Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:48

Ўзбекистон Тожикистон билан чегарасини ёпиб қўйди


Ўзбекистон қўшниси Тожикистон билан чегарани ҳеч қандай расмий огоҳлантиришсиз бир томонлама ёпиб қўйди. Визаси бўлишига қарамай, тожик ва ўзбек фуқаролари чегаралардан ўтказилмаётир.

“Озодлик” мухбири тожик-ўзбек чегара ҳудудига етиб келганидан бир соат ўтиб бир неча киши Ўзбекистон чегара постидан норози қиёфада ортга қайтаётганига гувоҳ бўлди.

Ўзини Саломат деб таништирган ёш болали аёл ўзбекистонлик эканини ва Турсунзода туманидаги кекса ота-онасини кўриш учун икки ҳафта илгари Тожикистонга ўтганини маълум қилди. У Қаршига, қайнотасининг уйига кетаётганини, аммо икки йиллик визаси ва Ўзбекистон паспорти бўлишига қарамай, ўзбек чегара постидан ортга қайтарилганини айтди.

Бошқа бир суҳбатдош Гулчеҳра Ҳайитова сўзларига кўра, сўнгги беш йил давомида биринчи марта чегарада ана шундай қаттиқ тартиб ўрнатилганига гувоҳ бўлмоқда. Ҳар йили мустақиллик байрамларида ҳам чегара ҳудудида яшовчи ўзбек ва тожик фуқаролари ҳужжатлари расмийлаштирган бўлса, бемалол у ёқдан бу ёққа ўтиб турган.

Ўзбекистон ҳукумати Мустақиллик байрами арафасида мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтиргани сабабли чегарада шундай тартиб жорий қилингани айтилаётир.

Бироқ “Озодлик” мухбири чегара постида сарфлаган уч соатлик вақти мобайнида Россия ва Қозоғистон фуқаролари тегишли ҳужжатларини кўрсатиб, чегаранинг ҳар икки томонига бемалол ўтаётганига гувоҳ бўлди. Чегарадан фақат Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўтказилмаётган эди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев Ўзбекистон ҳукуматининг чегарани ёпиши сабаблари расмий Душанбега номаълумлигича қолаётганини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати томонидан бизга бирорта расмий хабар берилгани йўқ. Чегаранинг бутунлай ёпиб қўйилиши бизга ҳозирча тушунарсиз қолмоқда”, - деди Д.Назриев.

Чегарадан қайтарилаётган йўловчилар паспортида Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси томонидан қўйилган виза бор эди. Улар ҳужжатларни расмийлаштириш учун маблағ ва вақт сарфлашгани айтиб, агар чегара батамом ёпилар экан, фуқароларга виза беришнинг нима ҳожати борлиги тушунмай турарди.

“Озодлик” мухбири худди шу савол билан Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига мурожаат қилди. Элчихона ходими Юрий Семёнов чегаранинг бир томонлама ёпиб қўйилиши сабаблари элчихонага ҳам тушунарсиз қолаётганини ва бу борада расмий Тошкент ҳеч қандай тушунтириш бермаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG