунинг учун ун нархи кўтарилиб кетди. Чунки Қирғизистонга нисбатан Ўзбекистонда ун қимматроқ эди. Қирғизистон ҳукумати деҳқонларни молиявий ҳимоялаш чорасини кўрганида улар унни ўзимизнинг бозорда сотган бўларди”, - дейди ишбилармон Каникей Апиева.

Фермер Арап Ташанов ҳам ҳукумат деҳқонлар аҳволи билан қизиқмай қўйганидан шикоят қилди.

“Ерларимизни ўт босиб кетди. Ҳукуматнинг иши йўқ, деҳқонларда эса маблағ йўқ. Ҳукумат ҳеч бўлмаганда бизни кимёвий ўғит билан таъминласа, бу йил нон қимматламаган бўлар эди”, - деди деҳқон.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда буғдой экиладиган майдонлар йил сайин камайиб бормоқда. Бу йил 40 минг гектар майдонга буғдой сепилмай қолган.
XS
SM
MD
LG